Линклар

2012 йил бошидан Германия терма жамоаси футболчиси Томас Брдарич Ўзбекистондаги Бунëдкор футбол клубининг спорт фаолиятига раҳбарлик қилади.


Бунëдкор футбол клуби матбуот маркази тарқатган маълумотга кўра¸ Томас Брдарич Тошкентга етиб келган. У Жар стадионида Бунëдкор футболчилари билан учрашиб суҳбат қурган.

"Томас Брдарич январ ойида Бунëдкор билан шартномани имзолайди", дейилади футбол клуби матбуот маркази тарқатган маълумотда.

Брдарич 2002-2004 йилларда Германия терма жамоасида тўп сурган. Бугунга қадар у Беларусдаги Динамо футбол жамоасида ишлаган.

- Минск мен учун ажойиб тажриба бўлди. Бироқ спорт йўналишида мен эришмоқчи бўлган мақсад ва бу клубдаги реал ҳолат ўйлаганимдан кўра бир-биридан анча узоқда экан. Тошкентнинг Бунёдкор клуби эса Осиё чемпионлар лигаси иштирокчиси сифатида умуман бошқа мақомдаги жамоа ҳисобланади, - дея таъкидлади Томас Брдарич Спорт Билд онлайн нашрига берган интервюсида.

Томас Брдаричнинг Бунëдкорга қанча пул эвазига жалб қилингани ҳақидаги тафсилотлар ҳали-ҳозир очиқлангани йўқ.

Аввалроқ Бунëдкор клубининг пул ювиш воситаси ва коррупциялашгани ҳақида маълумотлар тарқалганди.

Шу йил октябр ойида Барселона футбол клубининг собиқ президенти Жоан Лапорта Ўзбекистоннинг Бунёдкор клуби билан ноқонуний олди-бердилари билан боғлиқ ҳолат юзасидан судга чақирилди.

Испания ва жаҳон футболи оламидаги энг машҳур клублардан бирининг собиқ раҳбари Бунёдкор хўжайинлари билан амалга оширган ноқонуний молиявий схемалар ёрдамида 10 миллион евро миқдоридаги пулни чўнтакка ургани ҳақидаги хабарни 2009 йилда туркиялик футбол агенти Байрам Тутумли тарқатган эди.

2008 йилда Барселона билан Бунёдкор ўртасида тузилган келишувга кўра, испан клубининг қатор футболчилари, жумладан, Лионел Месси, Карлес Пуёл ва Адрес Иньесталар Ўзбекистонга мастер-класс кўрсатгани борганини эслатмоқда, деб ëзди Франс Пресс.

Тутумлу Берселона президенти ва Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли экани айтилган ва 2010 йилда синган Зеромакс ширкати ўртасида воситачилик қилгани учун ҳақ ололмаганини айтган эди. Унинг иддаоларга кўра, Бунёдкор билан алоқалардан тушган ноқонуний тўловлар Швейцариядаги Лапортага қарашли адвокатлик фирмаси ҳисоб рақамига ўтказилган.
XS
SM
MD
LG