Линклар

logo-print

Сариосиёнинг “олтин фермер”и ҳибсга олинди

  • Садриддин Ашур

Сурхондарё расмийлари "эр киши ер сотмайди, ер сотган эр бўлмайди", деган нақлни эслаб қолган кўринади.

Сурхондарё расмийлари "эр киши ер сотмайди, ер сотган эр бўлмайди", деган нақлни эслаб қолган кўринади.

Республика бўйича энг илғорлардан бири деб саналадиган сариосиёлик фермер Абдулло Тошев ер сотганлик ва бошқа иқтисодий жиноятларда айбланмоқда.


Сариосиёдаги Озодлик манбасининг айтишича, сўнгги пайтда Сариосиёнинг тинчи бузилганга ўхшайди. Илгари ҳокимият эркатойларидан бўлган фермерлар қаттиқ текширувга олиняпти ва улардан баъзилари ҳибсга олиняпти, дейди суҳбатдошимиз.

Манбага кўра, “Ўзбекистон” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида 100 гектардан ортиқ ери бўлган фермер Абдулло Тошев, беш кун олдин суд санкциясига кўра ҳибсга олинган.

- Сариосиëдан Тошев Абдулла деган фермер қамоққа олинган. 85та одамга ер участка бериб юборган. Одамларга ер сотганда, фермернинг ери борку. Фермерга ер беради ғалла эк деб. Шундан сотган. Ҳоким билан келишиб сотган экан. Ҳозир қамоқда,- дейди сариосиёлик манба.

Сариосиё туманида истиқомат қилаётган Озодликнинг бошқа бир манбасига кўра, Абдулло Тошев аслида ҳокимият билан бирга “ишлади” ва ғайриқонуний ишлари учун энди унинг бир ўзи жавоб берадиган бўлди:

- Абдулло Тошев республика бўйича энг илғор фермер, “олтин фермер” деган унвонга сазовор бўлган эди. Аслида унинг ўзи бу унвонга умуман лойиқ эмас, чунки унинг “муваффақиятлари” ҳаммаси переписка билан қилинган ишлар, ҳокимларнинг обрўйи учун қилинган ишлар. У роса кўп одамга ер сотган, ўн минг долларгача сотган, дейишяпти. Ҳозир ер сотиб олган одамлар ўзлари бориб, показание беришяпти, шунча пулга ер сотиб олдим, деб,- дейди манба.

Бу манбанинг айтишича, айни пайтда Абдулло Тошевга 167 тонна пахтани сотиб олганлик айби ҳам қўйилган. Шунингдек, буғдой топшириш режасининг бажарилишида ҳам переписка борлиги аниқланган.

Абдулло Тошевнинг маҳаллий жиноий гуруҳлар билан алоқаси бўлганлиги ва илгари уч марта қамалиб чиққанлиги айтилади. Озодлик манбасига кўра, сариосиёликлар маҳаллий мафиянинг аъзоларидан бири деб таърифлайдиган Абдулло Тошев умрида қўлига кетмон ҳам ушламаган:

- Бу одам Сурхондарёнинг энг катта пулдор мафияси билан биродар-дўст бўлган. Зўравонлик, қўрқитиш билан ҳамма ишларини бажариб юрган. Ўша жўралари ҳозир прокурор, судни эшигида югур-югур қилиб юрибди,- дейди Озодлик манбаси.

Хабарларга кўра, Сариосиё тумани Ер кадастри идораси бошлиғи Ғулом Самадов устидан ҳам жиноят иши очилган.

Шунингдек, туманнинг ўзига тўқ ва катта мулки бор бир қанча бошқа фермерлари устидан ҳам жиноят ишлари очилгани айтилмоқда.

Бу каби иқтисодий жиноятлар Сариосиё туманининг собиқ ҳокими Нормўмин Чориев ҳокимлиги вақтида рўй бергани айтилади.

Бироқ, Сариосиё туманининг собиқ ҳокими Нормўмин Чориев Ислом Каримовнинг 2 декабрдаги фармони билан Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчиси этиб тайинланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG