Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:30

"Ўзбекистоннинг КХШТдаги иштироки Каримовга боғлиқ"


Каримовнинг "ўзгача фикри" Кремл хафсаласини пир қилиб келади.
Каримовнинг "ўзгача фикри" Кремл хафсаласини пир қилиб келади.

20 декабр куни Москвада Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Келаси йил тузилганига 20 йил тўладиган КХШТ шу пайтгача ўз самарасини амалда кўрсата олгани йўқ, дейди таҳлилчилар. Боз устига сўнгги йилларда Ўзбекистон ўзининг КХШТдаги фаолиятини чеклаб келаётгани ташкилотнинг бошқа аъзолари танқидларига сабаб бўлиб келмоқда. КХШТни назорат қиладиган Россия ташкилот нуфузини оширишга ҳаракатларни кучайтирар экан, таҳлилчилар фикрича, янги йил Ўзбекистон учун КХШТдаги истиқоблларини аниқлаб олиши лозим бўлган фурсати бўлади.


Сешанба кунги саммитда, расмий хабарларга кўра, КХШТ давлатлари раҳбарлари жами 35 та масалани муҳокама қилган.

Россия Президенти Дмитрий Медведев “аввалги йиғинлар, хусусан, Қозоғистондаги норасмий саммитда қабул қилинган қарорларни амалга оширишга алоҳида диққат қаратишни таклиф қиламан”, деди.

Айтиш жоиз, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов сўнгги йилларда КХШТ йиғинларини эътиборсиз қолдириб келгани каби, Медведев айтган август ойидаги саммитда ҳам қатнашмаган эди.

2012 йилда Коллектив хавфсизлик шартномаси имзоланганига 20 йил тўлади. Дарвоқе бу шартнома 1992 йилнинг 15 майида Тошкентда имзоланган эди. Шартнома ташкилотга айланганига янги йилда 10 йил бўлади. Бироқ таҳлилчилар фикрича, КХШТ шу пайтгача самарали ташкилот бўла олмаган. Ҳар қалай буни амалда кўрсата олганича йўқ, дейди “Независимая газета”нинг ҳарбий шарҳловчиси Владимир Мухин.

- КХШТ Россия ва унинг пост-совет ҳудудидаги иттифоқчилари манфаатларини ҳимоя қилувчи самарали воситасига айланишга уриниб келади. Унинг қанчалик самарадорлиги ҳозирча ҳеч қаерда исботлангани йўқ. Лекин ҳозир ташкилот ичида қабул қилинаётган қарорлар келгусида самарали бўлиши мумкин, менимча, дейди Мухин.

Аъзо давлатлар хавфсизлигини ўзининг асосий мақсади деб эълон қилган КХШТ ҳақиқатан шунча йил ичида аъзо мамлакатларда рўй берган можаролар пайтида ўзининг самарали инструмент эканини намойиш этганича йўқ.

Бундан ташқари ташкилот ҳужжатларида аъзо давлатлар суверен даҳлсизлиги аниқ-тиниқ ва тўла кафолатланмаганлиги КХШТнинг жиддий ташкилотга айланишига ҳалақит бериб келади.

Бинобарин 2009 йилда КХШТ ичида Тезкор коллектив кучларни тузиш тўғрисидаги келишувни Ўзбекистон “ўзгача фикри” инобатга олиниши шарти билан имзолаган эди. КХШТ нуфузининг асосий омили деб кўрилаётган Тезкор коллектив кучлар ғоясининг Тошкент томонидан шубҳа остига олиниши ташкилот нуфузига путур етказиши айтилади.
Кейинги икки-уч йил ичида Ўзбекистон ташкилотдаги иштирокини ҳам иложи борича чеклаб келади. Жумладан президент Каримов КХШТ саммитларига бормасликни одат қилган ёки ташкилот ўтказадиган машқ ёки бошқа тадбирларда Ўзбекистоннинг иштирок этиши камдан-кам учрайдиган ҳолга айланган.

Бу эса ташкилотнинг бошқа аъзолари, айниқса КХШТни назорат қиладиган Россия эътирозларига сабаб бўлиб келади.

Жорий йилда КХШТ Хавфсизлик кенгашига раислик қилган Балерус Президент Александр Лукашенка ташкилот ҳужжатларини қабул қилишни пайсалга солиб келаётган Ўзбекистонни ҳатто КХШТдан ҳайдаш масаласини кўтарди. Бундай баёнотлар Беларус раҳбаридан чиққан бўлса-да, таҳлилчилар бунинг ортида Тошкентнинг бўйин бермаётганига нисбатан Кремлда юзага келган кайфият турганига шубҳа қилмайдилар.

Россия собиқ иттифоқ ҳудудида ўз нуфузини ошириш, жумладан МДҲ, КХШТ ва Ероосиё Иқтисодий Ҳамкорлиги замирида янги Евроосиё иттифоқини тузиш ғояларини илгари суриш ҳаракатларини жадаллаштирар экан, Ўзбекистон КХШТдаги истиқболларини аниқ белгилаб олиши лозим бўлади, дейди “Ежедневный журнал” нашри ҳарбий шарҳловчиси Александр Гольтс. Лекин, дейди у, ҳаммаси Ўзбекистон ичидаги вазиятга боғлиқ бўлади.

- Бошқача қилиб айтганда, жаноб Каримов учун янги таҳликалар туғиладими, йўқми ҳаммаси шунга боғлиқ бўлади. Агар Каримов ўзи учун ҳеч қандай хавф сезмаса, вазият ўзгармайди ва Каримов КХШТ ичида бузғунчи ролини давом эттиради. Агар вазият ўзгариб, Каримов учун таҳликали омиллар вужудга келса, Ўзбекистон КХШТнинг тўлақонли аъзосига айланиши ҳеч гапмас, дейди “Ежедневний журнал” нашри ҳарбий шарҳловчиси Александр Гольтс.

КХШТга Ўзбекистондан ташқари Арманистон, Беларус, Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон киради.

Айни давлатлар МДҲ аъзолари ҳамдир ва сешанба куни Москвага келган президентлар биратўла МДҲ норасмий саммитини ҳам ўтказди.
XS
SM
MD
LG