Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:56

Қозоғистон: Жанаўзенда фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати жорий қилинди


Қозоғистоннинг Жанаўзен шаҳрида 16 декабр куни намойишчилар ва полиция ходимлари ўртасида рўй берган тўқнашувда 10 киши нобуд бўлганидан кейин Қозоғистон президенти фавқулодда ҳолат ва коментдантлик соати жорий қилди. Шунга қарамай, хабарларга қараганда, шаҳарда кескин взият сақланиб қолмоқда.


Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев 17 декабр куни мамлакат ғарбида жойлашган Манғистау вилоятининг Жанаўзен шаҳрида фавқулодда ҳолат ва коментдантлик соати жорий қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Қозоғистоннинг 20 йиллик мустақиллиги даврида илк бор эълон қилинаётган фавқулодда ҳолат 5 январгача давом этиши билдирилган.

Президент фармонида иш ташлаш ва оммавий намойишлар ўтказиш тақиқланган ҳамда шаҳар ичида ва ташқарисида ҳаракат эркинлиги чекланган.

Қозоғистон мухолифатига қарашли хусусий Стан телеканалининг Жанаўзендаги мухбири Оркен Жўямерген Озодликка 16 декабр куни нефт заводидан ҳайдалган ишчилар ва полиция ходимлари ўртасида рўй берган тўқнашувда 10 киши нобуд бўлганига қарамай, 17 декабр куни шаҳар марказий майдонига одамлар яна йиғилганини айтди.

- Бугун эрталаб нефт заводи ишчилари яна Жанаўзеннинг Мустақиллик майдонига йиғилдилар. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари яна уларни ўраб олди. Намойишчилар қўлида оқ байроқчалар ва “Тинчлик” деб ёзилган шиорлар бор эди.

Кейин Жанаўзен прокурори келиб ишчиларни сўзлашув олиб боришга ундади. Прокурор, агар зарар етказилмаса, бузғунчилик қилинмаса ва талон-тарож бўлмаса, биз сизларга ҳеч нарса қилмаймиз, деб айтди, - деди Стан телеканали мухбири.

Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши йиғилишининг шанба кунги йиғилишига раислик қилган президент Назарбоев Жанаўзен шаҳридаги вазият назорат остига олингани ва тартибсизлик келтириб чиқарган шахслар жавобгарликка тортилишини таъкидлади.

Ундан олдин Қозоғистон ҳукумати назоратни кучайтириш учун Жанаўзен шаҳрига қўшимча куч ва зирҳли машиналар жўнатган эди.

КазМунайГаз давлат компаниясига қарашли завод расмийларига кўра, бази ишчилар тунги ва эрталабки сменага келмаган. Шунга қарамай, нефт заводида ишлаб чиқариш ҳажми камаймаган.

КазМунайГаз давлат компаниясига қарашли нефт заводининг юзлаб ишчиси маошлар оширилиши ва иш шароити яхшиланиши талаби билан олти ойдан ортиқ вақдан бери шаҳарнинг асосий майдонида намойиш ўтказиб келаётган эди. Полиция ходимлари майдонни намойишчилардан тозалашга уринган пайтда тўқнашув содир бўлди.


16 декабр куни ўтказилган матбуот анжуманида Қозоғистон Бош прокурори Асҳат Даулбаев хавфсизлик кучлари намойишчиларни ўққа тутганини рад қилди.

90 минг аҳоли яшайдиган Жанаўзендаги вазиятни холис баҳолаш учун мустақил манбаларда маълумот олиш қийин.

Ички ишлар вазири Калмуҳанбет Қосимовга кўра, 16 декабр кунги тўқнашув пайтида жароҳатланган 75 киши, жумладан, полициянинг олти ходими касалхонага олиб борилган. Вазир 70 киши ҳибсга олинганини маълум қилди.

Жанаўзен шаҳридаги тўқнашувдан сўнг Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари оддий фуқаролар хавфсизлиги борасида ташвиш билдирди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Нави Пиллейнинг идораси Қозоғистон ҳукуматини “воқеа юзасидан зудлик билан текширув ўтказишга ҳамда жамоат тартибини тиклашда ҳуқуқ-тартибот идораларининг меъёрдан ортиқ куч ишлатишига йўл қўймасликка” чақирди.
XS
SM
MD
LG