Линклар

20 декабр куни Москвада МДҲ лидерлари норасмий саммитида сўзлаган Ислом Каримов Евроосиё интеграциясини тараққиётнинг истиқболли йўналиши, деб атади.


Бу ҳақда “РИА Новости” ахборот агентлиги хабар қилади.

- Ўзбекистон томони, Ўзбекистон вакили сифатида мен аминманки, интеграцион ривожланишдаги мавжуд муаммоларга қарамай, МДҲнинг келажаги бор. У (МДҲ – таҳр.) бизнинг кўп қиррали ҳамкорлигимизда мувофиқлаштирувчи ролини ўйнаши, бизнинг бевосита алоқамизни, давлатлараро доимий мулоқотни сақлаб қолишимиз учун платформа ёки форум бўлиб қолиши керак, - деди МДҲнинг 20 йиллигига бағишлаб Москвада ўтказилган норасмий саммитда чиқиш қилган президент Ислом Каримов.

Ўзбекистон президенти Евроосиё интеграциясини “бизнинг келажагимиз, бу ҳамма ҳаракат қиладиган йўл, йўналиш” деб атади.

Каримовнинг бу баёноти, очиғи, кўпчиликни шошириб қўйди. Чунки аввалроқ Ўзбекистон президенти интеграциялашув жараёнларига эҳтиёткорлик билан ёндошиш зарурлигини сўзлаганди.

- Интеграциялашув жараёнларини кўзлаб, шу мақсадда турли давлатлараро бирлашмаларни ташкил қилиш бўйича сўз юритганда, айтиш керакки, бундай бирлашмалар вақти келганда тобора сиёсий тус олиб бориши ва бундай ҳолат бирлашма аъзоларининг бошқа хорижий мамлакатлар билан алоқалари ва ҳамкорлигига салбий таъсир ўтказиши мумкин. ... Азиз юртдошларим, юқорида зикр этилган фикрларни умумлаштириб, айтмоқчиман: тарихни асло орқага қайтариб бўлмайди. Бизнинг халқимиз, кейинги йигирма йил давомида вояга етган навқирон авлодимиз ҳозирги вақтда эртанги келажагимизга катта ишонч билан қарамоқда ва ўз танлаб олган йўлидан ҳеч қачон – мен такрор айтаман – ҳеч қачон ортга қайтмайди, - деганди Ўзбекистон Конституциясининг 19 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда сўзлаган президент Каримов.

Ўзбекистон президентининг бу сўзларига муносабат билдирган таҳлилчилар унга постсовет ўлкалари ўртасида тузиладиган Евроосиё иттифоқи ғоясига қарши сиёсатчи ўлароқ қарай бошлагандилар.

Таҳлилчиларнинг бундай фикрга келишларига бошқа сабаблар ҳам бор эди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 18 ноябр куни Божхона иттифоқига аъзо Россия, Беларус ва Қозоғистон президентлари Москвада 2015 йилга қадар Евроосиё иқтисодий комиссияси тузиш тўғрисидаги Декларацияга имзо чеккандилар. Бироқ Путиннинг Евроосиё иттифоқини тузиш ғояси дебочаси деб кўрилаётган эркин савдо ҳудудига оид ҳужжатни Озарбайжон ва Туркманистон билан бир қаторда Ўзбекистон вакиллари ҳам имзоламаганди. Айни пайтда бу таҳлилчилар томонидан “Каримовнинг Евроосиё иттифоқига қўшилишни истамаётгани нишонаси” ўлароқ баҳоланганди.

Аснода Ислом Каримовнинг кечаги баёноти МДҲдаги шерикларнинг ғашига тегмаслик учун олинган шунчаки дипломатик қадам бўлганми ёки Ўзбекистон президенти чиндан ҳам постсовет ўлкалари интеграциясига жиддий қизиқа бошлаганми – бу ҳақда ҳозирча хулоса чиқаришга эрта.

Ўзбекистон МДҲ ташкил этилганидан 1991 йилдан буён мазкур ташкилотга аъзо бўлиб ҳисобланади. Шунингдек, у постсовет давлатлари томонидан тузилган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг аъзосидир. 2006 йил январида Ўзбекистон Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон иштирокида ташкил этилган Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига ҳам аъзо бўлган, бироқ 2008 йил октябрида Тошкент ЕврОсИҲга аъзолигини тўхтатган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG