Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:46

Тўражонзоданинг иши судга оширилди


Ҳожи Акбар Тўражонзода Тожикистон собиқ муфтийси, собиқ бош вазир ўринбосари ва собиқ депутатдир.
Ҳожи Акбар Тўражонзода Тожикистон собиқ муфтийси, собиқ бош вазир ўринбосари ва собиқ депутатдир.

Тожикистонда ака-ука Тўражонзодаларнинг иши судга оширилди. Ваҳдат туман прокуратураси уларни республика маъмурий жавобгарлик Кодексининг 460 моддаси, яъни безориликда айбламоқда. Бошқа тафсилотлар билан Душанбедаги мухбиримиз Гулнора Равшан таништиради.


Тожикистон Бош вазирининг собиқ муовини Ҳожи Акбар Тўражонзода ва Муҳаммадия масжидининг собиқ имоми Нуриддин Тўражонзода Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдуқодирзодага туҳмат қилганлик ҳамда у ва ҳукуматнинг бошқа мулозимларини таҳқирлаганликда айбланмоқда.

9 декабр куни республика муфтийси бошчилигидаги Тожикистон Дин ишлари бўйича қўмитаси ва миллий хавфсизлик хизмати вакилларидан иборат ҳукумат гуруҳи Ваҳдат туманидаги Тўражонзодалар оиласига тегишли Муҳаммадия масжидига борган эди. Улар масжидда тўпланган намозхонларга Тожикистон Ислом маркази уламолар кенгаши қабул қилган баёнотини ўқиб эшиттириш мақсадида у ерга борган эди.

Ислом маркази уламолар кенгаши 6 декабр куни “Ховар” давлат хабар агентлиги расмий сайти орқали тарқатган баёнотида Ҳожи Акбар Тўражонзодани жамиятга ёт бўлган шиа мазҳабини тарғиб қилаётганликда айблаб чиққанди.

Баёнот муаллифлари иқтидордаги ҳукуматдан Тўражонзодалар оиласи ҳатти-ҳаракатларига нисбатан чора кўрилишини ҳам сўраган эди.

Маълумотларга кўра, жума намозини ўқиш учун Муҳаммадия масжидига тўпланган мусулмонлар тўсатдан масжидга кириб борган ҳукумат гуруҳини “Оллоҳу акбар” такбирини айтиб, масжиддан чиқариб юборган ва ҳатто уларга жамоат билан бирга намоз ўқишга рухсат ҳам бермаган.

Ўшандан сўнг Ҳожи Акбар ва Нуриддин Тўражонзодалар Ваҳдат туман прокуратурасида сўроқ қилиниб, уларга нисбатан иш очилган эди. Ҳозирда Тўражонзодалар оиласига тегишли Муҳаммадия масжидида жума намозлари ўқиш тақиқланди. Маълумотларга кўра, бу масжидда ҳар жума намозига 15 мингга яқин мусулмон тўпланган.

Ваҳдат туман прокурори муовини Наимжон Ҳасанов “безорилик” да айбланаётган Тўражонзодаларнинг иши судга оширилганига оид маълумотни тасдиқлади.

Айни пайтда Ҳожи Акбар Тўражонзода ўзи ва укасига қўйилган айбловнинг сохта эканини айтади.

- Биринчидан қонунни улар (Тожикистон муфтийси бошлиқ ҳукумат гуруҳи назарда тутилмоқда,таҳр.) бузди. Улар Тожикистон жиноят Кодексининг 151 моддасини қўпол тарзда бузди. Бу моддада “иботадга халақит бериш жиноят” экани белгилаб қўйилган. Муфтий бошлиқ ҳукумат одамлари соат 12 яримда масжидга кириб келишди. Бизнинг жума кунги мавизамиз эса 12 да бошланган эди. Намозхонлар имомнинг суҳбатини тинглаётган эди. Улар нохос масжидга кириб келиб, ибодатимизга халақит беришди. Бошқа томондан муфтий “салафий”, деб менга туҳмат қилди”, деб даъво қилаяпти. Лекин бизда республика муфтийсининг ўзи салафий эканига оид аниқ ва асосли далилларимиз бор, дер экан Тўражонзода, ўзи ҳам Ваҳдат туман прокуратурасига муфтий ва ҳукумат гуруҳининг ибодатга халақит бергани юзасидан шикоят қилганини билдирди.

Бироқ, дея қўшимча қилди Тўражонзода, бизга номаълум сабаблар билан ҳозиргача аризамиз кўриб чиқилгани йўқ.

Тожикистонлик ҳуқуқшунос Қимматгул Розиеванинг гапига қараганда, фуқаролар аризаси уч кундан ўн кунгача бўлган муддат ичида ўрганилиб, ариза юзасидан прокурор қабул қилган қарор эълон қилиниши лозим.

- Лекин қонун бўйича Тўражонзода ва муфтий Саидмукаррам Абдуқодирзода ўртасидаги баҳс судда кўрилиши лозим эди. Чунки бу хусусий баҳс саналади. Яъни бу икки жисмоний шахс бевосита судда ўз ҳуқуқларини ҳимоялашга ҳақли. Аммо нега Ваҳдат прокуратураси бу ишни ўз зиммасига олганига ҳайронман. Балким, улар Тўражонзодани жавобгарликка тортишдан манфаатдордир, дейди ҳуқуқшунос Қимматгул Розиева.

Ваҳдат туман прокурори муовини Наимжон Ҳасанов эса ака-ука Тўражонзодалар ҳақ-ҳуқуқлари бузилаётганига оид даъволар ҳақиқатдан йироқлигини таъкидлади.

- Тўражонзодалар ишида қонунбузарлик йўқ, барча ҳаракатларимиз қонун доирасида амалга оширилмоқда. Қолверса, Тўражонзодалар иккита адвокатлари билан бирга протоколларимиз билан танишиб чиқди ва имзо ҳам қўйди. Тўражонзодаларга мамлакат маъмурий жавобгарлик Кодекси бўйича иш очилган, дея билдирди прокурор муовини Ҳасанов.

Муфтий билан орада кечган баҳслардан сўнг Нуриддин ва Маҳмуджон Тўражонзодалар Муҳаммадия масжиди имоми вазифасидан бўшатилди.

Ваҳдат туманида эса, Ҳожи Акбар Тўражонзоданинг айтишича, 150 ка яқин намозхон ҳибсга олинган. Уларнинг баъзилари ўн кунлик қамоқдан сўнг уйларига қайтгани айтилмоқда. Қолганлари эса ҳамон вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сўроқ қилинмоқда, дейди Ҳожи Акбар Тўражонзоданинг.

Ваҳдат туман судидан олинган маълумотларга кўра, ака-ука Тўражонзодалар иши 2012 йил бошида кўриб чиқилади.
XS
SM
MD
LG