Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:38

Ўзбекистонда янги йилдан нарх-наво ошади


Ўзбекистонликларнинг йилига икки марта ошириладиган ойлиги нарх-наволарни қувиб етолмайди.
Ўзбекистонликларнинг йилига икки марта ошириладиган ойлиги нарх-наволарни қувиб етолмайди.

Ўзбекистонда 1 январдан бошлаб бир қанча истеъмол молларига акциз солиқлари ошиши ортидан, аҳолига маиший хизмат кўрсатишга оид тўловлар нархлари ҳам кўтарилиши кутилмоқда.


Янги йилдан бошлаб йўлкира, иссиқ ва совуқ сув, газ ва электр энергияси нархлари ошиши ҳақида Ўзбекистонда чиқадиган қатор Интернет сайтлар хабар қилди.

Айтилишича, нарх-навонинг кўтарилишига 2012 йилнинг 1 январидан нефт маҳсулотларига акциз солиғининг оширилиши сабабдир.

Бироқ Озодлик суҳбатлашган расмий идоралар вакиллари бу хабарларни рад этдилар.

“Тошавтобустранс” ҳиссадорлик компаниясининг ўзини таништирмаган мулозими, 1 январдан бошлаб йўлкира кўтарилмайди, деди:

- Йўқ, йўқ, бўлмаган гап бу. Янги йилдан бошлаб йўлкира нархи ошмайди, 600 сўм эди ва шундай бўлиб қолади,- дейди “Тошавтобустранс” ҳиссадорлик компанияси мулозими.

Аҳолига газ ва электр энергияси етказиб берадиган таъминот идоралари вакиллари ҳам ҳозирга қадар янги йилдан бошлаб нархлар ошиши ҳақида ҳеч қандай кўрсатма олмаганликларини айтдилар.

Бироқ тошкентлик тадбиркор Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича, ўзбек сўмининг қадрсизланиши узлуксиз давом этаётган бир пайтда, янги йилдан нархларнинг ошмаслиги ҳақида гапириш мантиқсиз бўлган бўларди:

- Нарх-наво ошиши бу табиий нарса, чунки ўзбек сўми кескин қадрсизланиб кетяпти. Бугун қора бозорда бир АҚШ доллар 2820 сўмга чиқиб кетди. Лекин шуни ҳам айтиб ўтиш керак, нарх-навода кескин ўзгариш бўлмайди. Чунки аҳолининг харид қуввати паст. Ҳукумат хизмат кўрсатадиган соҳаларда эса бир гапни аниқ башорат қилиш қийин. Чунки, декабр ойида ҳукуматнинг маошларни оширгани ортидан нарх-наволарнинг оширилган маош ёки пенсияларга нисбатан кўпроқ ошиб кетиши шу пайтгача кузатиб келинган ҳолат,- дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Норма.уз сайти маълумотига кўра, 2012 йил январидан бошлаб йўл жамғармаси солиқ ставкалари ҳам 1 фоиздан 1,4 фоизга, ер солиғи, жисмоний шахслар учун мол-мулк солиғи, сув ресурсларидан фойдаланиш солиғи 1,2 фоизга ошади.

Бу хабарга кўра, Ўзбекистон ҳукумати 2012 йилнинг 1 январидан транспорт воситалари учун бензин, дизел ёнилғиси ва газга жисмоний шахслардан олинажак солиқ ставкасини ҳам 25 сўмга оширмоқчи.

Ўзбекистон Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 16 декабрдаги қўшма қарорига кўра, 1 январдан бошлаб спиртли ичимликлар нархи ҳам 8-16 фоизга қимматлайди.

Қарорга кўра, ҳар бир литр винонинг заводдан сотилиш минимал нархи аввалги 2000 сўм ўрнига 2200 сўмга кўтарилди. Коняк, ароқ ва шунга ўхшаш ўткир ичимликлар бир литрининг нархи 5000 сўм қилиб белгиланди.

Қўқон шаҳридаги алкоголли ичимликлар ишлаб чиқарувчи “Мастона” ҳиссадорлик жамиятининг ўзини таништирмаган экспедиторига кўра, бу кутилган ҳодиса бўлган:

- Анчадан бери нархларнинг кўтарилиши ҳақида гап бўлаётувди. Бироқ, бу ҳақдаги қарор ҳали бизгача етиб келгани йўқ. Илгари кўп ошиб турарди, ҳозир йилда бир марта ошяпти. Албатта бу хом ашё нархларининг кўтарилишига боғлиқ.

Бу ерда асосан акциз солиғи ўзгаради. Бунинг бизга деярли фойдаси йўқ. Акциз солиғи бу истеъмолчидан олиниб, бюджетга тўланадиган нарса, - дейди корхона экспедитори.

Ўзбекистон расмийлари мамлакат иқтисоди жадал ривожланишда давом этаётгани таъкидласа-да, аҳоли турмушида бу ривожланиш акс этмаслиги айтилади. Ҳукумат йилига одатда маошлар икки марта оширилишига қарамасдан, ойликлар нарх-наволар ортидан қувиб етолмайди, дейди ўзбекистонликлар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 1 декабрдан бошлаб ойлик иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақаларни ўртача 10 фоизга ошириш тўғрисидаги фармонга 3 ноябр куни имзо чеккан эди.

1 декабрдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида бир ойлик энг кам иш ҳақи миқдори 62 минг 920 сўмни, энг кам пенсия ва нафақалар 123 минг 60 сўмни, қариялар ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ёрдам миқдори 75 минг 510 сўмни ташкил қилади.
XS
SM
MD
LG