Линклар

Лондондаги The Economist Intelligence Unit тадқиқот марказининг “2010 йил дунё мамлакатларида демократия индекси”да Тожикистон 167 мамлакат орасида 151-ўринга қўйилган.

Тадқиқот маркази Тожикистонда демократия даражасини белгилашда бу мамлакатдаги сайлов жараёни, ҳукумат тизими, сўз эркинлиги, одамларнинг сиёсий маданияти каби кўрсаткичларга асосланган.

Ҳисобот муаллифлари Тожикистонни демократия даражаси паст бўлган 52 та авторитар мамлакат қаторига қўшган. 2010 йилги рейтингда ҳам Тожикистон авторитар мамлакат қатори 149-ўринга қўйилган эди. 2011 йилда эса ўзини дунёга “демократик ва дунёвий давлат” сифатида танитиб келаётган Тожикистон яна икки поғона пастга шўнғиди.

Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази раис муовини Сайфулло Сафаров дунёда демократия даражасини аниқлаш борасида ҳар йил эълон қилиб келинаётган ҳисоботлар воқеликдан йироқлигини иддао қилади.

- Балки бу ташкилотларнинг меъёрлари биздаги жараёнларга мос келмас. Агар ёдингизда бўлса, Америка рейтинги ҳақида гап бўлганида, Обама жаноблари рейтинг агентликлари нима хоҳлашини ўзлари ҳам билмаслигини айтганди. У ерда ҳам тирик одамлар ишлайди, улар ҳам ўз манфаатлари нуқтаи назаридан бирор гуруҳ ёки мамлакатларни у ёки бу гуруҳга ажратади. Лекин биз олдимизга қўйган мақсадларимиздан чекинмаслигимиз лозим. Яъни “биз ўнглаб бўлмас авторитар мамлакат бўлиб қолаверар эканмиз-да” деган хулоса чиқармаслигимиз керак. Йўқ, биз демократия сари шаҳдам қадамлар билан олға бормоқдамиз, - дейди тожик расмийси Сафаров.

Аснода Тожикистондаги айрим сиёсий партиялар вакиллари жамиятда демократия ҳамда конституциявий эркинликларга оид вазият кундан-кун ёмонлашаётганидан огоҳлантиради. Уларга кўра, сайловлар ва унда партиялар ҳамда аҳолининг иштироки маълум бир қолипга кириб қолмоқда.

- Шўролар замонида битта партия бор эди, бугун ҳам бизда битта ҳукмрон партия мавжуд. Қолган партиялар фақат хўжакўрсинга қайдга олинган. Яъни Тожикистонда кўппартиялилик йўлга қўйилганини намойиш қилиш учун саккизта партия фаолият юритади. Аслида Тожикистонда битта партия - у ҳам бўлса, ҳукмрон партия саналган Халқ демократик партияси бор, холос. Биз демократик жамият қурар эканмиз, бизнинг мафкурамиз халқчил бўлиши керак, - дея мулоҳаза билдиради Тожикистон Социал-демократик партияси раис муовини Амният Абдуназаров.

“The Economist Intelligence unit” тадқиқот марказининг янги рейтингида дунё давлатлари энг демократик, қисман демократик, гибрид (аралаш) ва авторитар режимларга ажратилган.

Рейтингда бу гал Норвегия дунёдаги энг демократик давлат сифатида эътироф этилган.

Марказий Осиё давлатларидан Ўзбекистон ва Туркманистонга энг авторитар давлатлар қаторидан жой берилган. Қирғизистон эса минтақадаги қисман демократик бўлган давлатлар қаторига киритилган.
XS
SM
MD
LG