Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:42

Ақтауда намойишлар давом этмоқда


20 декабр куни Ақтауда 400 нафар намойишчи Жанаўзен воқеаларини қоралаб, норозилик намойишига йиғилди.


Сўнгги хабарларга кўра, Жанаўзенда 19 нафар одам ҳибсга олинган.

Қозоғистон Ички ишлар вазири Калмуханбет Касимовнинг матбуотга маълум қилишича, ҳибсга олинганлар жавобгарликка тортилади.

Боиси, дейди Касимов, “улар машинада юриб, ишга чиқиши керак бўлган одамларга таҳдид қилиб, ишга чиқмасдан митингга боришни айтиб, ташвиқот қилишган”.

Ақтауликлар намойишларни давом эттириб, Жанаўзендаги собиқ кончилар ва уларнинг оилаларини қўллаб, ҳукуматни Жанаўзендаги норозиларга нисбатан қурол қўлламасликка чақирмоқдалар.

Хабарларга кўра, намойишчилар йиғилган майдонни 100 нафар полиция ходими ўраб олган ва майдонда полицияга тегишли тўртта катта автобус борлиги айтилмоқда.

Бугун Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов Жанаўзендаги кончиларнинг ишсизлик муаммосини ҳал қилишга ваъда берди.

Бу ҳақда хабар қилган "Интерфакс-Казахстан" агентлиги маълумотига кўра, Карим Масимов маъсул раҳбарларга ишсиз кончиларнинг тўлиқ рўйхатини топшириш учун бир кун муҳлат берган.

20 декабр куни Қозоғистон Бош прокуратураси Жанаўзендаги тартибсизликлар пайти ҳалок бўлган 14 кишинининг исми шарифини эълон қилди. Расмий хабарларга кўра, зўравонликлар пайти 80дан зиёд киши яраланган.

Бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари тўқнашувда ўлганлар сони расмий маълумотларда билдирилганидан кўп эканини айтмоқда.

Лекин буни мустақил манбалар орқали тасдиқлаш имконсиз. Боиси Қозоғистон ҳукумати барча мустақил сайларга тўсиқ қўйган ва уяли телефон алоқасини ўчирган.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазири Владимир Божко 20 декабр куни Жанаўзенда алоқа хизмати қайта тикланганини маълум қилди.

- Бугун интернет ва уяли телефон ишлаяпти. Қайта тикладик. Телефон алоқаси қайта тикланди. Электр берилди,- деди Владимир Божко.

Бироқ "КазТАГ" агентлиги мобил телефонлари алоқаси ҳануз ишламаётгани ҳақида хабар қилди.

АҚШ Жанаўзендаги воқеаларга муносабат билдириб, Қозоғистон расмийларини ва норозилик тадбири қатнашчиларини “Босиқликка” чақирди.

АҚШ Давлат департаменти баëнотида Расмий Остонанинг норозилик тадбирлари ўтаëтган ҳудудда алоқа воситалари¸ жумладан интернет узиб қўйилганидан ҳавотир билдирилди.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Манғистаудаги вазиятни ўнглаш учун 17 декабр куни Жанаўзен шаҳрида 20 кунлик фавқулодда ҳолат эълон қилган эди.

Жанаўзенда яшовчи Ойгул Жалгасбаева фавқулодда ҳолат шароитида яшаётган шаҳарликларнинг аҳволи қийинлигидан нолийди.

- Жанаўзенда ҳозир вазият жуда қийин. Уйда ўтирибмиз, ишга бора олмаяпмиз. Болаларимиз билан уйда ўтирибмиз. Мактаблар ёпиқ. Шифохоналарга ҳам махсус рухсатнома билан кириб-чиқиш мумкин холос. Болаларимиз кўчага чиқа олмаяпти. Кўчага чиққан йигитни омончилар тутиб олиб кетмоқда,- деди Ойгул Жалгасбаева.

16 декабр куни Жанаўзен шаҳридаги нефт заводидан ҳайдалган ишчилар ва полиция ходимлари ўртасида тўқнашув келиб чиққан эди.

КазМунайГаз давлат компаниясига қарашли нефт заводининг юзлаб ишчиси маошлар оширилиши ва иш шароити яхшиланиши талаби билан олти ойдан ортиқ вақтдан бери шаҳарнинг асосий майдонида намойиш ўтказиб келаётган эди.
XS
SM
MD
LG