Линклар

logo-print

“Сўғдликлар ўзбек-тожик чегараларида Ўзбекистонга тегишли ҳарбий техника пайдо бўлганидан ташвиш билдирмоқда”.

16 декабр куни “Азия плюс” ахборот агентлиги Истаравшан туманида истиқомат қилувчи фуқароларга таянган ҳолда ана шундай хабар тарқатди.

Тожикистон чегара қўшинлари ва Миллий хавфсизлик қўмитаси расмийлари Ўзбекистонга тегишли ҳарбий техника Сўғд вилоятининг Истаравшан йўналишидаги ўзбек-тожик чегарасига жойлаштирилганини тасдиқламади ҳам, инкор ҳам қилмади. Улар “Тожикистон томон расман бирор нарса демаслиги”ни таъкидладилар.

Мавзу юзасидан Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги масъуллари билан телефон орқали боғланишга доир уринишларимиздан ҳам натижа чиқмади.

Истаравшан туман ҳукумат расмийларидан бири Амиржон Зайниддинов эса “Азия плюс” ахборот агентлиги тарқатган маълумотлар “абсурд” эканини айтди.

- Ўзбекистон билан чегараларимизга тиконли сим тортилган ва бизнинг ҳудудимизда бирорта ҳам назорат-ўтказиш пости йўқ. Ўзбекистон билан чегараларимизга ҳарбий техника жойлаштирилганини бу томондан туриб аниқлаш ҳам имконсиз, - деди Истаравшан ҳукумат масъулларидан бири Зайниддинов.

Мавзу юзасидан биз билан суҳбатлашган, аммо исмини айтмаган сўғдлик аёл Ўзбекистонга тегишли ҳарбий техника, жумладан, танклар Истаравшан йўналишидаги ўзбек-тожик чегарасида эмас, балки Ўзбекистоннинг Бекобод ва Тожикистоннинг Плотина назорат ўтказиш пости яқинида жойлаштирилганини айтди.

- Бекобод постида бор. Танкалар ҳаммаси турибди. У ерда ҳамма қурол аслаҳалари бор, - деди ўзини таништирмаган бу аёл.

Суҳбатдошимиз чегаралар яқинига ҳарбийлар ва ҳарбий техника жойлаштирилганидан буён Ўзбекистонга ўтаётган тожикистонликлар кўплаб муаммоларга дуч келаётганини ҳам қўшимча қилди.

- Шу частда (Бекобод-Плотина назорат-ўтказиш пости назарда тутилаяпти - таҳр.) халқни кўрсангиз, бир кунда камида беш юзгача одам йиғилган. Камида уч соат ана шу совуқда қолаяпмиз. Бировнинг онаси касал, бировнинг ака-укаси касал. Пул тўлаб, шу давлатга кираяпмиз, буни ҳеч ким ўйламайди. Ур-сур, жанжал - мана шу аҳвол-да, - деди сўғдлик суҳбатдошимиз.

Аснода Спитамен туман ҳукумати раис муовини Умиджон Ҳофизий Ҳайдарзода чегаралар яқинидаги ҳарбий техника бундан бир ойча аввал Ўзбекистон томонидан жойлаштирилганини билдирди.

Унинг айтишича, шу йил ноябр ойи ўрталарида Ҳаштияк назорат-ўтказиш пости яқинида икки томон чегарачилари ўртасида рўй берган отишмадан сўнг Ўзбекистон Тожикистоннинг шимолий чегарасида ҳарбий техникасини жойлаштирган.

- Ўшанда чегараларда усиление бўлдию, лекин ҳозир тинч. Бизнинг у томон билан ҳамкорликларимиз нормал ҳолатга кўчган, - деди Спитамен туман расмийси Ҳайдарзода.

Эслатсак, шу йилнинг 13 ноябр куни маҳаллий вақт билан кечки соат тўққизларда Ўзбекистоннинг Бекобод шаҳри яқинидаги ўзбек-тожик чегарасида ҳарбийлар ўртасида отишма рўй берган эди. Ўшанда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг чегара қўшинларида шартнома асосида хизмат қилган аскари М. Тожиев ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.

Россиянинг “Регнум” ахборот агентлиги орқали баёнот тарқатган Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати қуролли тўқнашувга республика ҳудудига ноқонуний равишда ўтмоқчи бўлган тожик фуқароларидан иборат наркогуруҳни қўлга олишга уриниш сабаб бўлганини билдирганди. Шунингдек, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ўзбек чегарачилари Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинлари ҳарбийлари ҳомийлик қилган жиноятчилар томонидан ўққа тутилганини маълум қилганди.

Ўз навбатида, Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинлари ўзбекистонлик ҳамкасбларининг тожик чегарачилари наркогуруҳ аъзолари билан ҳамкорлик қилаётганига оид иддаоларини рад қилиб, баёнот ҳам тарқатганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG