Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:38

Муҳожир - ватанда қолган оиланинг асосий боқувчиси


Россияда чорвачилик билан шуғулланаётган ўзбек мардикорлари.
Россияда чорвачилик билан шуғулланаётган ўзбек мардикорлари.

Россиядаги меҳнат муҳожирларининг қарийб 85 фоизи уйга жўнатаётган пул уларнинг ватанда қолган оилалари учун асосий даромад манбаига айланган.


“Добрососедство” Халқаро муносабатлар тараққиёти жамғармасининг Москва ва Москва вилоятида миграция вазиятини тадқиқ қилувчи Ижтимоий лойиҳалар институти билан ҳамкорликда ўтказган ижтимоий сўрови натижасида шундай хулосага келинди.

Тадқиқот доирасида 456 нафар Ўзбекистон, Тожикистон ва қирғизистонлик муҳожир сўровга жалб этилди¸ дейди “Добрососедство” жамғармаси директори Юрий Московский Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Сўров давомида аëн бўлишича¸ Москва шаҳри ва вилоятида меҳнат қилаëтган 27 фоиз меҳнат муҳожири ишлаб топган маблағини узоқ муддат давомида фойдаланадиган товарларга, 26,7 фоизи тиббий хизматга, 23,9 фоизи эса¸ уй ёки квартира ремонтига сарфлар экан.

Респондентлар орасида¸ айтилишича¸ ўз маблағини таълимга сарфлайдиганлари қарийб 13 фоизни, уй ёки квартира сотиб олувчилари 11 фоизни¸ ўз шахсий бизнесини йўлга қўйиш учун пул йиғаëтганлар эса 3 фоизчани ташкил этган.

Сўров муаллифларининг айтишича¸ Россияга келиб меҳнат қилаëтган муҳожирлар орасида Ўзбекистон фуқаролари нисбатан ўзига тўқроқ бўлиб чиққан. Улардан 73 фоизи Россияда ишлаб топган пули Ўзбекистонда қолган оиласи учун асосий тирикчилик манбаи эканини айтган. Сўралган қирғизистонликларнинг 87,1 фоизи, тожикистонликларнинг эса 94 фоизи Россияда топган пули ўз оиласи учун ягона даромад манбаи эканини билдирган.

Сўров гуруҳи раҳбарларидан бири - Россия Давлат университети социологи¸ профессор Александр Гаспарашвили¸ айниқса¸ ёш респондентлар жавоблари ўзи учун қизиқарли бўлганини айтади.

- “Сиз топган пулингизни нимага сарфлайсиз?”, саволига айниқса ёш мигрантлар “Тўй қилишга керак” ёки “Пул уйланишга зарур”, деб жавоб берган, дейди профессор Александр Гаспарашвили.

Сўров давомида деярли барча меҳнат муҳожирларининг Россияда ишлаб топаëтган пулини ватанига жўнатаётгани аниқланди - улардан 43,7 фоизи ҳар ой, 31,3 фоизи эса икки ойда бир уйга пул ўтказишини билдирди¸ деб қўшиб ўтади тадқиқот раҳбарларидан бири профессор Гаспарашвили.

Россиядаги муҳожирликни мардикорликдан бошлаб, йиллар давомида Воронеж вилоятида бир нечта ишлаб чиқариш ширкатини ишга солган Қудрат Исмоилов қўлида бугунда 300га яқин меҳнат муҳожири ишлайди.

Россиялик тадқиқотчиларнинг “мигрант – оиласининг асосий даромад манбаи” хулосаси қисман тўғри¸ дейди Қудрат ака.

- Бу гапнинг тўғрилиги 70 фоиз, чунки илгаридан запас қилиб қўйганлар ҳам бор. Бировда моли, мошинаси, томорқаси бор. Ўшани уйдагилари секин қимирлатиб ҳам тирикчилигини юргизаверади. Лекин у ерда катта пул топиб машина ололмайди, уй қура олмайди. Ўша пулни Россияга келиб топади-да. Уйда жамлаб қўйгани тугаб қолиши мумкин, лекин шу ердан ҳар йили кам-кам бориб туради.

Лекин ҳаёт тарзини қарасак, ўзбекистонликлар ҳозирда анча ночор яшайди. Қишлоқ жойларда¸ айниқса¸ ниҳоятда ночор. Мана бизга келаётган болалар ҳар бири дардини айтади: биров қарз тўлайди, биров онам касал бўлди¸ ётқизиш керак, дейди. Қизига қарайди, ўғлига қарайди.. Ҳаммаси шу ердан пул жўнатади, дейди асли тожикистонлик Қудрат ака.
XS
SM
MD
LG