Линклар

logo-print

Н. Назарбоев: Жанаўзен тафтиши 2 ҳафтада тугатилсин

  • Барно Анвар

Нурсултон Назарбоев таъкидича, Жанаўзен воқеалари махсус уюштирилган провокацион акциядир.

Нурсултон Назарбоев таъкидича, Жанаўзен воқеалари махсус уюштирилган провокацион акциядир.

Қозоғистон президенти Жанаўзен воқеаси тафтиши учун ҳукумат комиссиясига 2 ҳафталик муддат берди.


Президент матбуот хизматига таяниб берилган хабарларга кўра, Ақтауда бўлган йиғилишда президент вице-премер Умурзак Шукеев бошчилигидаги ҳукумат комиссиясига Жанаўзендаги тўқнашувлар сабабини ўрганиш билан бирга муаммони ҳал қилиш бўйича конкрет таклифларни ҳам ишлаб чиқишни топширган.

Бундан ташқари, Қозоғистон президенти мамлакат Бош прокуратураси ҳамда Ички ишлар вазирлигига Жанаўзендаги тартибсизликлар бўйича барча қонунбузарликларни тафтиш қилишни ҳамда бу жараённи очиқ-ошкора олиб боришни топширди.

Бир неча қозоқ агентликлари хабарига кўра, Назарбоев Жанаўзен воқеаларини “провокацион характердаги режалаштирилган акция”, деб билиши ҳамда буни “акциянинг пухта режалаштирилгани ва ўтказилган вақти” ҳам кўрсатиб турганини айтган.

Хабарларга кўра, президент Нурсултон Назарбоев 16 декабр куни Жанаўзенда кўтарилган тартибсизликларга оид ҳукумат комиссияси ва куч ишлатар тузилмалари суриштирувларини шахсан назоратига олишидан огоҳлантирган.

23 декабр куни Ақтаудаги Каражанбасмунайгаз компанияси биноси ёнига йиғилган 500 га яқин нефтчи уларни ўз иш жойларига тиклаш тўғрисидаги талаб битилган мурожаатга имзо йиғиш кампаниясини бошлади.

Бундан бир неча кун муқаддам шу йилнинг май ойида ишидан айрилган собиқ ишчиларни ишга тиклаш масаласи кўриб чиқилиши ваъда қилинган, аммо уларга республиканинг бошқа минтақаларидаги корхоналардан иш берилиши мумкинлиги айтилган эди.

Бугун Ақтау марказига йиғилган нефтчиларни ҳукуматнинг бу таклифи қониқтирмаяпти ва улар аввалги иш жойига тикланишини талаб қилмоқдалар.

Нефтчиларни қувватлаган аҳоли вакиллари эса бугун Ақтау шаҳри марказига йиғилиб, сўнгги 6 ой ичида оғир моддий аҳволда ҳаёт кечирган ва тўхтовсиз митинглардан хориган ишчилар ҳамда уларнинг оилалари ҳақлари тўлиқ тикланишини талаб қилмоқдалар.

Жанаўзен нафтчиларини қувватланган норозилик намойишлари Ақтау шаҳрида 18 декабр кунидан буён давом этмоқда.

Эслатамиз, 16 декабр куни Жанаўзенда бораётган намойишлар ва полиция ўртасида кўтарилган тўқнашувлар чоғида расмий маълумотларга кўра, 16 киши қурбон бўлган, 108 киши жароҳатланган. Аммо, норасмий маълумотларда ўлганлар сони бундан бир неча барорбар кўп экани айтилмоқда.

Шу каби норасмий манбалар илгари сурган барча маълумотларнинг ўрганилиши ҳамда Жанаўзен воқеалари бўйича илгари сурилган барча тахминларга 2 ҳафта ичида ойдинлик киритилишини талаб қилаётган президент Назарбоев 22 декабр куни ушбу минтақадаги раҳбарларни ҳам ишдан олди.

Булар орасида Манғистау вилояти ҳокими Кримбек Кушербаев ва "Самрук-Казына" давлат жамғармаси бошқаруви раиси бўлган Назарбоевнинг куёви Тимур Кулибоевлар бор.

Тимур Кулибаевни нега ишдан олаётгани ҳақида президент аниқ изоҳ бермади. Аммо, Кулибаев раҳбарлигидаги "Самрук-Казына" давлат жамғармаси муаммога асосий маъсул "КазМунайГаз" ширкати акцияларининг 100 фоизига эгалик қилади.

Президент фармони билан эндиликда Манғистауга Бовуржон Муҳамеджанов ҳокимлик қиладиган бўлди. "Хабар" телеканалига кўра, "КазМунайГаз" ширкатига Лаззат Киинов раҳбар қилиб тайинлаган.

Лаззат Киинов ишга киришибоқ, собиқ нефтчиларни қабул қилишга тайёр эканини билдирди ва унинг 23 декабр куни Ақтауга йиғилган собиқ нефтчилар билан учрашиши кутилмоқда.

Қозоғистон президентининг воқеалар содир бўлганидан 1 ҳафта ўтибгина ўнлаб одамнинг ҳаётига нуқта қўйган Жанаўзен воқеалари суриштируви ҳақида янграган кескин баёнотлари айни кезда қозоғистонликлар томонидан турлича баҳоланмоқда.

Жумладан, “Азат” партияси бош котиби Амиржан Кўсанов Манғистауга Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг собиқ вазири Бовуржон Муҳамеджановнинг олиб келингани аҳволни ўнглашига бироз шубҳа билан қарайди.

- Бовуржан Муҳамеджанов ИИВ вазири бўлган ва унинг ўша кезда қилган ишлари ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилмаган, халқ буни хотирлайди. Ўшанда Алтинбек Сарсенбаев, Заманбек Нуркадиловлар ўлдирилган эди. Бу ярим-ёрти чоралар нима иш беришини вақт кўрсатади энди, - дейди Амиржан Кўсанов.

“Адилет” партияси етакчиси Максут Нарикбоевга кўра эса раҳбарларнинг шу тариқа алмаштирилгани айни вазиятда жуда тўғри қарордир.

Унинг фикрича, президентнинг куёви бўлмиш Кулибаев "КазМунайГаз"дан юқори турувчи "Самрук-Казына" давлат жамғармасига раҳбар сифатида бу муаммони 6 ойдан буён ҳал эта олмагани учун жуда тўғри жазоланган.

Сиёсатнинг фикрича, айни воқеа келгусида президентга ўриндош ўлароқ кўрилаётган Кулибаев обрўсига путур етказмай қолмайди.

- Бу воқеанинг туб илдизи адолатсизликка бориб тақалади. Адолат талабига риоя этилмагани, ижтимоий адолатсизликка йўқ қўйилгани боис бу муаммо юзага чиқди. Бу жуда жиддий хатодир, - дейди “Адилет” партияси етакчиси Максут Нарикбоев.

Айни кезда мамлакатдаги бир қатор мухолиф партиялар фаоллари Жанаўзен воқеалари бўйича уларнинг иштирокидаги мустақил комиссия тузиш талабида давом этмоқдалар.

Сўнгги маълумотларга кўра, бугун Алматида бўлган матбуот анжуманида турли партиялар етакчилари Жанаўзен қурбонлари хотирасига мамлакатда мотам эълон қилиниши ҳамда 2012 йилнинг 15 январида бўладиган парламент сайловини кечиктиришни таклиф қилмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG