Линклар

Бухоро вилоят телевидениесида маҳаллий амалдорларнинг порахўрлигини фош қилувчи махсус кўрсатув намойиш қилинди.


Вилоят ҳокимига қариндош-уруғ эканлигидан фойдаланиб ҳам давлатнинг, ҳам халқнинг пулини ўзлаштириб келаётганлар орасида, фильм муаллифларига кўра, 1996 йилдан бери Бухорога ҳокимлик қилиб келаëтган Самойдин Ҳусеновнинг икки ўғли ҳам бор.

Мазкур кўрсатув бир томондан ҳокимнинг ўғли Шарофиддин Ҳусеновнинг МХХда тергов қилинаётгани тўғрисида жорий ой бошида пайдо бўлган миш-мишлар асосли эканлигини кўрсатса, иккинчи томондан, Бухорони 1996 йилдан бери бошқариб келаëтган ҳоким Самойдин Ҳусеновнинг яқин вақт ичида ишдан олинажаги тўғрисидаги тахминларни кучайтирди.

Дастлаб, ўз исми айтилишини истамаган бухоролик фаолдан эшитганимиз – ҳозирча миш-миш даражасидаги гап. Унинг айтишича, “Бухоро вилоят ҳокими Самойдин Ҳусенов ишидан четлатилган. Лекин бу расман тасдиқланган гап эмас“.

Бу миш-мишда жон бўлиши мумкинлиги тўғрисида ўйлашга Самойдин Ҳусеновнинг қариндош-уруғлари тўғрисидаги кўрсатув мажбур қилади.
Исми айтилмаслигини сўраган суҳбатдошимиз ўша кўрсатувни ўз кўзи билан кўрган.

- Бухоро телевидениесида икки марта кўрсатилди. Кўрсатувда ҳокимнинг ўғли Миллий банк орқали қандайдир пул операциялари ўтказгани ва шу йўл билан жуда катта фоиз олгани, иккинчидан, банкдан фоизсиз катта пул олиб қурилиш қилгани, қургани катта иморатларни одамларга сотгани тўғрисида гап бўлди¸ дейди бухоролик фаол.

20 дақиқа давом этган мазкур ҳужжатли филмда¸ уни кўрган суҳбатдошнинг айтишича¸ "асосий қаҳрамон" ҳоким Ҳусеновнинг ўғилларигина бўлмаган.

- Бошқалар ҳам бор. Миллий банкнинг бошлиқлари бор. Бошқа амалдорлар бор. Улар ўз ишига лоқайд қараганликда танқид қилинган. Ҳоким ўғилларининг фамилияси айтилди. Лекин Бухоро вилояти ҳокимининг ўғли, деб таъкидлаб айтганлари йўқ¸ деб қўшиб ўтади Озодлик билан суҳбатда исми келтирилишини истамаган бухоролик фаол.

Вилоят ҳокими ўғиллари қонунбузарликда айбланган фильмнинг вилоят телевидениесида чиқиб кетишини изоҳлар экан¸ бу суҳбатдош¸ уни "қандайдир олдинга силжиш бўлаяпти. Демократиянинг қандайдир бир арконларига риоя қилиш" дея баҳолади.

Айни пайтда¸ вилоят ҳокимининг ўғиллари ва ҳокимга яқин структуралар раҳбарлари танқид қилинган кўрсатувни ошкоралик сифатида баҳолаётган маҳаллий фаол, ўз хавфсизлигини ўйлаб, исмини айтмаслигимизни сўради.

Бу “ошкоралик” фақат бир томонлама – Ҳукумат ўзи танлайдиган йўналишдагина ишлайдиган ошкоралик бўлгани учун расмийлардан, айниқса, ўрганаётганимиз мавзуда маълумот олиш мутлақо имконсиздир.

Шунинг учун ҳам Бухоро вилоят ҳокимининг ўғли, Бухородаги ёнилғи қуйиш шаҳобчалари тармоғи эгаси Шарофиддин Ҳусеновнинг МХХда тергов қилинаётгани тўғрисида бундан 20 кун муқаддам норасмий манбаларга таяниб хабар қилган эдик.

Тилга олинган кўрсатув ана ўша хабарнинг билвосита тасдиғидир.

Бугунги яна бир норасмий хабар.

- Эшитишимизга қараганда, деб хабар қилди, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бобомурод Раззоқов, яқинда Миллий хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи янги тайинланган, вилоят прокурори янги тайинланди, Жиззахдан келди – Бобожонов деган киши. Булар келганидан кейин вилоятда коррупцияга қарши кураш, менимча, бошланиб кетди, миш-мишлар ҳам шундан кейин кўпайиб кетди.

Бухоролик бошқа бир манбанинг айтишича, ҳокимники эканлиги айтиладиган ёнилғи қуйиш шаҳобчалари шу кунда ишлaмаяпти. Шаҳарда бензин тақчил. Ёнилғи олиш учун ҳайдовчилар, одатда 10-12 соат навбат кутади. “Қўлдаги” бензин нархи 4000 сўмга чиққан.

Маълумки, Самойдин Ҳусенов вилоят ҳокимлари орасида амалда энг узоқ ўтирган ҳокимдир.

Ўғиллари ҳамда ўзига яқин структуралар раҳбарлари тўғрисида танқидий кўрсатув қилиниши, демакки, уларнинг устидан жиноят иши очилишидан келиб чиқиб, Ҳусеновнинг ҳоким сифатидаги “кун-суви” битиб қолди, дейиш мумкинми?

Бу саволни ўзбекистонлик таҳлилчи Суҳроб Исмоиловга бердик.

- Менимча, мумкин. Чунки, агар биз Андижон ҳокими Обидовнинг қандай қилиб вазифасидан четлатилганини эсласак, унда ҳам ўғлининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари сабаб бўлган эди. Буни нафақат вилоятлар миқёсида, балки Тошкентдаги баъзи бир олий табақали оилалар мисолида ҳам кузатиш мумкин.

Бундай оилаларнинг бошлиқлари бўлган давлат амалдорлари фарзандларининг ножўя ҳаракатлари оқибатида амалдан кетган эди. Лекин Бухоро мисолида яна бир нарсани ҳисобга олиш керак. Самойдин Ҳусеновнинг қарийб 20 йил ҳокимлик вазифасида қолиб келаётгани ҳам, унга қарши душманларни кўпайтирган, деди ўзбекистонлик таҳлилчи Суҳроб Исмоилов.

Озодлик мавзу юзасидан Бухоро вилояти ҳокимлиги билан ҳам боғланди.

Ҳокимликнинг исми ошкор этилишини истамаган масъул лавозимли ходимидан лавҳамиз бошида келтирилган норасмий хабар тўғрисида сўрадик.

- Ҳоким Самойдин Ҳусенов ишдан олинди, деган хабар етиб келди. Шу ростми?

- Йўқ, унақа гап бўлган эмас, ҳозирча.

- Нима учун ҳозирча?

- Нима учун? Бундай гапни эшитмаганим учун айтаяпман.

- У кишининг ўғиллари телевизорда танқид қилинганмиш?

- Тўғри.

- Нега танқид қилиндилар?

- Бу саволингизга жавоб беролмайман.

- Ўғилларини деб ишдан кетиб қолиши мумкинми?

- Бу саволингизга ҳам жавоб беролмайман, деди Бухоро вилояти ҳокимлигининг исми ошкор этилишини истамаган масъул лавозимли ходими.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG