Линклар

logo-print

Шимолий Корея телевидениеси Корея Халқ Демократик Республикаси раҳбари Ким Чен Ир дунёдан ўтгани ҳақида эълон қилди.

Маълумотларга кўра, КХДРнинг 69 ёшли лидери шанба куни жон таслим қилган, бироқ бу ҳақдаги хабар мамлакат оммавий ахборот воситалари томонидан бугун – 19 декабр куни ёйинланди.


Расмий маълумотларда мамлакат бўйлаб назорат сафарида юрган Ким Чен Ир 17 декабр куни поездда “руҳий ва жисмоний чарчоқ туфайли” вафот этгани айтилади. Аввалроқ унинг юрак хуружидан ўлгани ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлганди.

Қайд этилишича, Шимолий Корея раҳбари узоқ вақт мобайнида юрак ва юрак-қон-томир касалликларидан даволанган, Ким Чен Ир ҳаётининг сўнгги лаҳзасигача унга тиббий ёрдам кўрсатишга уринилган.



Associated Press агентлигининг ёзишича, Ким Чен Ир қандли диабет ва юрак хасталигига чалинганди, бироқ у соғлиғи ҳақида кўп қайғурмас, ўткир сигараларни кўп чекар ва муттасил равишда коняк истеъмол қиларди.

Жанубий Корея оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишларича, КХДРда ҳокимият тўлалигича марҳум лидернинг кичик ўғли Ким Чен Инга ўтди. Таҳлилчилар Ким Чен Ир ҳали ўлмай туриб, агар у ҳокимиятдан четлашган тақдирда, бошқарувни унинг ён-атрофидаги кишилар ўз қўлларига олишлари, “ёш генерал” (Шимолий Корея расмий матбуотида Ким Чен Инни ана шундай таърифлайдилар) эса маълум муддатгача уларнинг иродасига бўйсуниши ҳақида ўз мулоҳазаларини билдиргандилар.

Айни пайтда, маълумотларга кўра, Ким Чен Ир жасади Пхеняндаги мақбара саройига (Ким Ир Сен мақбараси) жойлаштирилган.

”Мамлакатда мотам кунлари 17 декабрда бошланди ва 29 декабргача давом этади. Бу давр мобайнида КХДР хорижий делегацияларни қабул қилмайди, шунингдек, чет элликлар 28 декабр куни бўлиб ўтадиган мотам маросимига қўйилмайди”, дейилади Корея марказий телеграф агентлиги хабарида.

Дафн маросимига КХДР марҳум лидерининг ўғли Ким Чен Ин бошчилик қилади.

Аснода, Reuters агентлигининг маҳаллий оммавий ахборот воситаларига таянган ҳолда хабар қилишича, КХДР раҳбари Ким Чен Ир вафоти ҳақидаги хабарлардан кейин Жанубий Корея ҳарбий кучлари кучайтирилган жанговар тайёргарлик ҳолига келтирилган. КХДР армиясида эса, агентлик маълумотларига кўра, ҳеч қандай фавқулодда маневрлар кузатилмаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG