Линклар

logo-print

Тожикистонда мусулмонларнинг таъқиб этилишига қарши бу мамлакатнинг Москвадаги элчихонаси олдида 20 декабр куни норозилик акцияси бўлиб ўтади.


Пикет ташкилотчиси марказий-осиёлик сиёсий қочқинлар жамияти раиси Баҳром Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда норозилик тадбири хусусида буларни гапириб берди.

- Асосий талаб – Тожикиситонда охирги 10 кун давомида бўлаётган мудҳиш воқеалар, яъни мусулмонларга қарши қилинаётган қатағонларга муносабат билдириш, умаман сиёсий маҳбусларга озодлик талаб қилиш. Яна бир мақсад – шу 10 кун ичида Тўражонзодалар оиласига қарши бўлаётган қатағонларни тўхтатиш, президент Раҳмоновнинг мусулмонларга қилаётган фитналарини тўхтатишга жамоатчилик фикрини жалб қилишдир. Шунингдек бугунги кунда Тожикистонда ўзбекларга нисбатан қилинаётган миллатчиликни тўхтатиш ва Ўзбекистон халқининг куни тожикларнинг бошига келмаслигидан огоҳлантирмоқчимиз, дейди ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев.

Ҳуқуқ фаоли пикетчилар “Раҳмон, Муҳаммадия масжидини ёпмагин!”, “Сиёсий ва диний қочқинларга озодлик!”, каби шиорлар билан Тожикистон элчихонаси олдида пикет уюштиради, дея маълум қилди.

Пикет ташкилотчиси акция давомида ҳибсга олинганлар рўйхати ҳам эълон қилинишини маълум қилди.

Пикет Москва мэрияси билан келишилган ҳолда соат 20 декабр куни соат 13дан 15гача Гранатний тор кўчаси 13 уй манзилида жойлашган Тожикистон элчихонаси биноси олдида бўлиб ўтади.

Норозилик акциясининг ўтказилишига Ваҳдат туманидаги Тўражонзодалар оиласига тегишли Муҳаммадия масжидида бу оила вакилларининг жума намозини ўқиши тақиқланиши билан боғлиқ жанжал сабаб бўлди.

9 декабр куни республика муфтийси бошчилигидаги Тожикистон Дин ишлари бўйича қўмитаси ва миллий хавфсизлик хизмати вакилларидан иборат ҳукумат гуруҳи Муҳаммадия масжидига келиб, "Тўражонзодалар бу масжидда энди намоз ўқимайди", дея маълум қилди. Ҳукумат вакиллари собиқ муфтий ва собиқ бош вазир ўринбосари Хожи Акбар Тўражонзода ва унинг оиласини "жамиятга ёт бўлган шиа мазҳаби ғояларини тарғиб қилган"ликда айблаган. Шундан кейин масжидда жанжал кўтарилиб, ҳукумат юборган гуруҳ, жумладан хавфсизлик хизмати ходимлари қувиб чиқарилган.

Ўтган ҳафта Нуриддин ва Хожи Акбар Тўражонзодалар прокуратурага суҳбатга чақирилган, ўнлаб фуқаролар эса ҳибсга олинган ва безориликда айбланиб 10 кунга қамоққа ташлан.

Шунингдек, Тожикистон Ислом маркази уламолар кенгаши раҳбари ва Тўражонзодалар оиласи ўртасида вужудга келган можаро ортидан 12 декабр куни республика Дин ишлари бўйича қўмитаси ака-ука Тўражонзодаларга тегишли Муҳаммадия масжидида жума намозлари ўқишни таъқиқлаб қўйди.

Озодлик Тожикистондаги таниқли уламо Хожи Акбар Тўражонзода республика Ислом маркази уламолар кенгаши раҳбари Саидмукаррам Абдулқодирзода устидан маҳкамага шикоят қилиш ниятида экани ҳақида хабар берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG