Линклар

logo-print

25 декабр куни Жанаўзен шаҳар касалхонасида бундан ўн кун муқаддам содир бўлган тартибсизлик иштирокчиларидан бири Ўразбай Мамбетназаров жон таслим қилди.


Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати мазкур касалхона бош врачи Раушан Жапарова сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Жапаровага кўра, 17 декабр куни касалхонага келтирилган 44 ёшли Мамбетназаровнинг шанба куни жони узилган.

Айни пайтда, бош шифокорнинг айтишича, касалхонада Жанаўзен воқеалари чоғида жароҳатларган 11 киши бўлиб, уларнинг тўрттаси жарроҳлик бўлимида, қолганлари эса травматология бўлимида даволанмоқда.

16 декабр куни Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида бошлаган тартибсизликлар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 11 киши ҳалок бўлганди. Бугунги кунгача улар сони 16 нафарга етди. Норасмий маълумотларга кўра эса, қурбонлар сони эълон қилинганидан анча кўп бўлиши мумкин. Хусусан, тартибсизликнинг дастлабки кунлари мухолифат нашрлари Жанаўзенда 70 чоғли одам ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатгандилар. Бироқ бу маълумотни мустақил манбалар орқали тасдиқлатишнинг ҳали-ҳамон иложи бўлмаяпти.

Аснода асосан мухолифат фаолларидан иборат бўлган мустақил жамоатчилик комиссияси Остонадан Жанаўзен воқеаларини ўрганиш бўйича давлат комиссияси тузилишини сўрамоқдалар.

Жанаўзен ва Шетпедаги воқеаларни ўрганиш мақсадида тузилган мазкур комиссия ҳалок бўлганларни ёдлаш учун умуммиллий мотам куни эълон қилинишини, қуролсиз намойишчиларга қарата ўт очганларни топиш ва жазолашни ҳамда келажакда бундай ишлар қайталанмаслигига кафолат берилишини талаб қилмоқдалар. Шунингдек, мустақил комиссия вакилларига кўра, 2011 йил 15 январига белгиланган парламент сайловларининг бошқа кунга кўчирилиши ҳам мақсадга мувофиқ бўларди.

Бу орада расмийлар Жанаўзендаги тартибсизлик уюштирувчиларини қидириш бўйича кенг кўламли амалиётни бошлаб юборган кўринади. Озодликнинг қозоқ шўъбаси маълумотларига кўра, шу кунларда Жанаўзен бўйлаб 16 декабр куни содир бўлган тартибсизликларда гумонланмиш шахсларнинг фотосуратлари ва исм-шарифлари акс этган варақалар ёпиштириб ташланган.

16 нафар шахс ҳақида маълумотлар қайд этилган бу варақалар шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи Мухтар Қўжаев буйруғига кўра ёпиштирилгани айтилмоқда.

24 ёшдан 61 ёшгача бўлган мазкур гумонланувчилар рўйхатида, маълумотларга кўра, иш ташлаган нефтчилар фамилиялари ҳам бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG