Линклар

Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида рўй берган янги тўқнашувжа бир одам нобуд бўлгани, 11 нафари яралангани хабар қилинди. Қозоғистон расмийлари вилоятдаги зўравонликлар учун нефт заводи ишчиларини айбламоқда.


Қозоғистондан олинган хабарларга кўра, мамлакат ғарбида жойлашган Манғистау вилоятида яна зўравонлик рўй бергани оқибатида бир киши нобуд бўлган, 11 нафари яраланган.

Жанаўзен шаҳридаги давлатга қарашли нефт заводидан ҳайдалган ишчилар ва полиция ходимлари ўртасида жума куни рўй берган тўқнашувда камида 11 киши нобуд бўлган эди.

17 декабр кунги воқеа бўйича прокуратура эълон қилган баёнотда Шетпе қишлоғидаги зўравон намойишчиларни тарқатиш учун полиция қурол ишлатгани маълум қилинган.

Мустақил манбалар томонидан тасдиқлашнинг имкони бўлмаган баёнотда билдирилишича, Шетпе қишлоғида намойишчилар темир йўл линиясини тўсиб қўйган ва 50га яқин одам локомотивга ўт қўйган.

Намойишчилар янги йил арчасини ёндириб ойналарни синдирган.

Баёнотда “безорилар” деб аталган бу гуруҳ фуқаролар ва полиция хавфсизлигига тахдид солгани учун полиция ходимлари уларга қарши қурол ишлатишга мажбур бўлгани таъкидланган.

Ҳужжатда ўқдан яраланган 12 киши касалхонага олиб борилгани ва улардан бири касалхонада жон бергани маълум қилинган.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Манғистаудаги вазиятни ўнглаш учун 17 декабр куни Жанаўзен шаҳрида 20 кунлик фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Президент имзо чеккан баёнотда иш ташлаш ва оммавий намойишлар ўтказиш тақиқланган, шунингдек, шаҳар ичида ва ташқарисида ҳаракат эркинлиги чекланган.

Нурсултон Назрбоев жорий қилинган тартибга риоя қилмаганлар жазога тортилишини таъкидлади.

- Қонунни бузган ҳар қандай шахч қаттиқ жазоланади. Буни унутмаслик керак. Бош прокуратура етакчилигида махсус гуруҳ тузилди, бу гуруҳ Жанаўзендаги воқеаларни пухта ўрганади ва қонунни бузган шахсларни аниқлайди. Улар доимий равишда шаффоф иш олиб боради. Лозим бўлса, гуруҳ хорижий экспертларни таклиф қилади, - деди Нурсултон Назарбоев.

Қозоғистон расмийлари рўй берган зўравонликлар учун нефт заводи ишчиларини айбламоқда.

КазМунайГаз давлат компаниясига қарашли нефт заводининг юзлаб ишчиси маошлар оширилиши ва иш шароити яхшиланиши талаби билан олти ойдан ортиқ вақдан бери Жанаўзен шаҳрининг асосий майдонида намойиш ўтказиб келаётган эди.

Қозоғистон мустақиллиги нишонланадиган 16 декабр куни полиция майдонни намойишчилардан тозалашга уринган пайтда тўқнашув келиб чиққан.

Жанаўзен шаҳридаги тўқнашувдан сўнг Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари оддий фуқаролар хавфсизлиги борасида ташвиш билдирди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Нави Пиллейнинг идораси Қозоғистон ҳукуматини “воқеа юзасидан зудлик билан текширув ўтказишга ҳамда жамоат тартибини тиклашда ҳуқуқ-тартибот идораларининг меъёрдан ортиқ куч ишлатишига йўл қўймасликка” чақирди.
XS
SM
MD
LG