Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:33

Айний аэродроми Ҳиндистонга берилдими?


Тожикистондаги Айний аэродроми Ҳиндистонга ижарага берилгани ҳақидаги хабар Душанбе томонидан рад этилди.

World Politics Rewiew интернет сайтида Тожикистондаги Айний ҳарбий аэродроми Ҳиндистонга ижарага берилгани хабар қилинган.

Матбуот хабар берди, расмий Душанбе рад этди

Мазкур нашр Тожикистоннинг Айний ҳарбий аэродромини қайта қуриш ишларида қатнашаётган ҳиндистонлик мутахасисдан олинган маълумотларга таяниб, “Душанбе-Москва-Деҳли ўртасида ана шундай яширин шартнома имзолангани” ни хабар қилади.

World Politics Rewiewнинг ёзишича, Ҳиндистон ҳукумати Тожикистоннинг Айний ҳарбий аэродромини қайта қуриш учун тахминан 70 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлаган ва эндиликда Ҳиндистон бу аэродромдан Афғонистон, Покистон шимоли ва Хитой ғарбини назорат қилиш имконига эгадир.

Хорижий нашр муаллифларининг билдиришича, расмий Душанбе Ҳиндистон билан Пекин ва Исломобод ўртасидаги мавжуд баҳсларни назарга олган бу масалани шарҳлашдан тийилмоқда.

Аснода Тожикистон Мудофа вазирлигининг матбуот котиби Фаридун Маҳмадалиев Айний аэродроми ижараси юзасидан бирорта мамлакат билан шартнома имзоланмаганини таъкидлади.

- Айний ҳарбий аэродромидан биргаликда фойдаланиш ёки ижарага бериш борасида бирорта мамлакат билан шартнома имзоланмаган. У ерда мавжуд барча ҳарбий техника фақат Тожикистоннинг ўзига тегишли. Бирорта мамлакат ҳарбий техникасини вақтинчаликка ҳам бу ерга киритмаган, - дея билдирди тожик расмийси Маҳмадалиев.

"Бу хабарда жон бор", дейишмоқда таҳлилчилар

Стратегия масалалари бўйича россиялик мустақил таҳлилчи Юрий Биали ҳозирги шароитда Тожикистон, Ҳиндистон ва Россия ўртасида бу каби ҳамкорликнинг бўлишига шубҳа қилмайди.

Унинг мулоҳазасича, НАТО ва АҚШ кучларининг Афғонистондан олиб чиқилиши муносабати билан Тожикистон, Ҳиндистон ва Россия ўртасида янги стратегия ва ҳамкорлик вужудга келиши мумкин.

- Ҳиндистоннинг Россия билан ҳамкорликда ўз ҳарбий қирувчиларини Тожикистон ерига жойлаштиришига оид хабарлар фикрларимиз далилидир,- дейди россиялик таҳлилчи Биали.

Айний ҳарбий аэродромининг ижарага берилишига оид баҳслар матбуотда бир неча йилдан буён кузатилиб келади.

Бу гал Айний баҳси Ҳиндистон Бош вазири Манмохан Сингҳнинг Москвага сафари билан бир вақтга тўғри келди.

15 декабр куни Москва шаҳрига учишидан олдин Ҳиндистон ҳукумати расмийси Россияни “Ҳиндистоннинг ишончли дўсти” дея атаган.

Ҳиндистон Бош вазирининг таъкидича, Россия “ Ҳиндистон саноати, ядровий энергетикаси, космик дастурлари ва мудофаа соҳаси ҳамда қуролли кучлар модернизациясига улкан ҳисса қўшган”.

Айний аэродромига Россия ҳам харидор бўлган

Душанбе шаҳридан 15 километр нарида жойлашган Айний аэродроми 1991 йили Тожикистонда бошланган фуқаролар уруши оқибатида фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолганди.

Айний ҳарбий аэродроми сўнгги беш йил мобайнида Ҳиндистон ҳукумати ажратган 20 миллион АҚШ доллари эвазига тўла таъмирдан чиқарилганди. Ҳиндистон Айний базасини таъмирлаш баробарида Тожикистон Мудофаа вазирлигига иккита вертолёт ҳам совға қилган.

Айни пайтда Тожикистон Мудофаа вазирлиги мулки саналган мазкур ҳарбий аэродромнинг парвоз йўлаги 3200 метрни ташкил қилади.

Душанбе яқинидаги Айний аэродроми бир неча йилдан буён Россия, Ҳиндистон ва Америка ҳукуматлари диққат марказида бўлиб келмоқда.

Июн ойи сўнгида Душанбега иш сафари билан келган Россия президенти маъмурияти раҳбари Сергей Наришкин ва Россия мудофаа вазири Анатолий Сердюков Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан Айний ҳарбий аэродроми масаласиида музокаралар олиб борган эди. Россия мудофаа вазири Сердюков жаноблари журналистлар билан учрашув чоғида музокара натижасиз якунланганини билдирганди.

Норасмий маълумотларга кўра, айнан Айни аэродроми атрофидаги музокараларнинг чўзилиши ортидан Тожикистон иқтисодиёти бир миллиард 200 миллион сомоний зарар кўрган.
XS
SM
MD
LG