Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:53

Х. Жўрабоева: Гулсумой бўлмаган, мени МХХ ёллаган


Ўзбекистонлик Хуршида Жўрабоева Истанбулдаги “Дунё ўзбеклари бирлиги” марказида матбуотга юзланиб, шунга иқрор бўлди.


19 декабр куни Истанбул шаҳрида “Дунё ўзбеклари бирлиги” бош маркази биносида матбуот анжумани бўлди ва унда Ўзбекистон Халқ ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳга қарши суиқасднинг олди олингани ҳақида баёнот берилди.

Марказ раҳбари Одам Чевикка кўра, ўзбекистонлик Хуршида Жўрабоева исмли шахс марказга мурожаат қилган ва ўзининг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ушбу суиқасд амалиётига ёлланганига иқрор бўлган.

- Хуршида хоним шундай бир суиқасдга уриниш бўлганини эътироф этди ва бу гал суиқасднинг олди олинди. Аммо, бунақа ҳаракатлар яна давом этиши мумкин ва шу вақтга қадар ҳам Муҳаммад Солиҳга суиқасдга уриниш бир неча бор бўлган. Хусусан, шу йил у кишининг раҳбарлигидаги ЎХҲнинг Россия бўлими етакчисига нисбатан ҳам суиқасд бўлди,- дея хотирлади Одам Чевик.

Бунга қадар Хуршида Жўрабоева Ўзбекистонда МХХ томонидан қийноққа солингани ва шунингдек, у билан бирга андижонлик Гулсумой Абдужалилова исмли яна бир қиз ҳам МХХ қистовлари остида Муҳаммад Солиҳга қарши сиуқасдга зўрлангани ҳақида айтган эди.

Хуршида Жўрабоеванинг айтишича, унинг шу кунга қадар ўзи ва Гулсумой Абдужалилова ҳақида айтганлари, умумиятла, МХХ босими остида сўзланган ёлғондир.

Хуршида Жўрабоева иддаосига кўра, бу ёлғонни сўзлашга мажбур қилган МХХ ходимлари уни Ангрен шаҳридаги бир овлоқда бир неча ой уй қамоғида сақлаган ва ўша ерда унга тўқиб чиқарилган Гулсумой Абдужалилова ҳикояси ҳамда ЎХҲ раҳбари Муҳаммад Солиҳга қарши суиқасд режаси сингдирилган.



Унга кўра, МХХ ходимлари орасидан ўзини Гулсумой, деб таништирган номаълум бир аёл интернет орқали муттасил равишда ЎХҲ аъзолари билан алоқада бўлган.

- У аёл мени сўроқ қилган иккита эркак билан бирга келган эди ва улар мен мамлакатдан чиқиб кетаётганда мажбурлашди, шунақа деб айтасан, деб. Аслида мен Гулсумой, Моҳларой, деган қизни танимайман, - дея иқрор бўлмоқда Хуршида Жўрабоева.

Бироз муқаддам айтган гапларининг бугун тамомила терсини айтаётган Жўрабоева даъвосича, Ўзбекистон МХХ Хуршида Жўрабоевадан ЎХҲ раҳбарига қарши суиқасдда фойдаланмоқчи бўлган.

- Москвага етиб борганимдан кейин БМТга бошпана сўраб, мурожаат қилишим ва кутиб ўтирган еримда менга бир одам алоқага чиқиши керак эди. Ана ўша одам бориб Муҳаммад Солиҳни йўқ қилиб келиши керак эди. Мен фақат ўша одамни менга ўхшаб зулм кўрган қариндошим, деб туриб ЎХҲга таништириб қўйишим керак эди. Кейин исталган вақтга Ўзбекистонга қайтишим мумкин эди, - деб таъкидлайди Хуршида Жўрабоева.

Аввалига оиласи аъзолари ва 5 ёшли қизчасининг ҳаётига тўғридан-тўғри тазйиқ бўлгани боис МХХ шартларига рози бўлганини айтаётган Хуршида Жўрабоева ҳозир ҳам қўрқувда бўлсада, бюртмадан бош тортганини айтмоқда.

- Мен қаттиқ қўрқдим. Катталар азобга чидар балки, лекин қизим чидамайди. У ҳалиям мен билан эмас. Ҳалиям МХХ уни исталган вақтда қўлга киритишидан қўрқиб яшаяпман. Лекин бу ерга келганимдан кейин менга ҳақ-ҳуқуларимни тушунтиришди ва мер ҳақиқатни дунёга айтсам, МХХ яқинларимни тазйиқ остига ололмас, деб тушундим, - дейди Хуршида Жўрабоева.

Унинг иқрорини халқаро жамоатчиликка етказган “Дунё ўзбеклари бирлиги” маркази раҳбари Одам Чевик Ўзбекистонда президент Каримов бошчилигидаги режимнинг бу каби жиноятларига нуқта қўйилиши керак, деб таъкидлади.

- Биз Дунё ўзбеклари бирлиги маркази сифатида бир симпозиумга ҳозирлик кўраяпмиз. Сўнгги ҳолатлар бўйича ҳисобот тайёрлаяпмиз. Кейин БМТ, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар ва Халқаро судга мурожжат қиламиз ҳамда Каримов режимига чора кўрилишини талаб қиламиз, - деди Туркиядаги “Дунё ўзбеклари бирлиги” маркази раҳбари Одам Чевик Озодлик билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG