Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:36

Литвада чегарани бузиб ўтган ўзбекистонликлар ҳибсга олинди


Литванинг Калининград вилояти билан чегарадош ҳудудида икки нафар Ўзбекистон фуқароси чегарани ноқонуний бузиб ўтганликда айбланиб ҳибсга олинди.


Ўзбекистон фуқаролари 12 декабр куни Литванинг Россия билан чегарадош Шакяй туманида ҳибсга олингани айтилмоқда. Уларни Роцишкяй заставасининг Пагегяй чегара бўлинмаси офицерларидан бири йўл бўйида кетаётган пайтда тўхтатиб қолган.

Литва Чегара хавфсизлиги хизмати расмийси Рокас Пукинскас Озодлик радиосига буларни маълум қилди.

- Сўроқ пайтида бу одамлар чегарани ноқонуний кесиб ўтгани аниқланди. Улар Россиялик эмас эди, чунки уларнинг қўлида Ўзбекистон паспортлари бор экан. Хушёр чегарачи ёрдамига заставадан чақирилган қуролланган гуруҳ юборилди ва шубҳали шахслар ҳибсга олинди. 27 ва 30 ёшли ўзбекистонликлар Калининград вилоятидан кириб келгани аниқланди, деди Литва Чегара хавфсизлик хизмати ходими Рокас Пукинскас.

Тергов якунланганига қадар ҳибсга олинганларнинг исми-шарифи ошкор этилмаслигини ҳам таъкидлади у.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон паспортларидан ташқари бу йигитлардан шахсий буюмлар ва заряди тугаган навигатор мусодара қилинган.

Литва Чегара хизмати расмийси тартиб-қоидага кўра Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган давлат билан чегарани кесиб ўтган шахс қайси давлатдан кириб келса, ўша ерга қайтарилишини қўшимча қилди.

- Улар Калининграддан кириб келган, демак улар аллақачон Россияга қайтариб берилган бўлиши мумкин. Умуман олганда, ўзбекистонликларнинг чегара бузиши жуда кам ҳолатларда кузатилган. Бизда ноқонуний чегара бузувчилар асосан грузинлардир. Ўзбекистонлик ва тожикистонликлар одатда виза муддати ўтказиб юборишади. Бу асосан Каунас автомобил бозорида катта пул билан келган машина олиб-сотарлари йўл қўядиган майда қонунбузарлик, дея маълум қилди Рокас Пукинскас.

Сўроқ давомида Ўзбекистон фуқаролари Европа Иттифоқига иш қидириб ўтганликларини айтишган.

Литва чегара хизматига кўра, Шакяй туман чегара хизмати ҳибсхонасида қолаётган ўзбек йигитларига нисбатан судгача тергов ишлари олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG