Линклар

Медведев ислоҳотлари: Ҳечдан кўра, кеч...


Дмитрий Медведев Россия халқига сўнгги бор мурожаат қилди.

Дмитрий Медведев Россия халқига сўнгги бор мурожаат қилди.

Губернаторларнинг тўғридан-тўғри сайлови, Давлат Думаси фаолиятини ислоҳ қилиш, сиёсий партияларни рўйхатга олишни осонлаштириш ва ҳоказо... Россия Президенти Дмитрий Медведев парламент олдида қилган сўнгги чиқишида мамлакат сиёсий тизимида ана шундай жиддий ислоҳотлар бошлаётганини маълум қилди.


Пайшанба куни Россия раҳбари Дмитрий Медведев парламент ялпи мажлисида қилган йиллик мурожаатида “мамлакатнинг сиёсий тизимида кенг қамровли ислоҳотлар” бошлаганини маълум қилди.

2012 йилнинг март ойида бўлиб ўтадиган президент сайловларида иштирок этмаслигини айтиб амалдаги бош Вазир Владимир Путинга йўл очиб берган Дмитрий Медведев, ўз президентлик муддати охирлаб қолай деганда Россияда қатор сиёсий ўзгаришларни амалга оширажагини билдирди.

Медведев ислоҳотлари


Медведевга кўра, Россия сиёсий тизимида қуйидаги ислоҳотлар амалга оширилади:

- Россия Федерацияси субъектлари раҳбарларини минтақа аҳолиси томонидан бевосита сайловига ўтишни таклиф этаман, деди президент Медведев.

2004 йилдан бери Владимир Путин ташаббуси билан мамлакатнинг 83та минтақаси губернаторлари фақат Кремл кўрсатмаси билан тайинланадиган бўлган. Кўп ҳолларда бундай номзодлар минтақа аҳолисининг жиддий қаршилигига учраб келган.

- Партияларни қайдга олишнинг соддалаштирилган тартибини жорий қилиш, - Медведевнинг бу таклифи анчадан буён қайд этилмай келаётган Россия мухолифат партиялари мушкулини осон қиладими, ўқми буни вақт кўрсатади, демоқда таҳлилчилар.

Россия раҳбари партияларни соддалаштирилган шаклда қайдга олишда “мамлакатнинг 50 фоиз минтақалари ваколатига эга бўлган 500 кишининг аризаси”ни топшириш кифоя бўлиши мумкинлигини гапириб ўтди.

- Давлат Думаси ва минтақавий қонунчилик органлари сайловларида иштирок этиш учун имзолар тўплаш заруриятидан воз кечишни таклиф этаман, деди Медведев.

Россия президенти 225 сайлов округлари бўйича мутаносиб вакиллик жорий қилишни таклиф этди. Бу тадбир, - дея қўшимча қилди Дмитрий Медведев,- ҳар бир минтақага парламентда бевосита ўз вакилига эга бўлиш имкониятини беради”.

Шу билан бирга, Дмитрий Медведев Россия президенти номзодлигига қайддан ўтиш учун 300 минг киши, парламентга кирмаган партиялар намояндалари эса 100 минг кишининг имзосини тақдим этишни қабул қилишни таклиф этди. Шунингдек, у “кенг қамровли ислоҳотлар” давомида сайлов комиссияларининг тузилиши ва фаолиятида ҳам ўзгартишлар жорий қилиниши зарурлигини уқтирди.

Медведевнинг Федерал Йиғин (парламент ялпи мажлиси) олдида қилган чиқишида энг жиддий таклифлари қаторига кузатувчилар ҳокимият марказлашиши принципидан воз кечишни киритмоқда. У Россия минтақаларини мажбурият ва ваколатлардан ташқари моддий таъминотини оширишни гапирди.

- Маҳаллий ва минтақавий бюджет манбалари кенгайтирилади, шу жумладан хусусийлари ҳам. Уларнинг миқдори 1 триллион рубл бўлиши мумкин, деб ҳисоблайман, - деди Дмитрий Медведев.

Медведев юқорида зикр этилган сиёсий ислоҳотлар босқичма-босқич бир неча йил давомида, жумладан кейинги президент томонидан давом эттирилишини айтиб ўтди.

Россия Президенти Дмитрий Медведев бугун яқинда мамлакатда ўтказилган сайловлар билан боғлиқ танқидларни ҳурмат қилиши ва агар қонун бузулиш холлари қайд этилган бўлса, уларни тузатишни ваъда қилди.

Шунингдек, Медведев ўз чиқишида “ўзгаришларни талаб қилаётганларни эшитаётганини” гапириб, мамлакат шаҳарларида бўлган намойишларда ташқи кучларнинг таъсири бўлганига ҳам ишора қилиб ўтди.

Медведев таклиф этган сиёсий ислоҳотлар яқин кунларда Давлат Думаси муҳокамасига киритилиши айтилмоқда.

Мухолифат ваъда қилинаётган ислоҳотлардан мамнун, лекин...


Мутахассислар Медведевнинг бир қатор эркинликлар тўғрисидаги ваъдаларига сўнгги пайтларда – айниқса 4 декабрдаги парламентга сайловлардан кейин – ҳукуматнинг олиб бораётган сиёсатидан норози бўлганларнинг оммавий чиқишлари сабаб бўлганини таъкидлашмоқда.

Президент Дмитрий Медведев нутқи кузатувчилар томонидан турлича баҳоланган бўлсада, уларнинг аксари сиёсий ислоҳотларни ижобий қабул қилишини билдирмоқда.

“Панорама” Илмий-тадқиқот маркази раҳбари Владимир Прибиловский гапиради.

- Ниҳоят, президент ўзини мақташни тугаитиб гапирган икки оғиз гапида мухолифат ундан кутаётган жўяли фикрни тақдим этди. Премьер Путин икки кун аввал айтганидай губернаторлар сайловлари тикланишини маълум қилди. Партияларнинг қайдга олиниши соддалашишини гапирди... Албатта, буларнинг барчаси қабул қилинса, сиёсий тизим демократлашиш йўлида жиддий қадам қўйган бўлади,- дейди таҳлилчи Владимир Прибиловский.

Прибиловский ҳозирча минтақа раҳбарларини сайлаш принциплари тушунарсизлигича қолаётгани, яъни губернаторлар сайловига президент аралашуви эҳтимоли мавжудлигини қўшимча қилди.

ПАРНАС ёки “Халқ озодлиги партияси” раисдоши Владимир Рижков Озодлик билан суҳбатда Медведев ташаббусларини ижобий баҳолаган бўлсада, айрим ноаниқ вазиятлар мавжудлигини айтади.

- Умуман олганда, жамият талабларини бажариш томон қадам қўйилгани кўриниб турибди. Мухолифат партиялари, жумладан ПАРНАС қўяётган талабларнинг – губернаторлар сайлови, партияларнинг эркин қайд этилиши, сунъий тўсиқлар камайтирилгани, бир мандатли сайлов округлари, коррупцияга қарши кураш – бажарилиши ваъда қилинди. Бошқа томондан, Медведевнинг қарорлари бўлажак ҳокимият учун кенг демократик йўқ очяпти, аммо асосий масалани ҳал этмаяпти: шу ойда ноқонуний сайланган ҳокимият масаласини назарда тутяпман. Шу ўринда мен Болотная майдони талабларини бажарилишини, яъни кейинги йил охирига қадар янги парламент сайловларини ўтказишни талаб қиламан, - дейди мухолифат етакчиси Владимир Рыжков.

Айни пайтда, парламент сайлови натижаларига норозилик билдираётган Россия мухолиф кучлари бошчилигида 24 декабр куни Сахаров проспектида бўлиб ўтадиган оммавий акцияда иштирок этиш истагини билдирганлар сони кун сайин ошиб бормоқда.

Интернетдаги Facebook ижтимоий тармоғида 40 мингдан зиёд, “ВКонтакте” тармоғида эса 11 мингдан зиёд одам норозилик намойишига чиқишга ҳозирлик кўраётганини билдирди.
XS
SM
MD
LG