Линклар

2010 йил июн воқеаларида айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров Қирғизистон Олий суди томонидан қуйи инстанция судлари чиқарган ҳукмнинг ўз кучида қолдирилишига норозилик сифатида очлик эълон қилиш ниятида. Бу ҳақда Азимжон Асқаров сақланаётган Бишкекдаги 47-қамоқхонада у билан учрашиб чиққан ҳуқуқ ҳимоячиси Тўлейқан Исмаилова маълум қилди:

- Азимжон Асқаров аҳволидан хабар олиш учун олдига кириб учрашганимизда, у: “Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари орқали ҳукуматга айтолмаган сўзларимни айтиб, айбсизлигимни исботлашга яна бир бор ҳаракат қиламан. Агарда ҳукумат бунга эътибор қаратмаса, 10 январдан бошлаб очлик эълон қиламан”, деган сўзни айтди, - деди Тўлейқан Исмаилова.

Эслатиб ўтамиз, Азимжон Асқаров ва у билан судга тортилган ўзбек миллатига мансуб яна етти киши 2010 йилнинг июн воқеалари чоғида Бозорқўрғон туманидан ўтувчи Ўш-Бишкек йўлини тўсиб қўйиш, милиция ходими Миқтибек Сулаймановни ўлдириш ва тартибсизликларни уюштириш каби ҳатти-ҳаракатларда айбланиб, ҳибсга олинган.

Ҳуқуқ фаоли тартибсизлик ташкилотчиларидан бири сифатида 2010 йил сентябрида Бозорқўрғон туман суди томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилганди. Ўтган йил ноябрида эса Жалолобод вилоят суди Бозорқўрғон туман суди ҳукмини ўз кучида қолдирганди. Шу йил 20 декабрида Қирғизистон Олий суди ҳам қуйи суд инстанциялари ҳукмини ўз кучида қолдиришга қарор қилган.
XS
SM
MD
LG