Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:07

Тожикистонда беш киши бир умрга қамалди


Ўтган ҳафта судланганлар 2010 йил 3 сентябрида Хўжанд марказида жойлашган Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси минтақавий бўлими биноси ҳовлисида содир этилган худкуш ҳужумга алоқадорликда айбланганлар.
Ўтган ҳафта судланганлар 2010 йил 3 сентябрида Хўжанд марказида жойлашган Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси минтақавий бўлими биноси ҳовлисида содир этилган худкуш ҳужумга алоқадорликда айбланганлар.

Тожикистон шимолида террорчилик хуружи ва ЎИҲга алоқадорликда айбланлган 53 киши устидан ҳукм ўқилди.

Судланганлар Сўғд вилоятининг Истаравшан, Исфара ва Спитамен туманлари фуқароларидир.

Бу 53 фуқаро Хўжанд шаҳридаги уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси минтақавий бўлими ҳудудида рўй берган худкушлик хужумида ва Ўзбекистон Исломий ҳаракатига алоқадорликда гумонланиб, шу йил бошида ҳибсга олинган эди.

Судланувчиларга нисбатан Тожикистон Жиноий Кодексининг 187-моддаси - уюшган жиноий гуруҳ тузганлик, 189-модда - диний ва ирқий низо чиқарганлик, 104-модда - қотиллик ва террорчилик каби жами 20 дан ортиқ айбловлар қўйилган эди.

Ёпиқ эшиклар ортида ўтган маҳкама Фирдавс Каримов, Соҳиб Собитов, Исматулло Додоев, Зафар Каримов ва Акмал Ҳошимовни умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилди.

Маҳкамага раислик қилган Сўғд вилоят судяси Дадажон Гадойбоевнинг Озодликка маълум қилишича, судланганларнинг саккиз нафари ўттиз йилданга озодликдан маҳрум этилган, тўрт нафари “Авф тўғрисида”ги қонунга биноан суд залидан озод этилган, қолганлар эса турли йилларга кесилган.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йил 3 сентябрида Хўжанд марказида жойлашган Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси минтақавий бўлими биноси ҳовлисида содир этилган худкушлик ҳужумида тўрт киши ҳалок бўлгани ва яна 28 киши турли тан жароҳатлари олгани маълум қилинганди.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари расмийлари шу йил сентябр ойи охирларида худкуш ҳужумчининг шахси аниқлангани ва у қидирувда бўлган асли истаравшанлик Акмал Каримов эканини хабар қилганди.

Бу террорчилик ҳужумида Акмал Каримовга унинг укаси Фирдавс Каримов ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзолари бўлган бошқа шериклари яқиндан ёрдам бергани айтилганди.

Аснода Фирдавс Каримовнинг оқловчиси Ўктам Султонов ўз ҳимоясидаги шахс қийноқлар остида иқрорлик кўрсатмаси берганини айтади.

- Бу бола бир йил олдин ўрта мактабни битирганди. Унинг ота-онаси болани уриб, ҳамма ёғини кўкартириб, босим ва қийноқлар остида иқрорлик кўрсатмаси олинганини айтди. Отаси экспертиза ўтказилишини талаб қилиб, ариза ҳам ёзди, лекин булар эътиборга олинмади. Биз ҳукм юзасидан кассация тартибидаги аризамизни Олий судга топширдик, - дейди умрбод қамоқ жазоси олган Фирдавс Каримовнинг адвокати Ўктам Султонов.

Шунингдек, адвокат Султонов ҳимоясидаги шахс билан учрашишга бор-йўғи икки марта рухсат берилганини қўшимча қилди.

Адвокатнинг айтишича, Хўжанддаги портлаш бўйича маҳкамага тортилганлардан аксариятининг адвокати ҳатто бирор марта ҳам ўз ҳимоясидаги шахс билан учрашмаган.

- Чунки адвокатларни ҳам қўрқитиб, босим ўтказишди. Бечоралар вилоят хавфсизлик бошқармаси эшиги ортида беш-олти ойлаб туриб қолишди, лекин дело билан таниша олмади. Ҳукм ўқилган куни бирорта ҳам адвокат қатнашмади, чунки хавфсизлик ходимлари уларнинг ичкарига киришига рухсат бермади. Ўттиз йилдан буён шу системада ишлайман, лекин бунақасини биринчи марта кўришим. Улар бизнинг ҳуқуқларимизни поймол қилишди, - дейди адвокат Султонов.

Бу каби шикоятларни бошқа судланганларнинг яқинлари ва ҳимоячиларидан ҳам эшитдик.

Аснода маҳкама жараёнини бошқарган Сўғд вилоят суди судяси Дадажон Гадойбоев ҳукм чиқарилиши чоғида барча ҳуқуқий меъёрларга амал қилинганини таъкидлади.

- Тергов жараёнида ҳамма айбига иқрор бўлган, аммо суд жараёнида улар иқрор бўлмади. Лекин биз ҳамма далилларни ўрганиб, тўғри баҳо бердик ва ана шундай хулосага келдик, - дея билдирди 23 декабр куни ҳукмни ўқиб эшиттирган судя Гадойбоев.

Душанбе аэропортидаги ишончли манбанинг маълум қилишича, ўша куни Хўжанддан учиб келган самолётдан қўллари орқага боғланган ва бошига қора матоҳ кийдирилган беш киши Душанбе аэропортига туширилган. Уларни қуролланган ҳарбийлар кутиб олган ва номаълум томонга олиб кетган.

Судланганлардан бирининг адвокати Бахтиёр Насруллоевдаги маълумотларга кўра, умрбод қамоқ жазоси олган беш нафар шахс жума куни, яъни ҳукм ўқилганидан сўнг тезлик билан Душанбедаги 1-қамоқхонасига жойлаштирилган.
XS
SM
MD
LG