Линклар

Тошкент бозорларида сифатсиз гўшт арзон нархда сотиляпти, бироқ, яхши ва сифатли гўштнинг нархи деярли тушгани йўқ.


Янги йил арафасида Тошкент бозорларида гўшт нархининг арзонлагани ҳақидаги хабар, Озодликни яна бир бор бу мавзуни ўрганишга ундади.

Сўнгги норасмий хабарларга кўра, Ўзбекистонга хориждан киритилган жуда кўп миқдордаги гўшт, нархнинг арзонлашишига сабаб бўлган.

Бироқ Озодлик суҳбатлашган тошкентликлар ва расмийлар бу иддаоларни рад этди.

Тошкентлик тадбиркор Жаҳонгир Шосалимов пойтахт бозорларида хориждан келтирилган мол ва қўй гўштининг сотилаётганига гувоҳ бўлмаганини айтади. Унга кўра, Чорсу бозорида маҳаллий ориқ қўй ва мол гўшти 11-12 минг сўмдан сотилмоқда:

- Тўғри, гўшт нархи нисбатан бир оз пасайган. Лекин бунга холисанилло қараш керак. Мен ишончи қассоблардан мол гўштини 16 минг сўмдан олиб юрардим, шу пайтгача. Шу минг сўмга тушди, холос,- дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Суҳбатдошга кўра, сифатли гўшт нархининг бир оз арзонлашганига бозорнинг ўзи сабаб бўлган, чунки жанубий вилоятлардан ҳукуматнинг топшириғи билан келтирилган ориқ қўйлар гўштининг 11-12 минг сўмдан сотилаётгани нархларга таъсир қилган:

- Тошкент шаҳрига вилоятлардан гўшт интервенцияси бошланган. Оғирлиги 10-15 килограмм чиқадиган қўйлар гўшти тиқилиб кетган. Масалан мен ўзимнинг хонадонимга шу гўштни сотиб олмаган бўлардим. Энди, одамлар ноиложликдан олишяпти. Яхши гўшт эса қиммат,- дейди тошкентлик тадбиркор.

Жаҳонгир Шосалимов билан бўлган суҳбатнинг тўлиқ вариантини қуйида тингланг:



Тошкентнинг Ҳамза туманида истиқомат қилаётган пенсионер Абдуқаҳҳор Мусаев ҳам Тошкентда сифатли гўшт нархи кескин тушгани фактини инкор этади:

- Уч кун бўлди, қассоблар битта қўйимни сўйиб олиб кетишди. 55 килограмм гўшт қилди. Ҳар килосига 16,5 минг сўмдан нақд пул санаб беришди. Ҳозир ўшани 21 минг сўмдан сотишяпти. Гўшт арзон бўлибди деган гапни эшитиб ҳайрон бўлдим. Тўғри арзон гўштлар ҳам бор, лекин у ярамайди.

Мол гўштининг ҳам 18 мингдан ками йўқ. Лекин 11минг, 13 минг деб ёзиб қўйибди. Оламан десангиз ўша нархга тўғирлаб беради,- дейди Абдуқаҳҳор Мусаев.

Суҳбатдош, ем-хашак нархи осмонда бўлиб турган бир пайтда, гўшт нархининг пасайиши ақлга сиғмайдиган нарса, дейди:

- Ем нархи жуда баланд. Битта сигирим бор эди, болаларга сут-қатиқ бериб турадиган. Бўлмади, сотиб юбордим. Агар гўштга ҳўкиз боқаман десангиз, бир килограмм гўшт таннархининг ўзи 20 минг сўмга бориб қоляпти,- дейди тошкентлик пенсионер.

Озодлик Тошкентга хориждан гўшт олиб кирилгани ҳақидаги маълумотни текшириш мақсадида, “Ўзгўштсутсаноат” уюшмасига қўнғироқ қилди. Уюшманинг ўзини таништирмаган ходими, унда бундай маълумот йўқлигини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG