Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:52

Аёз тожикистонликлар ҳолини танг қилди


19-20 декабр кунлари Тожикистоннинг деярли барча ҳудудларида ёққан қалин қор ортидан об-ҳаво кескин совиб кетди.

Электр энергияси ва табиий газ тақчиллиги ҳамда ёнилғи нархининг ошиб кетиши сабабли мамлакат аҳолиси ночор аҳволда қолаётир.

Тожикистонда биринчи қор ноябр ойида ёққан эди. Аммо кечаги қорни тожикистонликларнинг кўпчилиги сўнгги ўн йилда ҳам кўрмаганини айтмоқда. Тожикистон Об-ҳавони кузатиш маркази маъулумотларига кўра, ҳаво ҳарорати шу кунларда кундуз - 5 даража ва тунда эса - 12 даражагача тушаяпти.

Тожикистоннинг барча туман ва қишлоқларида шу йилнинг октябр ойи бошларида электр таъминотига чеклов ўрнатилган эди. Табиий газ эса аҳолига йил бошидан буён берилмайди. Ўзбекистондан сотиб олинаётган табиий газ нархининг жаҳон бозори нархида сотилаётгани сабабли, тожик расмийларининг таъкидича, аҳоли эҳтиёжи учун зарур табиий газни сотиб олиш имконсиздир.

Электр тақчиллиги, табиий газ йўқлиги ва ёнилғи нархларининг ошиб кетиши баробарида Тожикистон иқлимига мос бўлмаган бугунги об-ҳаво аксарият тожикистонликларни ночор аҳволга солиб қўйгани кузатилади.

- Аҳволимиз абгор, свет йўқ. Печкага тўртта тезак соламиз, уйлар сал исийди, ташқарига чиқолмай ўтирибмиз. Бошқа иложимиз йўқ, - дейди етмишни қораган Хосият Раҳимова.

Рудакий туманида истиқомат қилувчи бу момонинг айтишича, қишлоқ жойларда кўмир ва ўтиннинг нархи ошиб кетгани сабабли кўпчилик оилалар уни сотиб олиш имконига эга эмас. Натижада, “10-15 кишидан иборат оила аъзолари печка ўрнатилган битта уйда жон сақлаяпти”, дейди суҳбатдошимиз.

Тожикистонда ҳаво ҳароратининг пасайиб кетиши туфайли юзага келган вазият таълим муассасалари фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ваҳдат туманида яшовчи Саломат Абдуназарованинг гапига ишонадиган бўлсак, шу кунларда қишлоқ мактабларида деярли дарс ўтилмаяпти.

- Болалар мактабга бораяпти. Лекин бир соат ҳам дарс ўтмай жавоб беришаяпти. Мана бугун барвақт жавоб беришди, кеча бундан ҳам эртароқ келишганди. Мактабларимизнинг шароити йўқ. Ўқитувчилар болаларимиз орқали биздан ёрдам сўраяпти, “ота-оналарингга айтинглар, мактабга кўмир, тезак, ўтин ёрдам қилсин” деб. Энди “болам совуқ қотмасин” деб, ёрдам бераяпмиз, - дер экан Саломатхон ҳамма оилалар ҳам мактаб маъмурияти талабларини қондириш имконига эга эмаслигини қўшимча қилди.

Декабр ойининг кутилмаган совуқ ҳавоси нафақат қишлоқда яшовчилар, балки шаҳарликларнинг ҳам турмушини анча қийинлаштириб қўйди. Кўп қаватли биноларда яшаётган шаҳарликлар иситиш тармоқларининг умуман ишламаётгани ва уйларнинг ниҳоят даражада совуқлиги боис уйда ҳам қалин кийимларда ўтиришга мажбур бўлаётганини айтмоқдалар.

- Газ йўқлиги учун светларимиз нагрузка бўлиб, ўчиб қолаяпти. Отоплениялар умуман ишламайди. Уйлар совуқ, иссиқ сув ҳам йўқ, - дейди душанбелик Аслия.

Суҳбатдошимиз Душанбедаги жамоат транспорти қатновида узилишлар бўлаётганидан ҳам шикоят қилди.

- Транспорт умуман қийин бўлиб қолди. Соат саккизда уйдан чиқдим, соат ўнгача зўрға ишхонага етиб олдим. Ҳатто марказий кўчаларда қор тозаланмаган. Менимча, марказий кўчалар ҳеч бўлмаганда шу нарсага тайёр бўлиши керак, - дер экан Аслияхон икки кун давомида Душанбе шаҳрида автобуслар сони кескин камайиб кетганини ва такси ҳаққи қимматлаганини қўшимча қилди.

Кузатувчиларга кўра, шаҳарда автобус ва микробусларнинг сийраклашишига, биринчидан, шаҳар йўлларининг тозаланмагани, бошқа томондан, ёнилғи нархининг 1,5 бараварга ошиб кетгани сабаб бўлган.

Аснода Душанбе шаҳар ҳокимлиги масъуллари 19 ва 20 декабр кунлари тахминан 150 та қор тозаловчи машина шаҳар кўчаларида ишлаганини айтмоқда.

Ҳар йили Тожикистон ҳукумати йиғилишида маҳаллий ҳукумат расмийлари ўз ҳудудини куз ва қишга тайёрлаш борасида давлат раҳбаридан махсус топшириқ олади.

Бироқ, мустақил таҳлилчиларга кўра, жойлардаги раҳбарлар фақат хўжакўрсинга ишлаётгани ва мавсум учун давлат бюджетидан ажратилган пулларни турли йўллар билан ўзлаштираётгани сабабли оддий одамлар айни қиш чилласида ўз муаммоси билан юзма-юз қолаётир.

Мустақил таҳлилчи Давлат Усмон фикрича, бугунги кунда Тожикистонда ҳарорат пасайиб кетгани туфайли фавқулодда ҳолат нишоналари кузатилса-да, иқтидордаги ҳукумат ўз обрўсини сақлаб қолиш мақсадида буни эътироф қилмаяпти.
XS
SM
MD
LG