Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:46

Ўзбек темирйўлчилари Афғонистон темир йўлларига асос солди


Ҳайратон – Мозори Шариф темир йўли қурилиши.
Ҳайратон – Мозори Шариф темир йўли қурилиши.

Ўзбекистонлик мутахассислар қуриб битирган темир йўлдан илк поезд Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига етиб борди. Бу билан Афғонистон темир йўлларига асос солинди. Ўзбекистонлик темирйўлчиларнинг айтишларича, агар Афғонистон ҳукумати янги шартнома тузса, темир йўлни Афғонистоннинг бошқа вилоятларигача узайтириш мумкин.


Афғонистонда илк поезд 21 декабр куни Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридан Мозори Шариф шаҳрига етиб борди.

Собиқ иттифоқ даврида қурилган 25 километрлик темир йўл ўзбекистонлик қурувчиларнинг хизмати боис 75 километрга узайтирилди.

Бу билан Афғонистон темир йўллари илк тизимга эга бўлди ва мамлакатнинг келажакдаги темир йўлларига асос солинди.



“Ўзбекистон темир йўллари” ҳиссадорлик компаниясининг Сурхондарё минтақавий бўлими бош инженери Аҳад Шарифбоевнинг айтишича, 75 километрлик йўлдан илк бор етти вагонли поезднинг Мозори Шарифга етиб бориши муваффақиятли якунланган:

- Бу йўлни юз фоиз ўзбекистонлик темирйўлчилар қуриб чиқди. Ҳозирча Афғонистонда темир йўлларга хизмат кўрсатадиган мутахассислар йўқлиги учун шартномага кўра биз техник хизматларни уч йил давомида кўрсатиб турамиз, параллел равишда уларга ҳам ўргатамиз,- дейди Аҳад Шарифбоев.

Мутахассиснинг айтишича, агар Афғонистон Ислом Республикаси темир йўлларини мамлакатнинг бошқа минтақаларига узайтириш истагида бўлса, Ўзбекистон томони янги шартнома асосида темир йўл қурилишини давом эттириши мумкин.

Афғонистон Йўл қурилиши вазири ўринбосари Нургул Мангалнинг Озодликка айтишича, бу темир йўли мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши учун жуда зарур бўлган:

- Бу темир йўлининг мамлакат иқтисодиётига жуда ҳам катта фойдаси бор. Илгари юклар Ҳайратонда тиқилиб қоларди, энди эса уларни бемалол мамлакат ичкарисига ташиш мумкин. Мен ўзбек темирйўлчиларининг қисқа муддатда бу йўлни қуриб битказишганига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Мен ўйлайманки, бизнинг ҳамкорлигимиз яна давом этади,- дейди вазир ўринбосари Нургул Мангал.

Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўли лойиҳаси 165 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, у Осиё Тараққиёт Банкининг гранти ҳамда Афғонистон ҳукумати маблағи (15 миллион доллар) ҳисобига амалга оширилди.

Қурилиш ишлари 2010 йил январида бошланган эди.

Ўзбекистон темир йўллари” “Ҳайратон – Мозори Шариф” темир йўлига хизмат кўрсатишдан 100 миллион долларга яқин фойда кўради.

Ўзбекистон темир йўллари ҳар йили ташилган юк миқдоридан қатъий назар 32 миллион доллар хизмат ҳақи олади. Бундан ташқари юк миқдори бир йилда белгиланган 2,2 миллион тоннадан ошадиган бўлса, ҳар 100 минг тонна қўшимча юк учун 275 минг доллардан қўшимча ҳақ олади.

Ўзбекистон темир йўллари компаниясининг “Хайратон – Мозори Шариф” темир йўлига хизмат кўрсатадиган “Сўғдиёна транс” шўъба корхонасини махсус техника, қурилмалар, хом ашё учун барча бож тўловларидан озод қилинган.

Афғонистондаги вазият барқарор бўлмагани учун ўзбекистонлик темир йўлчилар хавфсизлигини таъминлашни Афғонистон томони ўз зиммасига олган.

1996 йилдан буён ёпиб қўйилган Термиз-Ҳайратон кўприги 2003 йилнинг 10 ноябрида қайта очилган эди. Бунга 2011 йил 11 сентябрда АҚШда амалга оширилган террор хуружидан кейин Қўшма Штатлар етакчилигидаги коалиция Афғонистонда ҳарбий амалиётларни бошлагани сабаб бўлган эди.

Ўзбекистон ўшнад Қаршидаги Хонобод аэропортини АҚШга ижарага берган эди.

Бироқ 2005 йилдаги Андижон воеқаларидан сўнг, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабат совуқлашиб, АҚШ ҳарбийлари Хонободдан ҳайдалди.

2009 йилда Ўзбекистоннинг АҚШ билан муносабатлари яна илиқлашди ва Ўзбекистон НАТО ноҳарбий юкларини ўз ҳудуди орқали ўтказишга рухсат берди.

2009 йилнинг март ойида журналистлар билан учрашган президент Каримов Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар таъминоти учун Ўзбекистон алоҳида аҳамиятга эга давлат эканини ҳам таъкидлаганди:

- Яхшилаб бир қаранглар-чи, Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтмасдан Афғонистонга юк транзитини қандай қилиб амалга ошириш мумкин?- деган эди Ислом Каримов.

Мутахассисларнинг айтишларича, “Хайратон – Мозори Шариф” темир йўли келажакда Шибирғон, Ҳиротдан ўтиб, Эрон ва Покистондаги денгиз портларига олиб чиқувчи трансафғон йўлагининг дастлабки босқичидир.

Осиё тараққиёт банки маблағига қурилган бу темир йўлни Ўзбекистон ҳукумати Афғонистонни ривожлантиришга Ўзбекистоннинг қўшаётган ҳиссаси сифатида қайд этиб келади.
XS
SM
MD
LG