Линклар

21 декабр куни Қирғизистон социал-демократик партияси вакили Асилбек Жээнбеков Жўғўрқу Кенеш (парламент) спикерлигига сайланди.

Чоршанба куни бўлиб ўтган сайловда спикерликка ҚСДП вакили Асилбек Жээнбеков ва мухолифатдаги Ата-Журт партияси вакили Қурманбек Ўсмўнов номзодлари кўрсатилганди.

Яширин овоз бериш натижаларига кўра, 120 депутатнинг 78 нафари Жээнбеков учун, 25 нафари эса Ўсмўнов учун овоз бергани маълум бўлди.

Қирғизистон парламентининг янги спикери Асилбек Жээнбеков.

Қирғизистон парламентининг янги спикери Асилбек Жээнбеков.

Шу тариқа, Ўш вилоятининг Қарағулжа туманида туғилган Асилбек Жээнбеков V чақириқ парламентининг иккинчи спикерига айланди.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йил кузида фаолият бошлаган V чақириқ парламентига Ата-Журт партияси вакили Ахматбек Келдибеков спикер этиб сайланганди. Аммо жиноят олами лидерлари билан алоқада айбланган Келдибеков ўтган ҳафта истеъфога чиққанини эълон қилганди.

Қайд этиш ўринлики, 2010 йил ёзида янги конституция қабул қилинганидан кейин парламент мамлакатига айланган Қирғизистонда Жўғўрқу Кенеш спикерлиги ўта муҳим давлат лавозимларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Аснода бугун Қирғизистон парламентида янги ҳукумат таркиби шакллантирилиши кутилаётган эди.

Бироқ, Жўғўрқу Кенешнинг конституциявий қонунчилик, давлат тузилиши, қонунийлик ва маҳаллий ўз-ўзини бошқариш бўйича қўмитаси раиси Галина Скрипкинага кўра, янги ҳукумат таркиби ва дастурига оид зарур ҳужжатлар тайёр бўлмагани учун депутатлар бу масаланинг кўрилишини кейинга қолдирганлар. ҚСДП вакили бўлган Скрипкина парламент депутатлари мазкур масалани кўриб чиқиш учун 26 декабр куни навбатдан ташқари мажлисга йиғилишлари мумкинлигини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, 16 декабр куни парламентдаги ҚСДП, Республика, Ата-Мекен ва Ар-Намис партиялари коалицион шартнома тузганларини эълон қилгандилар. Ата-Журт эса эндиликда парламентда мухолифат партияси ўлароқ фаолият юритади.

Ҳукмрон коалициядан Бош вазир лавозимига айни пайтда Бош вазир вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаётган Ўмурбек Бабанов (Республика партияси лидери) ягона номзод сифатида кўрсатилган.
XS
SM
MD
LG