Линклар

Ўзбекистон: Қиш "манзаралари"

  • Садриддин Ашур

Кесилган дарахтлар ёқиб тугатилгач, андижонликлар дарахт томирларини кавлаб олмоқда.

Кесилган дарахтлар ёқиб тугатилгач, андижонликлар дарахт томирларини кавлаб олмоқда.

Ушбу ҳафтада Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетди. Ўзбекистоннинг шимолий вилоятларида термометр даражаси – 25 – 20 даражага тушгани айтилмоқда. Совуқ кунларда Ўзбекистон қишлоқларида газ ва электр энергиясининг тақчиллиги аҳолини янада мушкул аҳволга солиб қўйди. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг турли вилоятларига қўнғироқ қилиб, ўзбекистонликларнинг қандай қишлаётгани билан қизиқдик.


“Совуқда банан қоп-қорайиб кетар экан”


Ўзбекистонликларнинг айтишларича, “Қиш ўчоғи тор, тур уйингга бор” халқ мақоли бугун халқ турмишида ўз аксини топгандай. Вилоятларда қишлаш оғир кечяпти, Тошкентда эса енгилроқ.

Қишнинг қанчалик қаттиқ келишидан қатъий назар пойтахт аҳолиси учун ҳозирча, онда-сонда ўчиб турадиган электр чироғини айтмасак, деярли ташвиш йўқ. Пойтахт хонадонларида газ гуриллаб ёняпти. Фақат пойтахт бозорларидаги бозорчилар қишнинг бундай қаттиқ келишини кутмаган кўринади.

Тошкентлик уй бекаси Феруза опанинг айтишича, Юнусобод бозоридаги аксарият меваларни сотувчилар совуққа олдириб қўйган:

- Бозорга борган эдик. Ҳамма мевалар музлаб қолибди тош бўлиб. Бананларни илиб қўйишган қоп-қора қилиб. Короче ҳаммаси замороженний эдида Юнусобод бозорида. Кеча бозор қилмоқчи эдик. Олмани олсак музлаган, картошка олсак музлаган. Совуқ бозор ичи. Ҳеч қанақа шароит йўқ эканда. Сотувчилар ҳам умуман қотиб қолган. Кеча 15 градус бўлдию тунда,- дейди тошкентлик Феруза опа.

“Ўтин ҳам қолмади, навбат дарахт томирларига етди”


Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида истиқомат қилувчи пенсионер Садирохун Сўпиевнинг айтишича, қаттиқ келган қиш одамларни саросимага солиб қўйди. Андижон шаҳрининг ўзида ҳам газ танқислиги сабаб, одамлар ўтган йили кесилган чинорларнинг томирларини кавлаб олишмоқда:

- Бугун мен умуман кўчага чиқмадим. Кўмир йўқ. Бир тоннадан берган кўмирни тугатдик. Жуда ëмон бўлаяптию. Қўйнинг гўнгини ëқаяпмизда энди. Практикада бу Садриддин. Постоянно тоқ йилда қиш қаттиқ бўлади. 1943 йилда ҳам немис тоқ йилда қотган совуқдан. Бизда ҳозир ток йўқ. Қоронғи. Умуман бугун ток бергани йўқ. Бир нарса деб арз қилиб бўлмаса. Арз қиладиган ташкилотнинг ўзи йўқ бўлса. Кимга арз қилишингни ҳам билмайсан.

Озодлик: Одамлар қандай жон сақлаяпти? Ўтини йўқлар нима қилаяпти?

- Ўтини йўқлар ўғирлайди. Колхознинг экиб кетган тутларини арралашади. Ҳатто мен кўрдим илгари куни Андижонда. Шаҳарда катта чинорларни кесворадию. Ўша дарахтларнинг тагини катта одамлар ўйиб, томирларини чиқариб кавлашаяпти. Шаҳарда энди бу, - дейди андижонлик Садирохун Сўпиев.

“Ўқувчилар мактабга ўтин кўтариб боришяпти”


Исмини ошкор қилмаган қўқонлик отанинг айтишича, биринчи синф ўқувчиларига ҳам мактабга ўтинсиз келмаслик буюрилган:

- Совуқ бўлаяпти. Нима қилайлик энди? Газ йўқ. Газ номига ëнаяпти. Свет ўчган. Домдагилар пастга тушиб овқат қилаяпти экан.

Озодлик: Домдагилар уйини қандай иситади?

Свет ўчса, энди кўрпаларга ўраниб олар эканда. Биз ҳам икки қават кўрпада ўтирибмиз. Свет йўқ. Свет ëнса, озгина исиб олаяпти. Билмай қолдик нима қилишни. Аëллар ҳокимиятга борибди. “Бор, нима қилсанг қилавер” дебди. Қўқон ҳокимиятигада.

Озодлик: Болалар қандай қилаяпти? Мактаблар иссиқми?

Мактабга ўтин олиб бораяпти. Қизалоқ биринчи синфда ўқийди. Дада, қўлим музлаб қолди, деб келди. Икки-уч кун боргани йўқ. Синфнинг ичида печка ëқаркан. “Устимни ҳидланг. Тутаб кетаяпти устим” деб келади қизим. Қизим кичкинаку. Ëлғон гапиришни билмайдику. Кечаги куни “печкаси нам экан” деди. Свет йўқлигига сув ҳам бўлмаяпти. Сув ҳам музлаб қолаяпти,- дейди қўқонлик ота.


“Пенсиялар 100 фоиз газ тўлови учун ушлаб қолинди”


Ўзбекистонлик расмийлар қиш кунларида газ бўлмаслигининг асосий сабабларидан бири аҳолининг қарздорлиги эканлигини айтиб келадилар. Бироқ бир тутам пенсиясига қараб турган отахону-онахонлардан бир оғиз ҳам сўрамасдан пенсия пулини юз фоиз газ тўловига ўтказиб юборишга унча-бунча одам журъат қилолмаса керак. Бироқ, Навоий вилоятининг Конимех тумани ҳокими шундай ишга журъат қилган кўринади.

Конимех туманида яшовчи Аброр исмли ҳайдовчининг айтишича, гарчи газ идораларининг уларнинг оиласидан 100 минг сўм қарзи бўлса-да, бироқ унинг ота-онаси пенсияси бутунлай газ тўловига ўтказиб юборилган:

- Уч кун совуқ бўлди. Кеча, бугун яхши бўлди. Лекин уч кун совуқ бўлди. Радиоларда 5-10 градус деяпти, лекин 19-20-23 гача кўтарилди деб айтаяпти одамлар.

Вилоят ҳокимининг ўзи очиқчасига айтди. “Газдан ҳамма қарз. Умуман бўлмайди газ. Электр токи ҳам бўлмайди” деди. Газ кам берилаяпти. Пули ойликдан олинаяпти. Оилада беш киши ишлайдиган бўлса, умуман давлат берадиган пулнинг ҳаммасидан қайтариб олаяптида. Пенсиялар 100 фоиз қайтариб юборилди. Конимех туманида 100 фоиз газга қайтарилди. Ҳар бир одамдан 100 минг қайтаргандан кейин ëқиб қўйган.

Пенсияни қайтаргандан кейин ҳамма райгазга югуриб борган. Райгазда ҳеч ким йўқ. Фақат диспетчер бор. У “мен ҳеч нарса билмайман” дейди. Ҳокимият ҳам шу гапни айтади. Одамлар кимга мурожаат қилишни билмаяптида. Мана мен ҳозир Конимех туманида яшаяпман. Почтага телефон қилиб “Нима уучн 100 фоиз пенсия қайтарилди” десам, “Райгаз ва ҳокимият шунақа буйруқ берган. Шуни қилишимиз керак. Почтага келсанг, жавоб бераман” деди. Кейин вилоят почтасига телефон қилдим. “Почта ўз ишини қилсин. Ведомостда ëзилган пулни олиб келиб берсин” десам, “Тармоқлараро бир нима ташкил қилинган. Электросет, райгаз, почталар келишиб, шундай олиб қолиш мажбурий” деди,- дейди конимехлик Аброр.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG