Линклар

Жанаўзенда содир бўлган воқеалардан кейин 17 декабр куни Манғистау вилоятдаги Шетпе станциясида полиция билан тўқнашувда бир киши ҳалок бўлди.

Озодлик радиоси қозоқ хизматининг хабар қилишича, шанба оқшомида Манғистау вилоятида жойлашган Шетпе станциясида полиция билан тўқнашув чоғида 25 ёшли йигит бошига ўқ тегиши натижасида ҳалок бўлган, ўндан зиёд киши тан жароҳати олган.

Бу маълумотларни Қозоғистон Бош прокуратураси ҳам тасдиқлади. Прокуратура тарқатган матбуот варақчасида айтилишича, 50 чоғли безори полицияга фаол қаршилик кўрсатган, юк поезди тепловозини ёқиб юборган, вагонларга ичида ёнувчи суюқлик бўлган шишаларни улоқтирган. Сўнг улар Шетпе посёлкасидаги янги йил арчасига ўт қўйиб, дўконлар ва автомобиллар ойналарини синдирганлар.

Шунингдек, прокуратура хабарида безориларнинг ҳаракатига тўсқинлик қилмоқчи бўлган полициячилар ҳужумга учрагани, шундан сўнг улар қурол қўллашга мажбур бўлгани айтилади.

Дастлабки маълумотларга кўра, Манғистау туман касалхонасига ўқотар қуролдан жароҳатланган 12 киши келтирилган, улардан биттаси жон таслим қилган.

Эслатиб ўтамиз, кеча Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакат ғарбида жойлашган Манғистау вилоятининг Жанаўзен шаҳрида фавқулодда ҳолат ва коментдантлик соати жорий қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекканди. Қозоғистоннинг 20 йиллик мустақиллиги даврида илк бор эълон қилинаётган фавқулодда ҳолат 5 январгача давом этиши билдирилганди.

Комендантлик соати жорий қилинишига Жанаўзен шаҳрида 16 декабр куни намойишчилар ва полиция ходимлари ўртасида тўқнашув рўй бергани сабаб бўлган.

Мазкур тўқнашувда, расмий маълумотларга кўра, 10 киши ҳалок бўлган. Айни пайтда мухолифат Жанаўзенда 70 чоғли киши ҳалок бўлганини даъво қилмоқда. Жанаўзенда содир бўлган тўқнашув чоғида, шунингдек, камида 80 киши тан жароҳати олгани, 40 дан зиёд объект талангани ва ёндириб юборилгани айтилмоқда. Бироқ бу маълумотларни мустақил манбалардан тасдиқлатишнинг имкони бўлмаяпти.

Маълумотларга кўра, бугун тунда Олмаотадан Манғистау вилояти маркази бўлган Ақтау шаҳрига бир гуруҳ журналистлар учиб келганлар. Эрталаб улар Манғистау вилоят ички ишлар бошқармасига борганлар, бироқ уларни ҳеч ким қабул қилмаган. Шундан сўнг улар кечадан буён фавқулодда ҳолат жорий этилмиш Жанаўзен шаҳрига боришга рухсат олиш учун вилоят прокуратурасига борганлар. Бироқ журналистларга рухсатнома берилмаган. Манғистау вилоят прокуратураси аппаратининг раҳбари уларга раҳбарларнинг ҳаммаси Жанаўзенда экани, Жанаўзен билан телефон алоқаси йўқ бўлгани учун прокуратура ходимларининг ўзлари ҳам раҳбарлари билан боғлана олмаётганларини айтган. Шунингдек, вилоят прокуратураси вакиллари Жанаўзендаги вазият бўйича фақат Бош прокуратура изоҳ бериши мумкинлиги айтиб, бу борада ҳар қандай маълумот беришдан бош тортганлар.

Аснода, ҳамкасбларимиздан олинган маълумотларга кўра, Ақтау шаҳридаги Интимақ майдонига юзлаб кишилар йиғилган. Улар майдонга Жанаўзенда иш ташлаш эълон қилган нефтчиларга далда бериш учун келганларини айтмоқдалар.

Икки кун муқаддам Жанаўзенда бошланган тартибсизликларнинг ўз тарихи бор. Жанаўзенлик нефтчилар аслида норозилик намойишларини бундан етти ой муқаддам, аниқроғи, май ойида бошлагандилар. Ўшанда улар маошларини оширишни талаб қилиб майдонга чиққандилар. Нефтчиларнинг иш берувчиси бўлган Қозоғистон-Хитой қўшма корхонаси уларнинг талабини бажармаганидан кейин улар иш ташлаш эълон қилганлар. Шундан сўнг иш берувчи бир ярим минг нефтчини ишдан бўшатиб, улар ўрнига бошқа кишиларни ишга олган. Бундан норози бўлган жанаўзенлик нефтчилар баҳордан буён норозилик намойиши ўтказаётгандилар. Бироқ, нефтчиларга кўра, орадан шунча вақт ўтганига қарамай, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун улар олдига мамлакат расмийларидан ҳеч ким келмаган.

Хабарларга кўра, 1986 йил декабр ойида бўлиб ўтган Желтўқсан воқеаларининг 25 йиллигига бағишланиб кеча Олмаота шаҳрида ўтказилган митингда ҳам кўплаб жамоатчилик ташкилотлари вакиллари Жанаўзендаги норозиларга бирдамлик изҳор қилганлар. Расмийлар томонидан рухсат этилмаган бу митингда сўзга чиққан желтўқсончи Ҳасен Қўжа Ахмет норозилик юриши билан президент Нурсултон Назарбоевга қарашли “Нур Ўтан” партияси офисигача боришни таклиф қилган. Бироқ у ва ундан ташқари бир неча киши ўша ернинг ўзида полиция томонидан қўлга олинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG