Линклар

ФИФА ижроия қўмитаси йигирма ёшли қизлар ўртасида 2012 йили ўтказилажак жаҳон чемпионатини Ўзбекистонда ўтказиш қароридан воз кечди.

ФИФА сайтида эълон қилинган хабарга мувофиқ, бу қарор техник сабабларга кўра олинган.

Мазкур мусобақа даставвал Вьетнамда ўтказилиши керак эди. Бироқ ФИФА Вьетнам бу қадар йирик спорт анжуманини ўтказишга қодир эмас, деган қарорга келган. Шу важдан шу йил март ойида мусобақага мезбонлик қилиш Ўзбекистонга топширилганди.

16-17 декабр кунлари Токиода ўтган музокаралар натижасига кўра эса ФИФА ижроия қўмитаси Ўзбекистонни ҳам Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилган.

Айни пайтда ФИФА Ўзбекистон футбол федерациясига мазкур спорт анжуманига тайёргарлик борасидаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирган ва келажакда ана шундай йирик спорт тадбирларидан бирини Ўзбекистонда ўтказишга ваъда берган.

ФИФА баёнотида чемпионат ўтказиладиган мамлакат сифатида Япония таклиф этилгани, бироқ анжуманга мезбонлик қиладиган давлат номи Япония ҳукуматидан ЖЧни ўтказиш учун тегишли кафолат олинганидан сўнг эълон қилиниши қайд этилади.
XS
SM
MD
LG