Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:46

Вацлав Ҳавел: Кучсизларнинг кучи


Озодлик Вацлав Ҳавел 1978 йили ëзган машҳур “Кучсизларнинг кучи” эссесидан парчаларни эътиборингизга ҳавола қилади.

18 декабр Чехиянинг илк президенти¸ таниқли ëзувчи Вацлав Ҳавел оламдан ўтди.

Унинг мутелик¸ қуллик ва қўрқоқликдан нафратланиш руҳида ëзилган "Кучсизларнинг кучи" эссесидаги мулоҳазалар бугунги ўзбек жамиятидаги фақир-фуқарога ҳам тегишлидай туюлади.

"Кучсизларнинг кучи" эссесидан парчалар

Ким ўзи бу “Диссидентлар” ? Улар тутган позиция нимага асосланган ва улар нимани истайди? “Мустақил ташаббус гуруҳи”га бириккан диссидентларнинг мақсади нима? Уларнинг айтганлари амалга ошишиши учун реал шанс борми?

Улар фаолиятига нисбатан биз “мухолифат” деган калимани қўллай оламизми? Агар шундай бўлса¸ бундай “мухолифат” мавжуд система доирасида қандай мавқеда бўла олади ëки нимадан умидвор ?

Агар ҳукумат ва унга яқин бўлганларнинг мухолифатчиларга яримта одамлар деб қараши инобатга олинса¸ диссидентлар қандай қилиб¸ қай шаклда ва қай тарзда жамиятга таъсир кўрсата олади?

Улар ниманидир ўзгартириши мумкинми ўзи?

***

Посттоталитар система ва ҳаëт ўртасида жарлик бор.

Ҳаëт турфа ранглар¸ плюрализм¸ ҳуррият¸ уюшмаларга эркин бирлашиш истаги билан тўлиб тошган. Бир сўз билан айтсак, эрк ва ҳурликка интилиш. Посттоталитар тизим эса бунинг том тескариси.

Бу тизим бир хиллик¸ монолит фикрлаш¸ темир интизом ва инсонлар эркини бостиришдан иборат бўлиб қолмоқда.

Посттоталитар тизимнинг жундор қўлини одам ҳар қадамида сезиб туради. Мафкура қўлқопини кийган бу қўл инсон эркини шафқатсиз бўғиш учун чўнтакдан чиқади.

***

Бу тизимнинг алжирашлари ëлғон ва иккиюзламачилик омухтасидир. Бу тизим ўз тазйиқини "халқ иродаси" деб атайди. Ҳукумат органларини босиб олган ҳукмдор ўз амалини қонун устиворлиги, деб ишонади.

Маданиятнинг бўғилиши унинг "ривожланиш"и деб¸ фикр ва ифода эркинлигининг йўқлиги эса "сўз эркинлиги тантанаси" деб айтилади.

Сайлов деб аталган томоша эса демократиянинг олий шакли, дея тақдим қилинади.

Ҳукумат ўз ëлғонларига ўзи асир бўлиб қолган.

***

Бу тизим одамларни энг майда ҳас каби топтайди. Аммо одамлар ҳам мажруҳ туғилган овсар гўдаклар каби бу системани қўллаб-қувватлаб туради. Ўзингнинг таҳқирланишингни ойнада кўриш нақадар ҳақоратли. Бу инсон сифатида таназзулга юз тутганимизнинг исбот ва далили эмасми?

Бу “ҳукумат” ўз солдатларига эмас, балки душман солдатларига таянади. Мен душман солдат деганда ëлғон билан яшаëтганларни назарда тутдим. Ëлғон эса доимо рост билан тўқнаш келганида мағлуб бўлади.

Ҳақиқат эса бизнинг ëлғонга қарши ягона қуролимиздир. Бу бактериологик қуролга ўхшайди. Масалан, бактериологик қурол билан бир киши қисқа муддатда бутун дивизияни қуроллантириши мумкин.

***

Ҳақиқат бизнинг ҳукумат мусодара қила олмайдиган қуролимиздир.

Жамиятдаги муаммолар ëлғоннинг қалин кўрпаси ичида кўмилган. Сабр косамизга сўнгги томчи қачон тушиши эса номаълум. Аммо биргина одам “Қирол яланғоч” деб айтиши билан бу ëлғон салтанат бир зумда қулайди.

***

Бу катта ўйиннинг биттагина ўйинчиси қоидани бузса бўлди - бу жамият тутдай тўкилади.

1978
XS
SM
MD
LG