Линклар

logo-print

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари мамлакатда гепатитга чалинганлар сони кўпаяётганидан ташвиш билдирмоқда.

Вазирлик расмийси Наврўз Жафаровнинг Озодликка маълум қилишича, тугаб бораётган йилнинг 11 ойи давомида А, Б ва С гепатитини юқтирганлар умумий сони республикада олти минг кишига етган.

Расмийга кўра, сариқ касални юқтирганларнинг 80 фоизи 14 ёшгача бўлган болалардир.

Вазирлик масъулларидан бири Сирожиддин Назаров гепатитнинг хатарли турлари саналган Б ва С аҳоли, хусусан, ёш болалар орасида тез тарқалаётгани ташвишланарли эканини таъкидлайди.

- Бу хасталикнинг аҳоли орасида тез тарқалаётганининг бир қанча омиллари аниқланди. Бу касаллик кўпроқ қон орқали тарқалаяпти. Масалан, тиш доктори ҳузурида бўлганларнинг 60 фоизи гепатит вирусини юқтирган. Ундан ташқари, жарроҳлик амалиётини бошдан кечирганлар ҳам бу касалликни орттирган, - дейди Сирожиддин Назаров.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъули гепатит республика жанубидаги чекка қишлоқларда кўпроқ қайдга олинаётганини ва бунинг бир сабаби аҳоли томонидан ёмғир ҳамда қор сувини қайнатмай ичиш эканини қайд этди.

Аснода соҳа мутахассислари гепатит вақтида даволанмаса, бемор жигар саратонига мубтало бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиради.

Душанбелик Собир, тиббий ташхисга кўра, С гепатитини юқтирган.

- Оиламизда бирор киши сариқ касал бўлмаган. Шу пайтгача бирор марта жигарим ҳам оғримаган. Бу касаллик менга қаерда юққанини билмайман. Лекин шифокорлар операция вақтида юқтирганимни айтишмоқда. Икки йил аввал оёғимни операция қилдиргандим. Балки бу вирус менга ўшанда юққандир, - дея тахмин қилади Собир.

Душанбе шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган суҳбатдошимиз айни дамда кунига 10, баъзида 12 киши ана шу тахшис билан шифокорларга мурожаат қилаётганини айтди.

Бошқа бир суҳбатдошимиз Зуҳра гепатит ўзига турмуш ўртоғидан юққанини айтди.

- Эрим тишини олдиргандан кейин сариқ касал бўлди. Мен аввал бу касал юқумли эканини билмасдим. Эрим даволаниб тузалди, мен эса ҳозир ҳам даволанаяпман, - дейди Зуҳра.

Шу ўринда айтиш лозимки, гепатитнинг қайси турини юқтирган бўлишидан қатъий назар, тожикистонликлар ўз маблағи ҳисобидан даволанади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси Наврўз Жафаровнинг гапига қараганда, битта беморни тўла даволаш учун тахминан 7000 АҚШ доллари сарфланади. Вазирликда эса, Жафаровнинг маълум қилишича, бундай имконият йўқ.

Маълумотларга кўра, Тожикистонда АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги - ЮСАИД томонидан молияланган ХОУП лойиҳаси бўйича 2009 ва 2010 йиллар гепатитнинг Б ва С турини юқтирган 400 бемор даволанган.

- Лекин ҳозир бу лойиҳа ишламайди. Вазирлигимиз бир неча марта мурожаат қилиб, бу лойиҳа бизнинг ҳозирги шароитимизда жуда зарур эканини таъкидлаган бўлса-да, ҳозирча бу борада бирор натижага эрошолганимиз йўқ, - деди Наврўз Жафаров.

Тожикистонда гепатит вирусини аниқлайдиган бирорта ҳам марказ йўқ.

Гепатитни юқтиргани тахмин қилинган кишилар Душанбе шаҳридаги гастроэнтерология марказида ташхисдан ўтади. Битта ташхис нархи 400 сомонийдан 900 сомонийгача (тақрибан 82 доллардан 186 долларгача – таҳр.) этиб белгиланган.

Аснода ҳамма тожикистонликлар ҳам бундай имкониятга эга эмас.

- Менда гепатит аломатлари сезилади. Ташхис қилдиришга бордим, 900 сомоний экан, ташхисдан ўтмай қайтиб келдим. Мен ҳеч қаерда ишламайман, бунча пулни қаердан оламан? Шуни сал арзонроқ қилишса бўлмайдими? - дея савол ташлайди қўрғонтепалик Баҳром.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари эса ташхис жиҳозлари хориждан сотиб олинаётгани сабабли бу хизмат ҳақини арзонлатиш имконсиз эканини айтмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG