Линклар

Тожикистонда етти имом ишдан бўшатилди

  • Гулнора Равшан

Тожикистонлик имомлар ўзларининг ишдан бўшатилишини республика Ислом маркази уламолар кенгашининг Ҳожи Акбар Тўражонзода жамиятда шиа мазҳабини тарғиб қилаётганига оид баёнотини жума намозларида ўқиб эшиттирмаганлари билан боғламоқдалар.

Тожикистонлик имомлар ўзларининг ишдан бўшатилишини республика Ислом маркази уламолар кенгашининг Ҳожи Акбар Тўражонзода жамиятда шиа мазҳабини тарғиб қилаётганига оид баёнотини жума намозларида ўқиб эшиттирмаганлари билан боғламоқдалар.

Расмийлар бунинг сабабини имомларнинг диний ва ҳуқуқий саводлари бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги билан изоҳламоқдалар.

Имом-ҳатиблик вазифасидан бўшатилганлардан бири Муллозуҳур Азимовдир.

Сўнгги саккиз йил давомида Рудакий туманининг Сомониён шаҳарчасидаги масжидда имомлик қилган Муллозуҳур Азимов 26 декабр куни ишдан бўшатилди. Озодлик билан суҳбатда собиқ имом вазифасидан бўшатилганининг сабаби расман “имтиҳондан ўтмаганлиги” эканини айтди.

- Жума намозларида уламолар кенгашининг баёнотини намозга тўпланганлар ҳузурида ўқиб эшиттирмаганимиздан кейин бизни Дин ишлари бўйича қўмита суҳбатга чақирди. У ерда бизга имтиҳон топширишимиз кераклиги айтилди. Берилган саволларига имкон қадар жавоб бердим. Лекин кеча “сиз вазифангиздан бўшатилдингиз”, деган огоҳлантириш олдим, - деди Муллозуҳур Азимов.

Аснода ўзини Тўражонзодалар шогирди деб таништирган бу диндор имомликдан ҳайдалишига Тўражонзодалар оиласи тожик жамиятида шиа мазҳабини тарғиб қилаётганига оид уламолар кенгашининг баёнотини жума намозларида ўқиб эшиттирмагани сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди.

- Ростини айтсам, бошдан-оёқ тўқима гаплардан иборат бўлган бу ҳужжатни мусулмонлар ҳузурида ўқишга инсоннинг номуси йўл бермайди. Бу баёнот мусулмонлар орасида иғво тарқатишидан ҳадиксираб ўқимадик. Шусиз ҳам ҳозир мусулмонлар икки гуруҳга бўлинган, аҳоли орасида турли хил гаплар кўп, - дер экан собиқ имом жамиятда ҳукуматпараст билан Қуръон ва суннатга мувофиқ иш тутаётган диндорлар орасидаги баҳслар мусулмонларнинг икки гуруҳга ажралишига туртки бўлаётганини қўшимча қилди.

Тожик жамиятида каттагина аудиторияга эга бўлган Ҳожи Акбар Тўражонзода ҳам имом-ҳатибларнинг ишдан бўшатилаётганига ўз оиласи билан республика муфтийси Саидмукаррам Абдулқодирзода ўртасида сўнгги кунларда давом этган баҳслар сабаб бўлаётганини таъкидлади.

Ундаги маълумотларга кўра, сўнгги икки ҳафта давомида Тўражонзода яшаб турган Ваҳдат туманининг 173 фуқароси ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Уларнинг 13 нафари вақтинча сақлаш ҳибсхонасида бир муддат ушлаб турилганидан кейин уйларига қайтган, қолганлари эса ҳамон сўроқ қилинмоқда.

- Афсуски, бизда қонунга мувофиқ иш юритадиган ҳукумат йўқ. Бизда мансабдор ҳукумат амал қилади. Мансабдор “жазолансин” деса, жазоланади, “озод қилинсин” деса, озод қилинади. Яъни бугун ўша асосий қонунларимизда белгиланган талаблар ҳатто ҳукуматнинг энг пастки поғоналарида ҳам бажарилмайди, - дея мулоҳаза билдирди Ҳожи Акбар Тўражонзода.

Тожикистон Ислом маркази уламолар кенгаши 6 декабр куни “Ховар” давлат хабар агентлиги расмий сайти орқали тарқатган баёнотида Ҳожи Акбар Тўражонзодани жамиятга ёт бўлган шиа мазҳабини тарғиб қилаётганликда айблаб чиққанди.

Баёнот муаллифлари иқтидордаги ҳукуматдан Тўражонзодалар оиласи ҳатти-ҳаракатларига нисбатан чора кўрилишини ҳам сўраган эди.

9 декабр куни эса республика муфтийси Саидмукаррам Абдулқодирзода бошчилигидаги Дин ишлари бўйича қўмитаси ва миллий хавфсизлик хизмати вакилларидан иборат ҳукумат гуруҳи Ваҳдат туманидаги Тўражонзодалар оиласига тегишли Муҳаммадия масжидига борган. Улар масжидда тўпланган намозхонларга Ислом маркази уламолар кенгаши қабул қилган баёнотни ўқиб эшиттириш мақсадида у ерга боргандилар.

Лекин жума намозини ўқиш учун Муҳаммадия масжидига тўпланган мусулмонлар тўсатдан масжидга кириб борган ва ибодатга халақит берган ҳукумат гуруҳини масжиддан чиқариб юборган, ҳатто уларга жамоат билан бирга намоз ўқишга ҳам имкон бермагандилар.

Шундан сўнг Ҳожи Акбар Тўражонзода ва укаси Нуриддин Тўражонзода Ваҳдат туман прокуратураси қарори билан маъмурий жавобгарликка тортилди. Уларга тегишли Муҳаммадия масжидида жума намозлари ўқиш таъқиқланди. Бу масжидда имомлик қилган Нуриддин ва Маҳмуджон Тўражонзодалар вазифасидан бўшатилди.

Айни пайтда Ҳожи Акбар Тўражонзода ўзининг иқтидордаги ҳукумат билан ҳеч қандай муаммоси йўқлигини айтади. Унга кўра, муаммони бир йил аввал муфтийлик вазифасини олган Саидмукаррам Абдулқодирзода шахсий хусумати туфайли яратаётибди.

Маълум бўлишича, Тўражонзодалар ва Абдулқодирзодалар оиласи ўтган асрнинг 90-йилларидан буён низода бўлган.

- Шу пайтгача бирор киши билан жанжаллашмаган эдик. Икки марта парламент аъзоси этиб сайландим, республика муфтийси вазифасида фаолият юритдим. Етти йил Бош вазир биринчи муовини бўлиб ишладим. давлатнинг “Исмоил Сомоний” биринчи даражали ордени соҳибиман. Аммо бугунга келиб “безорилик”да айбланиб, жаримага тортилдим, - дер экан Тўражонзода бунга мансаб отига минган Саидмукаррам Абдулқодирзоданинг қасд олишга уринишлари сабаб бўлаётганини қўшимча қилди.

Ҳожи Акбар Тўражонзоданинг Озодликка маълум қилишича, Ашт, Вахш туманлари ва Исфара туманининг Чоркўҳ қишлоғи имом-ҳатиби - жаъми республика бўйича еттита имом 26 декабр куни вазифаларидан бўшатилган.

Тожикистон Дин ишлари бўйича қўмита расмийлари ва уламолар кенгаши масъуллари мавзу юзасидан саволларимизга жавоб беришни истамади.

Аснода мустақил таҳлилчилар тожик жамиятида таниқли диндорлар ўртасида вужудга келган баҳслар ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Бироқ таҳлилчи Искандари Фируз диндорлар ўртасидаги баҳслар диний эмас, балки кўпроқ сиёсий хусусиятга эга эканини таъкидлайди.

- Тожикистонда мазҳабий низо уйғотиш ҳозирча имконсиз. Шуни назарга олган ҳолда, имомлар, эшонлар ва умуман диндорлар орасидаги айирмачилик ҳаракатлари фақатгина жамиятдаги таниқли диндорларни сиёсат саҳнасидан четлаштиришга қаратилган. Бу мавзу кўпроқ жамиятда кўплаб тарафдорларига эга бўлган Тўражонзодалар оиласига тегишлидир. Тўражонзодаларнинг жамиятда катта обрўга эгалиги давлатнинг ғашини келтиради. Ҳатто у Бош вазир муовини вазифасида бўлганида ҳукумат унга душмандек муносабат қиларди. Вазифасидан кетганидан кейин эса ҳукуматнинг Тўражонзода ва унинг яқинларига босими кучайди. Шундан келиб чиққан ҳолда бу масала сиёсий хусусиятга эга, деб ўйлайман, - деди таҳлилчи Искандари Фируз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG