Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:25

42 миллион долларлик қарор


Эрк партияси лидери Муҳаммад Солиҳ ўз вақтида Вацлав Ҳавел Ўзбекистон билан 42 миллион долларлик келишувдан воз кечиб, уни озод қилганини хотирлади.


18 декабр куни 75 ёшида оламдан ўтган таниқли чех диссиденти ва сиёсатчиси, Чехия республикаси собиқ президенти Вацлав Ҳавелни хотирлаган Эрк партияси лидери Муҳаммад Солиҳ шу вақтга қадар матбуот диққатидан четда қолган, дея бир воқеани эслади.

2001 йил ноябрида Муҳаммад Солиҳ расмий Тошкент талаби билан Прагада қамоққа олинган ва чех маҳкамаси Тошкент иддаоларини асоссиз деб топиб, Солиҳни озод қилган эди.

Муҳаммад Солиҳга кўра, ўша кезда бу қарор бир вақтлар собиқ совет тузумидан воз кечган ва иқтисоди аста-секинлик билан ривожланаётган Чехиянинг президент Вацлав Ҳавел етакчилигидаги раҳбарияти учун 42 миллион долларга тушган.

- Ўша пайтда Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги иқтисодий келишувлар бўйича Ўзбекистон Чехиядан арзон трамвайлар сотиб олиш иҳоласини имзолаган эди. Ўша иҳола, яъни тендернинг баҳоси, менимча 42 миллион доллар атрофида эди. Мен буни қамоқдан чиққандан кейин эшитган эдим, - дея хотирлайди Муҳаммад Солиҳ.

Унга кўра, ўша кезда давлатнинг кўпчилик амалдор ва сиёсатчилари босимларига қарамай Вацлав Ҳавел бу келишувдан воз кечган.

- Вацлав Ҳавел трамвайлардан воз кечиб, ўз эътиқоди , қалби ва юксак эътиқоди нимани буюрса, шуни бажариб бизни озод қилган эди. Ҳавелнинг характери бугунги модерн дунёда жуда ҳам кам учрайдиган характер эди. Унинг ҳаёти сиёсатчининг эътиқоди ҳақида ҳам биз учун буюк бир ўрнакдир, - дейди Эрк партияси лидери, Ўзбекистон Халқ ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳ.

Чехословакияда коммунистик тузумни тугатишда асосий рол ўйнаган таниқли сиёсатчи ва диссидент Вацлав Ҳавелнинг оғир хасталикдан 75 ёшида вақот этгани 18 декабр Шимолий Боҳемияда жойлашган Ҳавел идораси томонидан эълон қилди.

Ҳавел икки давлат - собиқ Чехословакия ва Чехия Республикаси - президенти, таниқли драматург, диссидент, Совет империяси интиҳоси даврининг ёрқин сиёсатчиларидан бири бўлиб тарихда қолди.

Вацлав Ҳавел 1989 йилда Чехословакияда коммунистик режимни қулатган “Бахмал инқилоби”га бошчилик қилган.

Шундан сўнг у Чехославакиянинг демократик йўл орқали сайланган биринчи президенти бўлган.

Қуйида Муҳаммад Солиҳ билан қисқагина суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.


XS
SM
MD
LG