Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:38

"Россияда миллатчилик асосидаги жиноятлар камайди"


Россия миллатчилари мамлакатни "келгинди"лардан тозалаш талаби билан намойиш ва тадбирлар ўтказиб келмоқда.
Россия миллатчилари мамлакатни "келгинди"лардан тозалаш талаби билан намойиш ва тадбирлар ўтказиб келмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси олиб борган тадқиқот натижасида ана шундай хулосага келинди.


Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси (ИҲМБ) 2011 йил мобайнида агрессив ксенофобия ҳолатлари бўйича Россия Федерациясида ўтказилган мониторинг натижаларини жамоатчиликка тақдим этди.

"Сўнгги ойни ҳисобга олмаганда¸ 2011 йил давомида Россияда миллий адоват асосида жами 93та ҳужум ва тўқнашув ҳолатлари ҳисобга олинди. Бу жиноятлар натижасида 27 киши ҳалок бўлган, 112 киши жабр кўрган", дейди Озодлик билан суҳбатда ҳисобот муаллифи, Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси директори муовини Семен Чарный.

- Ҳақиқатан, Россияда ксенофобия ҳолатлари камайди. Рақамлар бироз ўзгариб қолиши мумкин, чунки ҳужум ёки қотиллик тўғрисидаги маълумот оммавий ахборот воситаларида бир-икки ой кечикиб берилади. Лекин биз келтирган рақамлар умумий ҳолатни акс эттиради, дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси эксперти Семен Чарный.

Бюро келтирган рақамларга биноан, Москва шаҳри ва вилояти ирқчилар ҳужумлари кўлами бўйича ҳамон “биринчилик”да қолмоқда: сўнгги 11 ой давомида бу ерда миллий нафрат асосида 9 киши ўлдирилган¸ 29 киши жароҳатланган.

Ҳисоботда келтирилишича¸ йил мобайнида Доғистонда ксенофобия билан боғлиқ ҳолатда 10 киши ўлдирилган, 2 киши жароҳатланган; Санкт-Петербургда 3 киши ўлдирилган, 19 одам жабрланган.

Мониторинг муаллифлари Астрахан ва Архангелск вилояти¸ шунингдек Краснодар ўлкаси, Ярослав вилояти ва Ханти-Манси автоном округида биттадан одамнинг миллатчилик қурбони бўлганини таъкидламоқда.

Ҳуқуқ фаоли Семён Чарный ҳисоботда жабрланганларнинг миллати бўйича кўрсаткичлар ҳам берилганини гапиради.

“Бироқ айрим ҳолларда ўлдирилганларнинг миллатини аниқлаш унча ҳам осон иш эмас”, дея давом этади Семён Чарный.

- Эътибор берган бўлсангиз, ҳисоботнинг кўп ўринларида қурбонларнинг миллати аниқланмагани кўрсатилган. Мониторинг натижалари умумлаштирилган ҳолда берилган. Бунинг учун биз оммавий ахборот воситалари ёки тергов органлари хабарлари, бизга бўлаётган телефон қўнғироқлари ва ҳоказо имконлардан фойдаланиб маълумот тўплаймиз. Мониторинг натижаларида миллий адоват юзасидан қилинган барча жиноят ўз аксини топмаган бўлиши мумкин, дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси эксперти.

Чарныйга кўра¸ Россияда миллатчи ва тақирбошлар ҳужумига учраган кўпчилик муҳожирнинг милицияга мурожаат қилмаслиги, шахсларнинг дом-дараксиз йўқолиши ёки ўлдирилганнинг шахси аниқланмай қолиши тугал статистик манзарани яратишга имкон бермайди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси йил давомида олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, Россияда миллатчилар қўлида жабрланганлар қаторида ўзбеклар иккинчи ўринда ва 2011 йил давомида камида икки ўзбек муҳожири ўлдирилган¸ бештаси жароҳатланган.

Семён Чарный Россияда 2011 йилда миллий адоват юзасидан содир этилган жиноятлар сонининг камайиб боришини ҳукумат сиëсати билан боғлайди.

- Ҳукумат ҳақиқатан бу иллатга қарши жиддий кураш олиб бормоқда. Оммавий қирғинларни уюштирган, 20-30 талаб одамларни ўлдирган жиноий тўдалар ҳибсга олинди ва барчаси узоқ муддатларга қамалди. Бошқа томондан¸ жамоатчилик фикрида ҳам охирги йилда¸ айниқса¸ жиддий ўзгаришлар рўй берди. Айрим юқори лавозимли шахслар миллатчилик кайфиятидаги чақириқларни кўтариб чиқаётганига қарамасдан, Россияда миллатчиларни неча киши қўллаб-қувватлашини Люблинодаги “Рус марши” намойиш қилди, дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси директори муовини Семен Чарный.

Семён Чарный “миллий адоват юзасидан қилинган ҳатто битта жиноят ҳам ўзини маданиятли ҳисоблайдиган Россиядек мамлакат учун ўта ачинарли кўрсаткичдир”, деган фикрда.

Москвада бир неча йилдан бери ҳайдовчилик қиладиган 51 ёшли жиззахлик Эгамқул ака¸ ҳуқуқ фаоллари кузатувларини тасдиқлайди. Унга кўра, Россия пойтахтида муҳожирларга нисбатан тақирбош-ирқчилар ҳужуми сезиларли равишда камайган.

- Тўғриси, унақа нарсани мен сезганим ҳам йўқ, ёшим катта чунки. Одамлари лекин яхши муомала қиляпти. Ишласа яшаса бўлади Россияда, фақат меҳнат қилиш керак ва одамлар билан яхши муомалада бўлиш керак. Чунки барибир биз бу ерда мусофирмизда. Масалан¸ Ўзбекистонда бўлсангиз ҳам¸ бошқа биров келса “А, сен фалон ёғдан келгансан!”, дейиладику! Шунинг учун бу нормал ҳолат. Ишлаб юрибмиз, биров бирор нарса демаяпти. Умуман олганда, бировга жалоба қилиш керак эмас ҳозир: бировга арз қилсангиз эшитмайдиям-шошмайдиям, дейди жиззахлик Эгамқул ака.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюросидан олинган маълумотларга кўра, 2010 йил давомида Россияда 39 одам миллатчилар қўлидан нобуд бўлган ва 216 киши жарб кўрган, 2009 йилда эса бундай жиноят оқибатида ўлдирилган сони 78 кишини ва жароҳат олганлар эса¸ 329 кишини ташкил этган.
XS
SM
MD
LG