Линклар

Санкт-Петербургнинг Виборг туманида асосан ўзбек таксичиларини талаган тожикистонликлардан иборат жиноий гуруҳ қўлга олинди.


Тергов тахминларига кўра, шаҳарнинг Виборг туманида киракашларни талаган шахслар бир хил усулдан фойдаланган.

49-сонли Виборг туман ички ишлар бўлими бошлиғи Юрий Добронравовга кўра, талончилар йўлда бирор ўзбек таксичисини тўхтатган ва машинага икки киши - Зафар Амиров ва Саидраҳмон Раҳмоновлар ўтирган.

- Улар киракашдан Шимолий қабристонга олиб боришни сўраган. Шаҳардан чиқиб кетаётган автомобил ҳайдовчиси ортидан жиноятчиларнинг яна бир шериги ВАЗ автомобилида борган ва машинани орқасидан тўсган, - дейди Юрий Добронравов.

Аниқланишича, Михайловка посёлкасидаги овлоқ жойлардан бирида улар пистолет ва пичоқ билан таҳдид қилиб, таксичилардан қимматбаҳо буюмлари, қўл телефонлари ва пулларини тортиб олган.

Ўз қинғир ишларини Тожикистон фуқаролари асосан қоронғу пайтда бажарган.

Жиноятчилар ноқонуний равишда таксичилик қилиб юрган ўзбеклар полицияга мурожаат қилмаслигига ишонган ва шу сабабли жиноят жойидан тезроқ ғойиб бўлишга ҳам шошилмаган. Бироқ энг охирги жабрдийда-киракаш зудлик билан йўл-пост хизмати ходимларига мурожаат қилган ва тафсилотларни гапириб берган.

Талон-тарожда айбланаётганлар темир йул ёқасида ҳибсга олинган. Тожикистонликлардан совуқ қурол, травматик пистолет ва ВАЗ автомашинаси мусодара қилинган. Аммо ҳибс этилган уччала йигит жиноятга алоқаси йўқлигини ва полиция уларни бирор сабабсиз қўлга олганини гапирмоқда.

- Мен такси тўхтатиб, машинада кетаётган эдим. Бизни йўлда полиция тўхтатди. Мана бу ерга олиб келди. Умуман алоқам йўқ бу ишларга, - дейди ўзини Саидраҳмон Раҳмонов деб таништирган айбланувчилардан бири.

Санкт-Петербург Ички ишлар бошқармаси бу шахсларнинг бошқа шу каби қатор жиноятларга алоқадорлигини текширмоқда.

Виборг туман полицияси шундай ҳодисалар тўғрисида бирор маълумотга эга гувоҳларни шаҳар полициясига мурожаат қилишларини сўрамоқда.

Судда айбланувчиларнинг бу жиноятларга алоқадорлиги исботланса, жиноий гуруҳ таркибида содир этган талон-тарожи учун улар бир неча йилга озодликдан маҳрум этилишлари мумкин.
XS
SM
MD
LG