Линклар

Ўзбеклар четда топган пулини ватанида сармоя қила олмайди


Ўзбекистонликлар юбораётган пул Ўзбекистон давлат бюджетининг камида тўртдан уч қисмига тенгдир.

Ўзбекистонликлар юбораётган пул Ўзбекистон давлат бюджетининг камида тўртдан уч қисмига тенгдир.

2011 йилнинг учинчи кварталида Россиядан Ўзбекистонга 1,5 миллиард АҚШ доллари юборилди. Россия Марказий банки эълон қилган маълумотларда шундай дейилади. Ўзбекистон йиллик бюджетига солиштирганда анчагина салмоқли ҳисобланган бу маблағнинг каттагина қисми ўзбекистонлик мардикорларга тааллуқлидир. Янги рақамларнинг эълон қилингани муносабати билан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари топаётган пуллар нимага сарфланмоқда, деган саволга қайтишга қарор қилдик.


Россия Марказий банки берган маълумотларга кўра, ўзбекистонлик мардикорлар ҳар йили Россиядан Ўзбекистонга жами 6 – 8 миллиард АҚШ доллари миқдорида пул юборади.

Бу рақам ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи Миркомил Тошкандий тахминларига ҳам тўғри келади.

- Ўзбекистонда ўзи бир йилда 4 миллиарддан 8 миллиард долларгача, яқин 5 миллион ўзбекистонлик чет элларда ишлаб юрибди, улар ўша пулни жўнатиб турибди.

Иқтисодчининг айтишича, бу Ўзбекистон давлат бюджетига солиштирганда жуда салмоқли пулдир. Халқаро молия ташкилотлари тахминларига кўра Ўзбекистон давлат бюджети 12-13 миллард АҚШ долларини ташкил қилади.

Иқтисодчи Миркомил Тошкандий четда қийин шароитда шунча пул топа олган ўзбеклар ўз ватанларида шароит бўлганда бунданда кўпроқ фойда келтиришлари мумкин эди дейди. Лекин Ўзбекистонда иқтисодий эркинликларнинг йўқлиги боис четда катта пул топаётган ўзбеклар мамлакат иқтисодига ҳисса қўша оладиган сармоядорга айлана олаётгани йўқ, дейди яна иқтисодчи.

- Лекин улар бир томондан тўғри қилади. Ўша пулни ишлаб чиқариш, Ўзбекистонга сармоя киритмасликка тўғри қилади. Чунки Ўзбекистон давлатининг ўзи, ҳукумат идоралари, солиқ идоралари, бошқа идораларнинг иши номувофиқ бўлгани учун Ўзбекистонга сармоя киритиш ноқулай деб ўйлайман мен, дейди тошкентлик иқтисодчи.

Самарада меҳнат қилаётган 30 ёшли Улуғбекнинг иши мавсумий, у ишлаган пайтлари ҳар ойда уйига 500-600 доллар пул юбориб туради. Унинг айтишича, Россияда ишлаб топгани тирикчиликдан ортмайди. Лекин, Улуғбек пул орттирган тақдирда ҳам Ўзбекистонда уни дастмоя қилиб бирор тадбиркорлик фаолиятини бошлаш имконини кўрмагани боис сармоя қилиш ҳақида ҳозирча ўйланиб кўргани йўқ.

- Аҳолига очиш мумкин. Мисол учун тегирмон, бошқа нарса очиш мумкин. Масалан мен бордим, битта тегирмон сотиб олдимда. Свет деган ўлгур бир кунда икки соат ëнса. Электр масаласи қийинроқ. Ëки бошқа бир нарса қурса, бизга газ етиб келмаган, дейди Улуғбек.

Шунинг учун бўлса креак, аксар ўзбекистонликлар Россияда ишлаб топганларини асосан, уй ёки машина сотиб олиш ва, бу ёғи энди ўзбекчилик, тўйга сарфлайди, дейди кузатувчилар. Наманганлик 40 ёшли Шуҳрат ака етти йилдан бери Россияда уйларни ремонт қилиш билан шуғулланади. Бу вақт ичида уйда кўп ишларни қилишга улгурдим, дейди у.

- Тўй қилдим унинг ичида иккита. Икки укамга тўй қилдим. Уйларга замонавий қилиб безак кийгиздик. Мана ўзимнинг қўлим етмаяпти, лекин жўнатган пулдан қисиб бир нарса қилаяпмизда. Рўзғор катта, дейди Шухрат ака.

Иқтисодчи Миркомил Тошкандий четда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларга ҳозирги шароитда бирор бир соҳага сармоя ётқизиш хусусида маслаҳат беришдан тийилди, лекин ўзбеклар топган пулларини беҳуда сарфлаш маданиятидан ҳам воз кечиш фурсати етди, дейди. Масалан, тўю маракаларга ортиқча ҳаражат қилиш ўрнига фарзандлари келажагига сармоя қилсалар мақсадга мувофиқ бўлади, дейди у.

- Пул йиғилса, яхши бўларди. Нимага десангиз, Худо хоҳласа яхши кунлар келади. Ўшанда ўша сармоясини киритиб ишласа маъқул бўлади. Ўзбекистон ҳам қани Болтиқ бўйига ўхшаб, Чехия, Словакияга ўхшаб, уларда ҳам социалистик тузум бўлган, ҳамма нарса давлатники бўлган, лекин уларнинг ҳаëти яхшиланди. Ëшларимиз пулини тўйга сарфламасдан айланиб дунë кўриб келиб, ўшанда сармоя киритиб ишласа, ўзига бир нарса очса, ота-онасига қарам бўлмасдан ўзи мустақил нима қилса яхши бўлардида. Дабдабали тўйлар, кўз-кўз қилишлар ҳеч кимга керак эмас. Ҳатто Ўзбекистон халқининг ҳам ўзига шу ëқмайди, лекин минг афсуски, шу менталитетни ўзгартиришга на ҳукумат, на ўзбек халқи ҳаракат қилмаяпти, дейди Миркомил Тошкандий.

Самарада ишлайдиган Улуғбек эса, бугун Ўзбекистонда юзага келган вазият яқин келажакда аксар ўзбекистонликлар тирикчилиги, афсус, мардикорлар юбораётган пулларга боғлиқ бўлиб қолади, дея хулоса қилади.

- Коллеж, замонавий мактаблар қурилаяптида, конпютер ўрнаштирилган. Ëш болалар компютер соҳаси бўйича билим олиши керакда замонавий мактабларда. Аммо электр йўқ. Электр йўқлиги сабабли ëш болалар билолмаяпти, тушуна олмаяпти ўша нарсаларга, дейди Самарада мавсумий меҳнат билан шуғулланадиган Улуғбек.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG