Линклар

logo-print

МХХ: Афғонистон-Покистон чегарасида ЎИҲнинг 2000 жангариси бор


Жундуллоҳ студиясининг "мухбири" Укошанинг ҳам Афғонистондаги амалиëтлар оқибатида ўлдирилгани эътироф этилди.

Жундуллоҳ студиясининг "мухбири" Укошанинг ҳам Афғонистондаги амалиëтлар оқибатида ўлдирилгани эътироф этилди.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Афғонистон-Покистон чегарасида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг 2000 жангариси борлигини таъкидламоқда.


Centralasiaonline.com сайти Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг терроризмга қарши кураш бўлими ходими экани айтилаётган С. Хотибга таянган ҳолда хабар қилишича, айни пайтда Афғонистон билан Покистон чегарасига яқин минтақаларда Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг 2000 нафар жанггариси фаолият олиб бормоқда.

“Бизнинг маълумотимиз бўйича Покистон-Афғонистон чегарасида тахминан 2000 жангари бор, лекин улар сони бундан анча кам бўлиши мумкин”, дейди Ўзбекистон МХХ ходими.

С. Хотиб айни пайтда Ўзбекистон ҳудудида ЎИҲ фаол ҳаракат олиб бораётганини ҳам таъкидлади.

“Ҳозирда ЎИҲ фаоллари МДҲ давлатларидан ўзларига янги аъзоларни жалб қилишни давом эттирмоқда. Улар Россия, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистонда жуда фаол фаолият олиб боришмоқда”, дея иқтибос келтиради Centralasiaonline МХХ ходимидан.

Жорий йилнинг ноябрида Ўзбекистон исломий ҳаракати 2011 йилда ўлдирилгани эътироф этилган 87 жанггарининг рўйхатини эълон қилган эди.

Ўзбекистон махсус хизмати ходими ушбу рўйхат ЎИҲ кучсизланаётганидан далолат деб ҳисоблайди.

“Ўзбекистон ҳукуматини ағдаришга йўналтирилган ва шариат ҳукумати тузиш йўлида фаолият бошлаган ЎИҲ бугунги кунда тирик қолиш учун мослашишга мажбур бўлмоқда”, дейди МХХ ходими.

Ўз навбатида Centralasiaonline сайтига берган интервьюсида ўзбек МХХ ходими ЎИҲга қарши минтақавий курашни давом эттириш зарур деб ҳисоблайди.

"Ўзбекистон давлат сиёсати хавфсизлик доимий бўлиши ва чегара билмаслиги шарт деган нуқтаи назарга асослангани"ни айтган МХХ ходими "Ўзбекистон минтақадаги барча ҳуқуқ-тартибот органлари билан яқин ҳамкорликда" эканини таъкидлайди.

Ўзбекистон исломий ҳаракати эълон қилган рўйхатдаги 87 жанггари 2011 йил давомида Афғонистон ва НАТО уюштирган ҳаво ҳужумлари, қолаверса, уларга қарши суиқасд амалиëтлари давомида ўлганларини таъкидлаган эди.

Ўша пайтда ЎИҲ эълон қилган баëнотга кўра, Афғонистон ва Покистондаги ҳарбий амалиëтлар давомида ўлдирилган 87 жанггарининг 64 таси афғонистонлик, 10 нафари тожикистонлик, 6 таси қирғизистонлик, тўрт нафари ўзбекистонликдир. Рўйхатга кўра, ўлганлар орасида биттадан татаристонлик, германиялик ва покистонлик жанггари бор.

Centralasiaonline.com сайтига кўра, ЎИҲ эълон қилган ушбу рўйхатни минтақа давлатлари ҳуқуқ-тартибот тизимлари жиддий ўрганмоқда.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг матбуот котиби Нозиржон Бўриевнинг Centralasiaonline сайтига айтишича, ҳалок бўлган жанггарилар рўйхати махсус эътиборда бўлиб, рўйхатдаги шахслар билан алоқада бўлганлар бўйича тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон МХХсининг таҳлилчиси Карим Чориевнинг Centralasiaonline.com сайтига берган интерьюсида айтилишича, “ЎИҲ сўнгги йилларда бошқа жанггари гуруҳларга нисбатан ўз нуфузини йўқотиб бормоқда”.

Карим Чориев бунга “ЎИҲнинг банкни тунаши ва Покистон назорат-ўтиш пунктига қилган ҳужумини” мисол тарзида келтиради.

“ЎИҲнинг маҳаллий қабилалар орасида обрўси ёмонлиги ва улар билан келишмовчиликда” эканини таъкидлаган Карим Чориев ЎИҲ ўлдирилган 87 жанггарининг рўйхатини эълон қилиш орқали “Ал-Қойда ва бошқа молиявий раҳнамолари олдида ўз нуфузини кўтарган”ини қўшимча қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG