Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:16

Муҳаммад Бекжон ҳали-бери чиқмайдиган кўринади


1999 йил феврал портлашларига алоқадорликда айбланган Муҳаммад Бекжон халқаро ташкилотлар томонидан сиёсий маҳбус дея тан олинган.
1999 йил феврал портлашларига алоқадорликда айбланган Муҳаммад Бекжон халқаро ташкилотлар томонидан сиёсий маҳбус дея тан олинган.

Ўзбекистонда мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг укаси Муҳаммад Бекжон озод бўлиши ҳақидаги гап-сўзлар ортидан унга нисбатан қамоқхона ички тартибини бузганлик бўйича тергов бошлангани айтилмоқда.


Маҳбус билан кўришиш учун Қашқадарёдаги қамоқхонага борган қариндошларидан бирининг айтишича, бир ой аввал маҳкама ўтказилиб, унда Муҳаммад Бекжонни амнистия асосида шартли озодликка чиқариш ҳақида қарор қилинган.

Энди эса унга нисбатан ички тартибни бузганлик бўйича тергов олиб борилмоқда, деди сиёсий маҳбуснинг қариндошларидан бири Озодлик билан ўзаро суҳбатда.

"Агар тергов ишни судга оширса, Муҳаммад Бекжонни озод қилиш ҳукми бекор қилиниши мумкин",- деди у.

Аммо бу маълумот ҳозирча расмий идоралар томонидан тасдиқлангани йўқ.

57 яшар Муҳаммад Бекжон 12 йилдан бери панжара ортида қолмоқда.

У 1999 йил февралида Тошкентда юз берган портлашлардан кўп ўтмай Украинада ҳибсга олиниб, Ўзбекистонга топширилган.

Ўзбекистондаги маҳкама уни Тошкентдаги портлашларга алоқадорликда айблаб, 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган эди.

“Қамоқхона ички тартибини бузганлик ҳақида гап-сўзлар бўляптими, демак Ўзбекистон ҳукумати таниқли сиёсий маҳбусни озодликка чиқариш нияти йўқ”,- дейди “Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Отаназар Орипов.

Ўзбекистондаги тажрибага кўра, қамоққа ташланган сиёсий маҳбусларнинг жазо муддатлари турли важлар билан узайтириб келинади.

Лекин, Муҳаммад Солиҳнинг яна бир укаси Рашид Бекжон шу йилнинг март ойида қамоқхона тартибини бузганлиги важидан Навоий шаҳридаги қамоқхона карцерига ташланганидан кўп ўтмай кутилмаганда озодликка чиқарилган эди.

52 ёшли Рашид Бекжоннинг 12 йиллик жазони ўтаб бўлганидан сўнг озодликка чиқарилиши ғарб билан мулоқотни қайтадан бошлашга уринаётган Ўзбекистон ҳукуматига халқаро босимларнинг натижаси ўлароқ кўрилган.

Муҳаммад Бекжон маълум муддат Қорақалпоғистонда жойлашган “Жаслиқ” жазони ижро этиш муассасасида сақлангани боис оғир турдаги сил касаллигига чалинган.

2005 йили Муҳаммад Бекжон озод бўлиши ҳақидаги гаплар тарқалди, ҳатто у жазони ўтаётган Қашқадарёдаги муассаса раҳбари буни тасдиқлаган эди ҳам, аммо кўп ўтмай қарор ўзгаргани маълум бўлди.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати "Эрк" партиясининг қамоқдаги бошқа фаолларига нисбатан ҳам амнистия қўллашдан бош тортиб келади.

Тошкент портлашларида айбланган таниқли адиб Мамадали Маҳмудов жазо муддати тугагани ва соғлиги ёмонлигига қарамай, ҳануз қамоқда қолмоқда.
XS
SM
MD
LG