Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:57

"Асқаровни озод қилиш учун кураш давом этади"


"Фуқаролар коррупцияга қарши" ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Тўлейқан Исмаилова Бишкекдаги 47-қамоқхонада сақланаётган ҳамкасби Азимжон Асқаров зиёратида.
"Фуқаролар коррупцияга қарши" ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Тўлейқан Исмаилова Бишкекдаги 47-қамоқхонада сақланаётган ҳамкасби Азимжон Асқаров зиёратида.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилар Азимжон Асқаровга нисбатан 20 декабр куни чиқарилган Олий суд ҳукмини мамлакат учун шармандалик ҳол, дея баҳоламоқдалар.


Қирғизистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Тўлейқан Исмаилова Қирғизистон Олий суди 20 декабр куни Азимжон Асқаровга нисбатан адолатсиз ҳукм чиқарди, деб ҳисоблайди:

- Биз ҳозирдан бошлаб Азимжон Асқаровни озодликка чиқариш бўйича бундан-да кўпроқ ишлашни бошлаймиз. Бир киши томонидан қўйилган, ноқонуний ва коррупциялашган судялар Қирғизистонни шу аҳволга олиб келишди. Биз Асқаровнинг яқинларига ва ҳамфикрларимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Биз эркинлик учун курашни давом эттирамиз, Азимжон Асқаров ва бошқа бегуноқ қамалганлар озодликка чиқади, - деди Тўлейқан Исмаилова.

20 декабр куни Қирғизистон Олий суди Азимжон Асқаровга нисбатан қуйи инстанция суди чиқарган қарорни ўз кучида қолдирганди.

Эслатиб ўтамиз, Азимжон Асқаров ва у билан судга тортилган ўзбек миллатига мансуб яна етти киши 2010 йилнинг июн ойида рўй берган Ўш қирғини чоғида Бозорқўрғон туманидан ўтувчи Ўш-Бишкек йўлини тўсиб қўйиш, милиция ходими Миқтибек Сулаймановни ўлдириш ва тартибсизликларни уюштириш каби ҳатти-ҳаракатларда айбланиб, ҳибсга олинган.

Ҳуқуқ фаоли тартибсизлик ташкилотчиларидан бири сифатида 2010 йил сентябрида Бозорқўрғон туман суди томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилганди. Ўтган йилнинг ноябрида Жалолобод вилоят суди ҳам Бозорқўрғон туман суди ҳукмини ўз кучида қолдирганди.

Тўлейқан Исмаилова Азимжон Асқаровни озод қилиш ҳаракатлари кеча Олий суд ҳукми чиққанидан сўнг янада кучайганини айтади:

- Биз кеча кечқурун Ҳюман Райтс Уотч билан гаплашдик. Чехиядаги Азимжон Асқаровга мукофот берган Вацлав Ҳавелнинг ҳамкасблари ҳам тайёр турибди. Бундан ташқари, Халқаро Амнистия, инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи бир неча ташкилотларни бирлаштирган Франциядаги инсон ҳуқуқлари ассоциациясига ҳам мурожаат қилинган. Шу сабабли дунё ҳамжамияти ҳозир Қирғизистон ҳукуматидан тезликда суд тизимида ислоҳот ўтказилишини талаб қилмоқда. Азимжон Асқаров қамоқда ўтирганда, биз озодликда бўлсак ҳам, ўзимизни у билан бирга қамоқда ўтиргандай ҳис қиламиз, - деди Тўлейқан Исмаилова.

Қайд этиш ўринлики, 2010 йил сентябридаги дастлабки суд жараёнида Азимжон Асқаров ва у билан биргаликда қора курсига ўтқазилган ўзбек миллатига мансуб етти нафар судланувчига қарши асосан милиция ходимлари гувоҳлик берганди.

Асқаров иши бўйича ўтган суд жараёнларини кузатиб борган жалолободлик ҳуқуқ фаоли Абдумалик Шарипов қуйи инстанция судларида ҳам кўплаб қонунбузарликлар кузатилганини айтади:

- Бу ерда ҳар бир судланувчига уларни қонун доирасида ҳимоя қилинишига имконият берилиши керак эди. Бу ерда адвокатлар судланувчи олдига киролмаса, адвокатлар калтакланса, адвокатлар қўрқитилса, айбланувчилар томонидан келган гувоҳлар судга қўйилмаса, бу ерда процессуал қонун-қоидалар жуда қўпол равишда бузилган. Биз бу ҳақда доим очиқ айтиб келганмиз. Шунинг учун, яна такрорлайман, бу ерда ноҳақ, ноқонуний қарор чиқарилган, - дейди Абдумалик Шарипов.

Азимжон Асқаров билан бир қаторда мазкур иш юзасидан Муҳаммадзокир Қўчқоров, Санжарбек Мулавхунов, Элмурод Расулов, Исроилбек Абдураимов умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган, Мунира Мамадалиева ва Шукржон Мирзолимов 20 йилга, Дилшод Рўзибоев 9 йилга кесилган эди.

Сешанба куни Қирғизистон Олий суди Мунира Мамадалиевага нисбатан қўйилаётган айбловлар қисман ўз исботини топмаганини инобатга олиб, унга нисбатан 20 йиллик қамоқ жазосини 11 йилгача камайтирди. Бироқ бошқа судланувчиларга нисбатан қуйи инстанциялар чиқарган суд ҳукми ўз кучида қолдирилди.

Айни пайтда жабрланувчи тараф 20 декабр куни чиқарилган Олий суд қарорини “адолатнинг қарор топиши” ўлароқ баҳоламоқда. Жумладан, марҳум милиционер Миқтибек Сулайманов яқинлари бу қарорни бир йилдан ортиқ муддат кутганларини таъкидламоқдалар.

Ҳуқуқ фаоли Тўлейқан Исмаилова эса Азимжон Асқаров ва у билан бирга судланган одамлар устидан чиқарилган суд ҳукмини сиёсий буюртма ўлароқ баҳолаб, бунда айрим сиёсатчилар жабрланувчилардан ўз манфаати учун фойдаланганини айтади:

- Судда сиёсатчилар жабрланувчиларга босим кўрсатди, биз буни биламиз. Ҳақиқатни кўришни истамаган ўша сиёсатчилар судга ҳам босим кўрсатди ва жабрланувчи томон ҳамда миллатчилик шиорлари билан келган ёшлардан фойдаланди. Чунки Азимжон Асқаров ким нима қилганини, кимнинг ўғли қандай ишлар қилганини, ким отган, ким ҳарбий бўлимга бостириб кирганини – барчасини билади. Шунинг учун ҳозир ҳукуматнинг юқори курсиларида ўтирган айрим шахслар Асқаровнинг озодликка чиқишидан манфаатдор эмас, - деди ҳуқуқ фаоли Тўлейқан Исмаилова.

Аснода Азимжон Асқаровнинг адвокатлари ҳам ҳуқуқ фаолига нисбатан чиқарилган ҳукм юзасидан Олий судга қилинган арз билан чекланиб қолмаслигини айтмоқда. 21 декабр куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Асқаровнинг адвокати Нурбек Тўқтақунов ўз ҳимоясидаги ҳуқуқ фаолининг иши юзасидан эндиликда халқаро судларга мурожаат қилажагини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG