Линклар

Бугун Ўзбекистон Футбол Федерацияси ФИФА Ижроия қўмитасининг 2012 йилги 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини Ўзбекистондан олиб Японияга берилиши борасидаги қарорига муносабат билдирди.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси (ЎФФ)нинг расмий сайтида хабар қилинишича, ФИФА бош котиби Жером Вальке Чемпионатга мезбонлик қилиш ҳуқуқи Ўзбекистондан олиб қўйилгани борасида ЎФФ Президенти номига расмий мактуб йўллаган.

Мактубда “20 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати Ўзбекистонда ташкил этиладиган бўлса, унинг ФИФА стандартлари асосида ўтказилишига эришиб бўлмаслиги” айтилган.

ЎФФ матбуот котиби Санжар Ризаевга кўра, “Мактубда бундан бошқа изоҳ ёки сабаб кўрсатилмаган”.

Ризаевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Футбол Федерацияси бу борада ФИФА билан баҳслашмайди ва унинг бу қароридан тўғри хулоса чиқаради.

“Биз бу мусобақани ўтказишни жуда ҳам хоҳлаган эдик. Аммо мусобақани биздан олиб қўйишди. Нима бўлган тақдирда ҳам бу билан ҳаёт тўхтаб қолмайди ва вақт ўтиши билан биз ФИФА стандартлари асосида мусобақа ўтказадиган даражага етамиз”, - дейди ЎФФ матбуот котиби.

2012 йилги 20 ёшгача бўлган аёллар ўртасидаги футбол чемпионатига мезбонлик қилиш дастлаб Ветнамга берилган эди.

Жорий йилнинг 3 март куни ФИФА Ветнамнинг чемпионатни ўтказишга тайёр эмаслиги важидан мезбонликни Ўзбекистонга топширди.

Ўша пайтда чемпионатга мезбонлик қилиш учун Янги Зеландия ҳам даъвогарлик қилган, бироқ ФИФА Ўзбекистонни танлаган эди.

Эндиликда Япония чемпионатни ўтказиш учун зарур кафолатларни тақдим қилганидан сўнг ФИФАнинг расмий баёноти эълон қилинади.
XS
SM
MD
LG