Линклар

logo-print

Йилтўқсон (қипчоқлар жилтўқсон дейди) қадим туркий тақвимда декабр ойига тўғри келади.


Манғит тарафларда қиш тўқсони ҳам дейишади.

Қозоғистонликлар Григорий тақвимидаги декабр ойини Желтўқсон деб расман қабул қилишган.

1986 йили Қозоғистонда ватан калимаси "родина"¸ оила эса "семья" деб юритилар¸ ой номлари ҳам “барча совет кишилари” учун таниш ва қадрдон Григорий календари бўйича эди.

1986нинг декабр ойида Қозоғистон раҳбари Динмуҳаммад Кунаев ишдан бўшатилиб¸ унинг ўрнига Геннадий Колбин исмли бир мулозим Кремл тарафидан тайинланди.

Қозончининг эрки бор¸ қайдан қулоқ чиқарса¸ деган маънода Кремл Қозоғистонга қозоқ бўлмаган одамни раҳбар қилишга жазм қилди.

Аммо Кремл учун ҳам¸ “барча совет кишилари “ учун ҳам кутилмаган исëнни қозоқлар орасида пайдо қилди бу тайинлаш.

Совет даврида устидан кулинган¸ Болтиқбўйи ва Кавказ билан муқояса қилинганида исëн потенциали деярли йўқ деб билинган қозоқ ëшлари намойишга чиқишди.

Атом бомбалари билан қуролланган Совет ҳукумати раъйига қарши чиқишга деярли илк бор қозоқ ëшлари журъат топа олди.

Аммо ўша пайтдаги Совет раҳбарияти уларга қарши ўқ отмади.

Намойишчилар сапëр белкураклари билан уриб ҳайдалди. Ўт ўчириш машиналари уларга қараб сув сепди.

Аммо бўлар иш бўлган эди.

Метин қоядек тик турган Совет ҳукумати қуролсиз қозоқ ëшларининг жасоратли чиқишидан чирс этиб дарз кетди.

Бу дарз кетган қоя сал ўтмай гурсиллаб йиқилди...

Тарихга Желтўқсон дея кирган бу воқеа 1986 йилнинг 16 декабрида юз берган эди.

Орадан йиллар ўтиб оддий совет фуқароларидан¸ мустақил қозоқ азаматларига айланганлар яна 16 декабр куни Жанаўзанда майдонга чиқишди.

Бу сафар ҳам уларни ўртага етаклаган нарса ор-номус масаласи эди.

Гарчи талаблар иқтисодий бўлса-да¸ улар Қозоғистон президентининг куëви Темур Кулибаев эга бўлган бизнес империясига қарши чиқаëтган эди.

Бу сафар намойишчилари бошига сапëр белкураги эмас¸ балки қўрғошин ўқлар келиб тегди.

Куëвни пайғамбар ҳам сийлайди¸ деган гап бор. Аммо бу Назарбоевга тегишли эмас.

22 декабр куни Назарбоев ўз куëвини ишдан бўшатди..

Айнан Назарбоев Желтўқсон сабоғини ҳаммадан яхши билса керак¸ деб ўйлашга асосимиз бор.

Агар 1986 йилнинг совуқ декабрида қозоқ ëшлари Геннадий Колбинга қарши чиқмаганида Назарбоевнинг юлдузи балқиб¸ мамлакатга султон бўлармиди....

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG