Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:52

Жанаўзен моргига журналистларни олиб боришди


Жанаўзен, 2011 йил 18 декабр.
Жанаўзен, 2011 йил 18 декабр.

Қозоғистоннинг ғарбидаги Манғистау вилоятининг Жанаўзен шаҳри 16 декабр куни тартибсизликлар юз берганидан бери журналистлар учун ёпиқ қолаётган эди. Республика мустақиллигининг 20 йиллигига бағишланган тантаналар қонли воқеаларга айланиб кетгач, ўша куни Жанаўзенда, сўнгги маълумотларга қараганда, 14 киши ҳалок бўлган ва 86 киши яраланган. 18 декабр куни бир гуруҳ ғарблик ва маҳаллий журналистларни расмийлар Жанаўзенга олиб борди. Жанаўзенга борган журналистлар орасида бўлган Озодлик радиоси қозоқ хизмати мухбири тайёрлаган мақола билан Сарвар Усмон таништиради.


18 декабр, якшанба куни кечқурун Манғистау вилояти, Жанаўзен шаҳри ички ишлар бошқармаси биносида Қозоғистон республикаси Ички ишлар вазири Қалмуханбет Қасимов журналистлар саволларига жавоб берди.

Одамларга қарата ўт очишга айнан ким буйруқ берган?

Вазирга кўра, ҳеч ким буйруқ бермаган. Унинг сўзларича, Жанаўзен шаҳри марказий майдонида ҳозир бўлган полиция ходимлари шу қадар оғир аҳволга тушиб қолганки, уларнинг ўт очишдан бошқа чораси қолмаган.

Қасимовга кўра, аввалига полициячилар қўлида қурол бўлмаган.

Тартибсизликлар бошланиб кетганидан сўнг, улардан бир нечаси ички ишлар бошқармасига қайтиб бориб Калашников автоматлари ҳамда жанговар ўқлар билан қуролланган.

Ички ишлар вазирининг айтишича, полициячиларга қуролланишга ҳеч ким расман рухсат бермаган, балки “Гонг” режаси ишга тушганки, мазкур режага биноан полиция ходимлари қуролланаверади.

- Калашников автомати ва Макаров пистолети полиция ходимининг табел қуролидир. Шунинг учун “Гонг” режаси ишга тушиши биланоқ полиция ходимлари бировдан рухсат сўрамай, бошқармага келиб қуролини олаверади, деди Ички ишлар вазири.

Қасимовнинг айтишича, “Гонг” режаси Жанаўзен шаҳри ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан эълон қилинган.

Вазирга кўра, полиция ходимлари ўқни одамларга қараб отмаган.

- Асосан, қўрқитиш учун – осмонга ва ерга қаратиб ўқ узилган, деди Қасимов.

Айтган гапига вазир тартибсизликлар юз берган куни ўлган аёлни далил сифатида келтирди.

- Кейин Ақтауда вафот этган аёлнинг бошидан ўқ топишди. Яқин масофадан отилганда ўқ бошда қолиб кетмаслиги тушунарлидир. Фикримизча, ўқ аввал бошқа жойга тегиб, аёлга қайта сапчиганда тегиб кетган ва унинг бошида ўрнаб қолган¸ деди Ички ишлар вазири.

Қалмуханбет Қасимов Манғистау вилоятига белоруслик ОМОНчилар отрядлари келгани тўғрисидаги миш-мишларни рад этди. Бу миш-миш қозоқ ОМОНчилари исёнчилар томонига ўтиб кетгани тўғрисидаги миш-мишлар кетидан пайдо бўлган эди.

Ички ишлар вазири, шунингдек, “Каражанбасмунай” компаниясининг хитойлик раҳбарлари Хитойдан келган ишчилар ва уларнинг оилаларини хавфсиз жойга кўчиргани тўғрисидаги миш-мишларни ҳам инкор этди.

“Ўликлар гапирмайди”

Қозоғистон Ички ишлар вазири Қалмуханбет Қасимов журналистларга Жанаўзен шаҳри морги ҳамда 16 декабр кунги тартибсизликлар пайтида ўқдан яраланганлар даволанаётган шаҳар марказий касалхонасини бориб кўришга изн берди.

Журналистлар касалхонани бориб кўришга рухсат сўраганларида вазир бироз ўйланиб қолди ва рухсат берар экан, журналистлар саволларига фақатгина бош врач жавоб бериши кераклигини ходимларига уқтирди.

Моргга боришга рухсат берар экан, журналистларга кўра, вазир “ўликлар барибир бир нарса демайди”, деб писанда қилиб қўйган.

Журналистлар касалхонада нафақат врачлар, балки ўқ еган баъзи ярадорлар билан ҳам гаплашишга муваффақ бўлди. Эътиборга молик яна бир жиҳат шуки, яраланганлардан бири автомат ўқи тешиб ўтиб кетган танасини кўрсатган.

Вилоят марказидаги митинг

18 декабр куни Манғистау вилояти маркази – Актау шаҳрининг Интимоқ майдонида шаҳар аҳлидан бир гуруҳи журналистлар билан мулоқот чоғида “халқ Назарбоевдан чарчади ва ҳокимиятга Тасмағанбетов (Иманғали Тасмағанбетов – Остона шаҳри мэри - Озодлик) келишини истайди”, деди.

- Бундай гапни биринчи марта эшитиб турибман. Манғистау вилоятининг Тасмағанбетовга нима алоқаси бор? – ҳайрон бўлди Манғистау вилояти ҳокими ўринбосари Амангелди Айткулов.

Унинг фикрича, 16 декабр кунги Жанаўзен воқеалари учун ҳеч қандай сиёсий сабаблар мавжуд эмас.

Журналистларнинг одамлар нима учун фақат президентнинг “Нур Отан” партияси офисига ўт қўйишган, бошқа партияларнинг биноларига тегмаган, деган саволига Айтқулов, “афтидан, одамлар “Нур Отан” партиясидан кўп нарса умид қилган”, деб жавоб берди.

18 декабр куни Актау шаҳри майдонига чиққанлар вилоятга президент Назарбоевнинг келишини талаб қилдилар.

Жанаўзен шаҳридаги 19 декабр кунги вазиятни тасвирлар экан, Озодлик радиоси қозоқ хизмати мухбири Казис Тогузбаев бундай хабар қилди.

- Ҳар бир йўлакда, ҳар бир бурчакда қуролланган полиция ходимлари турибди. Шаҳар марказий майдонига яқин жойда автобусда ОМОНчилар ўтирганини кўрдим, деб хабар қилди мухбир.

Унинг айтишича, шаҳар кўчалари 19 декабр куни бўм-бўш бўлди. Онда-сонда кўриниб қоладиган ўткинчиларни полиция ходимлари тўхтатиб ҳужжатларини текширди.

19 декабр куни - тинглаётганингиз лавҳа тайёрланаётган соатларда Республика KZ сайтининг хабар қилишича, Актау шаҳри Интимоқ майдонига норозилик акцияси ўтказиш учун икки мингга яқин одам йиғилган эди.
XS
SM
MD
LG