Линклар

Жанаўзенда намойишчилар ўққа тутилганига оид видео пайдо бўлди


Видеода полициячилар ўқ еб, ерга йиқилглан намойишчиларни тўқмоқ билан калтаклангани ҳам тасвирланган.

Видеода полициячилар ўқ еб, ерга йиқилглан намойишчиларни тўқмоқ билан калтаклангани ҳам тасвирланган.

Қозоғистоннинг Жанаўзен шаҳарчaсида намойишчилар ўққа тутилгани тасвирланган видео Интернетда эълон қилинди.


Афтидан бу видеотасвирни воқеалар рўй берган майдон олдидаги уйлардан биридан гувоҳлар олган ва сешанба куни YouTube сайтига жойлаштирган.



Жанаўзенда 16 декабр куни иш ташлаганлар билан полиция ўртасида тўқнашув содир бўлиб зўравонликлар келиб чиқди.

Расмийларнинг айтишича, зўрваонликлар оқибатида 14 киши ҳалок бўлиб, 80 дан зиёд намойишчи яраланган. Норозилар ўлганлар сони анча кўпроқлигини айтмоқда, лекин буни мустақил манбалардан тасдиқлаб бўлмади.

Видеода намойишчилар ва воқеани кузатиб турганлар бостириб келаётган полициядан чекинаётгани кўрсатилган. Намойишчиларнинг баъзилари полицияга қарата тош отмоқда.

Қалқон кўтарган полиция кучлари намойишчиларга яқинлашган сари ўқ овозлари ҳам эшитила бошлайди. Қочишга уринаётган намойишчиларнинг баъзилари ўқ еб ерга йиқилади. Улардан бири йиқилиб, қимирламай қолади, яна бири эса эмаклаб чекина бошлайди. Шунда полиция кучлари яқинлашиб келадида, жароҳат олиб ерда ётган намойишчиларни тўқмоқлар билан калтаклай бошлайди.

Қозоғистон расмийлари уларнинг таъбири билан айтганда “безориларга” қарши куч қўлланиши, жумладан ўқ отар қуролларни ишга солинишини оқламоқда.

Расмийларнинг иддаосича, полиция фақат осмонга ва ерга қарата ўқ узган, одамларга эса ўқлар рикошет натижасида теккан бўлиши мумкин.

“Огоҳлантирув ўқларининг отилишига қарамасдан, оломон полицияга ҳужум қилишни давом эттиргани инобатга олиниб ва майдонда қолиб кетган ходимлар ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда қуролларнинг бандитлар қўлига тушиб қолиши олдини олиш мақсадида полиция кучлари хизмат қуролларини ишга солишга мажбур бўлди”, дея баёнот берди бош прокурор матбуот котиби Нурдаулет Суиндиков.

Президент Нурсултон Назарбоев полиция ўз ваколати ва қонун доирасида ҳаракат қилганини таъкидлади.

Гувоҳлар расмийлар версиясини инкор қилиб, полиция намойишчиларни нишонга олиб отганини айтмоқда.

Қозоғистон ғарбий минтақаларида норозиликлар давом этган бўлса-да, норозиликларнинг ўчоғи бўлган Жанаўзенда тинчлик ўрнатилди. Шаҳарчага кўп сони полиция кучлари ташланди ва президент 2012 йилнинг 5 январига қадар коммендантлик соати жорий қилди.

Шаҳарда 16 декабр куни узиб қўйилган Интернет ва мобил алоқаси 20 декабр куни тикланди. Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги буни электр таъминоти узилгани билан изоҳлади.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти расмийларни алоқани тиклашга чақириб, Жанаўзенда мобил алоқанинг узилишига ҳукуматнинг алоқаси борлигини баён қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG