Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:29

UNIСEF: Қаровсизлик мардикорларнинг фарзандларига салбий таъсир қилмоқда


Бу ҳақда БМТ Болалар жамғармаси (UNIСEF) Тожикистондаги ваколатхонасининг ўтаётган ҳафтада эълон қилинган ҳисоботида айтилади.

БМТ Болалар жамғармасининг Тожикистондаги ваколатхонаси ўтган йил олти ойи давомида республиканинг Бобожон Ғафуров, Шуғнон туманлари ва Кўлоб ҳамда Ваҳдат шаҳарлари аҳолиси орасида меҳнат муҳожирлигининг оилаларга таъсири атрофида сўров ўтказганди.

UNIСEF 12 декабр куни эълон қилган ҳисобот хулосасига кўра, Россияда муҳожири бўлган оилалар меҳнат муҳожирлигининг ўз оиласига умумий таъсирини “жуда яхши” ва “яхши” дея баҳолаган.

Бироқ сўровда қатнашган оилаларнинг 33 фоизи бунинг аксини айтган. Бу оилалар, гарчи меҳнат муҳожирлиги оила бюджетига яхшигина даромад келтираётган бўлса-да, бунинг фарзандлар саломатлиги, таълим тарбияси ва умуман маънавий жиҳатдан етук бўлиб етишишига салбий таъсир қилаётганидан шикоят қилган.

Ана шундай фикрларни биз билан Рудакий туманида яшовчи Қундузой Ортихолова ҳам ўртоқлашди. Икки ўғил ва икки қизнинг онаси бўлган бу аёл 13 йилдан буён эри Россияда мардикорлик қилаётганини айтди.

- Албатта салбий таъсир қилаяпти. Ўғилларимнинг характери қизларнинг характерига ўхшаб қолаяпти. Болаларнинг тарбиясида албатта отанинг ҳам, онанинг ҳам таъсири бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Чунки ота болага жамиятга киришиб кетиши учун ёрдам беради, таянч бўлади. Аёл киши эса рўзғор ишларини ўргатиб боради, - дейди Қундузой.

Суҳбатдошимиз отаси Россияда бўлган ўсмирлар орасида жиноятчилик кўпроқ кузатилаётганини ҳам қўшимча қилди.

- Эри Россияда бўлган қўшниларимиздан айримларининг боласи кичкиналигидан тарбиядан чиқиб кетган, сигарет чекиб, ароқ ичади. Бозорда целофан сотиб, ўша баҳонасида бозорда ўғирлик қилади. Ҳозир ўшаларнинг айримлари улғайиб, Россияга борган ва у ерда ҳам ана шу жиноятлари учун қамалиб кетган, - дейди Қундузой.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон аҳолисининг 800 минги Россияда мардикорлик қилади. Норасмий маълумотларда эса тахминан бир ярим миллион тожикистонлик Россияда яшаб, ишлаётгани айтилади.

Ўн йилдан буён Москва шаҳрида ошпазлик қилаётган Олмахон Раҳимова кўп эркаклар Россияда уйланиб, ўз оиласини унутиб қўяётганини айтади. Аёлга кўра, айрим тошбағир оталарнинг ўз жигарбандлари тақдирига бефарқлилиги уларнинг келажагини савол остига қўймоқда.

- Масалан, бир ўртоғимнинг 9-синфни битирган ўғли уйда. У бола бирор ерда ишламайди. Шароит ёмонлигидан ўқишини ҳам давом эттира олмади. Бир кун у уйланиб, оила қуриши, бола боқиши керак. Бу ҳолда у қандай тирикчилик қилади - мен шунга ҳайронман, - дейди Олмахон Раҳимова.

Аёл ўзи ҳам турмуш ўртоғи билан кўп йиллардан буён ўзга юртда ишлаётганига қарамай, Тожикистондаги яқинлари ёрдамида фарзандларининг ҳаммасини касб-ҳунар соҳиби қила олганини ва бугун бу борада виждони тинч эканини қўшимча қилди.

Бошқа бир суҳбатдошимиз – 46 ёшли Жаҳонгул опа турмуш ўртоғининг юртдан йироқлиги фарзандлари тарбиясига ҳеч қандай таъсир қилмаслигини айтди.

- Чунки менинг болаларим туғилиб, юриб кетгунича отасини кўрмайди. Сал эси кириб қолгандан кейин отаси эшикдан кириб келса, бегона одамдек қабул қилади. “Болам” демаса, бир йилда бир марта телефон қилиб, бир марта келиб кетади. Унақа оталарнинг болалар ҳаётига ҳеч қандай таъсири бўлмайди, - дейди Жаҳонгул ая.

Жамиятшуносларга кўра, Россиядаги меҳнат муҳожирлиги сўнгги йилларда кўп оилаларнинг бузилиши ва отадан етим қолган юзлаб болаларнинг сарсон бўлишига сабаб бўлаётибди.

UNIСEF ташкилоти эълон қилган янги ҳисобот муаллифларининг таъкидича, оила бошлиғи Россияда ишлаётган оилаларнинг фарзандларида асабийлашиш, руҳан тушкунлик ҳолатлари отаси Россияга кетмаган болаларга нисбатан бир неча баравар кўпроқ кузатилади.
XS
SM
MD
LG