Линклар

Шу кунларда Расий ТВларидан Санкт-Петербург ва Москва шаҳарларида бўлиб ўтган тинч митингларни кузатар эканман, беихтиёр қўшнимиз- қирғиз биродарларимизнинг бир эмас, икки президентини олдиларига солиб қувганлари ёдимга тушаверади.


Қувганда ҳам қандоқ, астойдил қувиб солдиларки, бечора президентлар юртбоши бўлганларига минг пушаймон бўлиб, қўрқувни зўридан орқага қарамасдан, ёш болаларга ўхшаб “Шэшиии!” деб йиғлаб юборган эканлар. (Ишонмайсизми? М.Горбачев ҳам йиғлаганку!).

Баъзи юртбошиларга ўхшаб ўз тилидан бошқа тилни устун қўйиб, қочар пайтида агар “Мааамааа, помоги, где тиии!”, деб юборса борми, қуваётганлар ўрис тилинда нажот сўраётганини эшитиб “ҳэ, маманғди!”, деб тезлиги икки карра ошишига сабабчи бўлар эди.

Халқи важохатидан қўрқиб қочган кейинги қирғиз раҳбари қайсидур ўрмонларда ҳали ҳам ўзига келолмай юрганмуш.

Шу гапларни эшитиб, ман Чўлпон амак "Халқ тўлқиндир", деб қўшни халқга айтиб кетган эканда, деб ўйландим.

Ўшанда қирғиз революциясини ТВдан кузатар эканман, Чўлпон амак ўша тўртлик давомига "тўлқинланаётган пайтларингда ўзга дўконларни бузиб, ичидан писта, қурут, шўрданак, ерёнғокларга овунманглар", деб қўшиб кетмаган эканлар, деб ўйлаб қолдим.

Агар эсингизда бўлса, ўша жараёнда тарихий воқиа бўлиб, ҳамма хис - ҳаёжонга тўлиб, олғалаш ўрнига баъзи бир қирғиз дўстлар дўконлар ойнагини синдиришиб, ичларини бўшатиб ҳам кетишди.

Телевизордан кўрганим эсимда, бир эркак билан аёл, эр- хотин бўлса керак, иккови ҳам қучоғини тўлдириб, ғишт олиб чиқаётгани тасвирга тушиб қолган экан.

Мен телевизорга кириб кетар ҳолатда “Бу икки жуфтга президент зулими кўпроқ теккан бўлса керакда, қариндош-уруғини ярмини ваҳобий, иккинчи ярмини эса таблиғчилар гуруҳидан деб, қамаб юборган бўлса керак. Уларни кўтарган ғиштларини дарҳол олиш керак, аччиқни зўридан бировни уриб-нетиб, ўлдириб қўймасин" дедим.

"Кочқинларга жароҳат етказмасдан Ҳаага судига олиб бориб, Пиночетни кунига тушуриш керак”, деб турсам, камера "кўзи"ни эр-хотинга яқинлаштирган эди, уларнинг қўлидаги ғишт бўлмасдан хитойни дошираги экани билинди.

“Ээээй ўливор бу кунингдан!”, дедим. Ҳафсалам пир бўлди. “Нима қиласан ўзингни уйингни бузиб, ўғирлаб. Ўша қочаётган давлатди катта ўғриларидан фарқинг йўқ эканда”, дедим пичирлаб.

Балки биз шу каби ўғирликлардан ўзимизни тийиш учун митинг ва қўзғолонлардан узоқроқ юраётгандирмиз?

Ёки писта ва шўрданак қимматлашини кутаяпмизми?

Ўзимиз сотиб олишга қурбимиз етмаганида митинг қилиб, шўрданак ғамлаб олармидик...

-------

Сотиволди аканинг жияни Гострбой.

Москва, 2011 йил, декабр.



P.S. Ўзини Сотиволди аканинг жияни Гострбой деб таништирган мухлисимизнинг ёзиш усули, баъзи сўзлар талаффузини ўзгартирмасдан эътиборингизга ҳавола қиляпмиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG