Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:36

2011 йил якунлари: Соғлиқни сақлаш


Йил якунларига бағишланган мақолаларнинг навбатдагисида соғлиқни сақлаш соҳасидаги вазиятга бир назар ташламоқчимиз. Андижонлик бир докторнинг айтишича, хусусий клиникалар очишга қарор қилган шифокорлар учун 2011- йили кенг имкониятлар очилди. Давлатга қарашли поликлиникалар ҳамда касалхоналар билан бир қаторда фаолият кўрсатаётган хусусий клиникалар кўпайиб бораётганини оддий ўзбекистонликлар ҳам айтмоқда. Бироқ бухоролик бир врачнинг айтишича, бу соҳадаги хусусий секторнинг ривожига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган муҳим бир омил бор.


Бухоролик Исроил ака 1992 йили соғлиқни сақлаш соҳасини ташлаб кетганида 22 йиллик стажи бор олий тоифали жарроҳ эди.

Дўхтирликдан кетиши сабабларини тушунтирар экан, Исроил ака бундай деди.

- Мен кетган даврда хусусий клиника очиш мураккаброқ эди. У пайтда эски социализмнинг қолдиқлари бор эди. Рухсат бермас эди, жой бермас эди. Иккинчи сабаб, даблат ташкилотида ишлаб туриб совға олволасизми, биттаси пул берадими қамалиб кетиш ҳеч нарса эмас эди, дейди Исроил ака.

22 йиллик стажи бор олий тоифали жарроҳ дўхтирликни ташлаб кетишини тузалиб кетгани учун миннатдор бемор берган совғани, деб қамалиб кетишдан қўрққани билан изоҳлади.

Бугунги шароит бўлганида, Исроил ака ўша – 1992 йилдаёқ хусусий клиника очиб олган бўлар эди.

Масалан, андижонлик дўхтир Аҳмаджон ака каби. Аҳмаджон аканинг айтишича, кейинги йилларда, айниқса, якунига етиб бораётган йилда дўхтирлик фаолияти учун давлатдан лицензия олиш анча осонлашган.

- Ҳозир шу йил ниҳоятда яхши йўл қўйиб берди. Масалан кимнинг шароити бўлса, битта уйи, иккита-учта хонаси бўлса, шуни имкон даражадида давлат стандартига жавоб берадиган ҳолатда қилиб очсанглар, мана бемалол рухсат деб.

Озодлик: Лицензия олиш осонми қийинми?

- Қийин дейишарди. Лекин мен мана ҳаракат қилдим. Облздрав томондан ҳам кўп ëрдам беришди. Лекин лицензияни иложи борича енгиллик билан олдим десам бўлаверади.

Озодлик: Неча ой ëки неча ҳафта сарфладингиз лицензия олиш учун?

- Лицензия иолиш учун бир ойлар атрофида кетди. Ўзимнинг нимам бўлди. Бўлмаса тезроқ олардим.

Озодлик: Бир ой кетди-а?

- Бир ойга етиб етмай. Ўзимнинг бошқа ишларим ҳам чиқиб қолди. Вақтим бўлмай нима бўлдида. Иложи борича ҳамма ëқни тайëрласангиз, бир кунда қилса бўлаверадиган нарса экан, дейди хусусий тартибда тиббий хизмат кўрсатиш учун лицензияни бир ойда олган андижонлик дўхтир Аҳмаджон ака.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев ўзи яшаб турган ҳудудда хусусий клиникалар кўпайиб қолганини айтади.

- Мана яқин бир-икки йилдан бери ўзимизнинг оила аъзолари ҳам мурожаат қиладиган, бизга яқин жойда Давр деган хусусий клиника бор. Яна Нуршифо деган клиника борлигини айтишади. Икки кун олдин бизникига келган меҳмонлар бир-икки соат ўтиришгандан кейин тараддудланиб қолишди “бир касалимиз бор кўриб кетайлик” деб. Қаерда ëтибди, десак, “Шу операция қилдирган эди чуррани” деди. Кейин қизиқсам частний клиникада экан. Мен биламан мана текстил томонда реабилитация маркази бор. Хусусий шифохоналар анча кўпайиб қолган Фарғонада, дейди фарғоналик Абдусалом Эргашев.

Хусусий клиника – албатта, пулли клиника. Лекин бу гапдан “давлатники бепул” деган маъно ўз-ўзидан келиб чиқмаслигини ҳар бир ўзбекистонлик билади. Давлатники расман бепул, лекин...

“Лекин”и – бошқа мақола учун мавзу.

Хўш, хусусий клиникаларда кўрсатиладиган нархлар қандай?

Бу ҳақда бироз тасаввурга эга бўлишингиз учун Тошкентдаги “Doctor D” кўп профилли госпиталининг баъзи нархларини келтирмоқчимиз.

Масалан, “Doctor D”нинг тез ёрдам хизматидан уйингизда фойдалансангиз, 59 минг сўм тўлайсиз.

Лекин, “Doctor D”дан тез ёрдамни кўп ичиб қўйганингиз учун бошингиз оғриётганлиги сабабли чақирсангиз, чўнтакдан 59 минг эмас, балки 80 минг сўм чиқаришингизга тўғри келади.

80 минг сўм бозор курсида шу кунда 28 АҚШ долларига тенг ақча.

Нима учун маст касал оддий касалдан “қимматроқ”?

Бу саволни “Doctor D” вакилига бердик.

- Бу ерда гап шунчаки маст устида эмас, балки алкоголли ичимликдан заҳарланган бемор устида кетаяпти. Бундай беморни даволаш учун кўп вақт кетади ва қўшимча ҳақ ўша вақт учун олинадиган пулдир, деб тушунтирди “Doctor D” вакили.

Биз тинглаётганингиз лавҳа давомида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни атрофлича ёритиш масъулиятини зиммамизга олганимиз йўқ.

Масалан, мутахассислар фикрича, Ўзбекистонда соғлиқни суғурта қилиш масаласи ҳали кун тартибига ҳам чиққани эмас.

Шу кунда кўзга ташланиб турган бир ижобий кўриниш хусусий клиникаларга йўл очилганидир. Бу эса, беморга танлаш имконини беради.

Лавҳамиз бошидаги қаҳрамонимиз – 1992 йили дўхтирликни ташлаган бухоролик жарроҳ Исроил акадан кейинги йилларда шароит пайдо бўлиб қолибди, нима учун ўзингизнинг хусусий клиникангизни очмаяпсиз, деб сўрадик.

- Биринчидан, тадбиркорлик иши билан шуғулланаяпман. Иккинчидан, очган тақдирда ҳам ҳозир халқда пул йўқку. Масалан бир укол бунча, бир бинт бунча, битта операция бунча дейишга бетим чидамайди. Касал ўзи юпун келса, унинг нимасини оласиз? Ана шу томонига бет чидамагани учун ҳам қайтиш йўқда. Халқ тўқ бўлса, фаровонлик ошса, халқнинг ойлиги ҳам ошса, уларнинг бериш қобилияти бўлган тақдирда қайтиш. Ëш ҳам қайтиб қолди энди, деди 22 йиллик иш тажрибасига эга бухоролик жарроҳ Исроил ака.
XS
SM
MD
LG