Линклар

logo-print

Туман ҳокими аëллар ички кийимини бозор ва дўкон расталарида очиқчасига осиб қўйишни тақиқлади.

Сирғали ҳокими фармойиши билан тумандаги аëллар ички кийимлари сотиладиган магазинлар ëпиб қўйилган. Аралаш моллар билан савдо қиладиган дўконларнинг ички кийим¸ лозим ва сийнабанд сотадиган бўлимлари бекитилган.

Бу маълумотни Сирғали Солиқ бошқармаси ходими тасдиқлади. Ходимга кўра¸ аҳолининг муҳофазакор қатламидан тушган шикоятлар асосида ана шундай вақтинча чоралар кўрилган.

Солиқ қўмитаси мулозимининг айтишича¸ Отабек Содиқов Сирғали туманига ҳоким қилиб тайинланганидан кейин бозор ва расталарни айланган.

Бу зиëрат пайтида расталарга ëйиб қўйилган сийнабанд ва аëлларнинг ички иштонлари туман ҳокими дидига ëқмаган.

Ана шундан кейин ички иштон ва сийнабандларни сотишни “тартибга солиш борасида” фармойиш чиққан.

Озодлик мухбири бу фармойиш тафсилотларини ўрганиш мақсадида Сирғали туман ҳокими Содиқов билан боғланишга ҳаракат қилди. Ҳоким қанулхонасида телефон гўшагини кўтарган котиба қиз¸ туман ҳокими Отабек Ҳотамовичнинг кабинетда йўқ эканини айтди.

Фармойиш ҳақида сўраганимизда¸ котиба қиз бу борада хужжатлар бўлимидан маълумот олишимиз мумкинлигини айтди.

Хужжатлар бўлимига қўнғироқ қилганимизда ўзини таништиришни истамаган мулозим¸ аëллар сийнабандларининг "бола-чақа кўз ўнгида очиқ-сочиқ расталарда туриши ўзбекчиликка тўғри келмаслиги"ни писанда қилди.

Мулозимга кўра сийнабандлар сотуви тақиқланмаган¸ балки “тартибга солинган”.

Сирғали бозорида аëллар ички кийимлари билан савдо қиладиган Тоҳиржон исмли тужжор йигит бозори касод бўлганидан нолиб¸ бу фармойишни истеъмолчилар ҳуқуқининг очиқдан- очиқ бузилиши сифатида баҳолади.

Сирғали туман Истемолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш идорасининг ўзини Носиржон Тўлаганов деб таништирган мулозими "ҳоким чиқарган қарорни биз бекор қила олмаймиз" деди.

Ҳоким чиқарган қарор истеъмолчилар ҳуқуқларини бузсачи¸ деб савол бердик мулозимга:

- Тўғриси¸ сиз айтган нарсалар билан¸ аëллар ички кийимлари билан Савдо палатаси шуғулланади. Лекин кимдир келиб ҳоким қарори устидан бизга шикоят ëзса¸ биз кўриб чиқишимиз мумкин¸ деди Тўлаганов.

Сирғали туман ҳокимининг ички иштонларга қарши кураши янгилик эмас. Киев шаҳар ҳокимияти шаҳар аҳолисига ички иштонда балконга чиқиш ва ички кийимларни балконга осишни тақиқлайдиган фармон чиқарган.

Британияда мактаблар яқинида ички кийим рекламаси тақиқланган.

Ўтган асрда Бавария ресторанларида товуқнинг пиширилган оëғини бутун шаклда тортиш тақиқланган эди. Қонун товуқ оëқларини товоқда майда –майда қилиниб тўғраб қўйилишини тақозо қилган. Товуқнинг бути¸ мижозлар миясида аëл бути ҳақидаги беъмани хаëлларни ҳосил қилмасин¸ деб ана шундай қарор қабул қилинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG