Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:15

Сизни Янги Йил орзиқиб кутаяпти


Янги йилнинг гулдор торт каби ширин бўлиши уни қарши олаëтганлар кўнглидаги асосий орзулардан бири....
Янги йилнинг гулдор торт каби ширин бўлиши уни қарши олаëтганлар кўнглидаги асосий орзулардан бири....

1 январ – ўзгаришлар, янгиликлар куни. Ҳукуматлар жуда кўп ўзгаришларни, ҳисобга тўғри бўлсин, дейдими, ҳар қалай Янги Йилнинг Биринчи кунидан жорий қилади.



Хўш, ўзбекистонликларни 2012 нинг Биринчи кунидан нималар кутаяпти?

Аввало, яхши янгиликлардан бошлайлик.

Баъзи солиқлар камаяди

1 январдан бошлаб саноат ишлаб чиқариши соҳасида фаолият кўрсатувчи микрофирмалар ҳамда кичик корхоналар ягона солиқ тўлови ҳажми 6 фоиздан 5 фоизга туширилади.

Якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган қатъий белгиланган солиқ ставкалари ўртача 2 мартага пасайтирилади.

“600” “600” лигича қолади

Тошкентликлар ва пойтахт меҳмонлари Янги йил байрамларини ўтказиб, 1 январ куни қариндош-уруғлариникига меҳмонга борар эканлар, чўнтакларига қўшимча автобус пули солмасалар ҳам бўлаверади.

Ҳар ҳолда “Тошавтобустранс” ҳиссадорлик компаниясининг ўзини таништирмаган мулозими, 1 январдан бошлаб йўлкира кўтарилмаслиги тўғрисида Озодликка айтганди:

- Йўқ, йўқ, бўлмаган гап бу. Янги йилдан бошлаб йўлкира нархи ошмайди, 600 сўм эди ва шундай бўлиб қолади!

Биз йиққан маълумотларга қараганда, Янги Йилнинг Биринчи кунида ўзбекистонликларни кутаётган яхши янгиликлар мана шу бир-икки ҳолатдангина иборат.

Қолган янгиликлар ёппасига қимматчиликдан дарак беради.

“Алло-алло” қимматлайди


1 январдан бошлаб МТС-Ўзбекистон ширкати “Dial’Ok”, “Узун суҳбатлар», “Салом”, “Универсал” ва “Эксклюзив” номли тариф дастурларига ўзгартириш киритади.

Ушбу дастурлар бўйича бошқа уяли телефон операторлари ва Ўзбекистон телекоммуникация тизимига кирган номерларга бир дақиқа қўнғироқ қилиш нархи икки ярим центдан уч центгача ошади.

UCell оператори ҳам айрим дастурлар нархини оширишни режалаган. 2 январдан бошлаб “UCell дунёси”, “Кўпроқ мулоқот”, “Тунги”, “Online” ва бошқа олдиндан ҳақ тўланадиган дастурлар учун кундалик абонент тўлови солиқлар билан бирга кунига бир цент қилиб белгиланди.

Мастона ҳаёт 16%га қимматлайди

1 январдан бошлаб ўзбекистонлик мастона ҳаёт ишқибозларига 8 фоиздан 16 фоизгача қийин бўлади.

Таркибида алкогол бўлган ичимликларнинг улгуржи ва чакана нархлари айнан шунча миқдорга кўтарилади.

Пивохўрлар ташвиш чекмасин. Хабарларга қараганда, пиво нархи ўзгармайди.

Қўқон шаҳридаги “Мастона” ҳиссадорлик жамиятининг ўзини таништирмаган экспедиторига кўра, нархларнинг ошиши кутилган ҳодисадир:

- Анчадан бери нархларнинг кўтарилиши ҳақида гап бўлаётувди. Бироқ, бу ҳақдаги қарор ҳали бизгача етиб келгани йўқ. Илгари кўп ошиб турарди, ҳозир йилда бир марта ошяпти. Албатта бу хом ашё нархларининг кўтарилишига боғлиқ.

Ароқ-винони янги нархдан арзонроқ сотганлар катта миқдорда жаримага тортилишидан огоҳлантирилган.

Солиқлар ошади

1 январдан бошлаб йўл жамғармаси солиқ ставкалари ҳам 1 фоиздан 1,4 фоизга, ер солиғи, жисмоний шахслар учун мол-мулк солиғи, сув ресурсларидан фойдаланиш солиғи 1,2 фоизга ошади.

Бензин қимматлайди

1 январдан бошлаб транспорт воситалари учун бензин, дизел ёнилғиси ва газга жисмоний шахслардан олинажак солиқ ставкасини 25 сўмга ошади.

Шунингдек, дизель ва карбюраторли моторлар учун республиканинг ўзида ишлаб чиқариладиган мотор мойи учун акциз солиғи жорий этилиши кутилмоқда.

Тошкентда қаймоқ ранг, вилоятларда сариқ такси

Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Линиядаги таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 18 майда қабул қилган қарори 1 январдан кучга киради.

Қарорда Ўзбекистон шаҳар-қишлоқларида аҳолига транспорт хизмати кўрсатадиган енгил машиналарнинг умумий рангидан тортиб, пешонасидаги чироқ рангигача белгилаб берилган.

Мутахассислар фикрича, қарордан мақсад нолегал таксичиларнинг аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш бозоридан сиқиб чиқаришдир.

Маош ҳам ошади, нагрузка ҳам

1 январдан болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчилари, концертмейстерлари ҳамда раҳбар ходимларининг база тариф ставкалари 20 фоизга ошади.

Айни пайтда тилга олинганларнинг нагрузкалари ҳам ортади: бошланғич синф ўқитувчиларининг (мусиқа ва санъат мактабларининг) бир ҳафталик иш нагрузкаси 16 соатдан 18 соатга, юқори синф ўқитувчилариники (мусиқа ва санъат мактаблари) 20 соатдан 22 соатга кўтарилади.

Сканерингизнинг маркаси борми?

1 январдан бошлаб Ўзбекистонга хориждан келтириладиган уй-рузғор буюмларининг баъзи турларига махсус марка ёпиштириш тартиби кучга киради.

Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақда 12 декабр куни эълон қилган қарори матнида бу талаб тадбиркорлик субъектлари ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш ва контрабанданинг олдини олиш экани айтилган.

Марка ёпиштириладиган товарлар булардир: микротўлқинли печ, кондиционер, музлатгич ёки бошқа турдаги совутгичлар, идиш ювиш машиналари, принтерлар, факс ва сканер аппаратлари, кир ювиш машиналари, чанг ютгич, электр плиталар, DVD-плэйрлар, монитор, антенна ва проекторлар.

Янги Йилнинг Биринчи кунида юз берадиган ўзгаришлар ҳақида Озодлик хабарлари ҳамда Ўзбекистон ҳаётини ёритувчи Интернет ресурслари хабарларига асосланиб ҳикоя қилдик.

Янги йилдан бошланадиган янги ўзгаришлар рўйхатини тўлдириш Сизга қолди¸ азиз муштарий!
XS
SM
MD
LG