Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:10

Жанўзен гувоҳлари тазйиқда қолди


Жанўзенга кирувчилар полиция томонидан текширилмоқда.
Жанўзенга кирувчилар полиция томонидан текширилмоқда.

Жанўзендаги қонли воқеаларни видеотасвирга олган журналист ва оддий фуқаролар ҳуқуқ идоралари босими остида қолган; мустақил мухбирлар шаҳарга киритилмаëтир.

16 декабр куни тинч намойишчилар ҳукумат хавфсизлик кучлари томонидан ўққа тутилганидан бери Манғистау вилоятининг Жанўзен шаҳарчаси ҳам маҳаллий¸ ҳам халқаро жамоатчилик диққатида қолмоқда.

Озодлик мухбирининг Жанўзендан хабар қилишича¸ ҳуқуқ идоралари ходимлари 16 декaбр кунги зўравонликни видеотасвирга олган маҳаллий фуқароларни қидирмоқда¸ аксар жанўзенликларнинг мобил телефонлари текширилмоқда¸ айни пайтда воқеани ëритишга келган мустақил мухбирлар сўроқ қилинмоқда.

Манғистау вилояти Ички ишлар департаменти раҳбари Аманжол Кабиловнинг мухбирларга билдиришича¸ намойишга чиққан нефтчиларга қарата ўт очиш саҳнасининг айнан қайси хонадондан туриб видеотасвирга олингани аниқланган¸ аммо унда яшовчилар топилмаган.

Жанўзенликлардан бирининг Озодликка билдиришича¸ ўқ отилган майдонга туташ уйларда ëппасига қидирув-тинтув бормоқда ва хавфсизлик кучлари фуқаролар мобил телефонидан қонли воқеалар видеотасвирини қидирмоқда.

“Қуролсиз намойишчиларнинг совуққонларча отиб ўлдирилишини ўз мобил телефонига ëзиб олган фуқаролар¸ ҳокимият тазйиқидан қўрқиб¸ даҳшатли видеоëзувларни Интернетга жойлашга ботина олмаëтирлар”¸ деб хабар қилади ўз исми айтилишидан чўчиган жанўзенликлардан бири Озодликка.

27 декабр куни Қозоғистоннинг бошқа минтақаларидан Манғистауга келган мустақил блоггерлар Жанўзенга киритилмади¸ уларга вилоят ҳокимияти расмийлари рўйхатга олинган оммавий ахборот воситаларида ишламагани боис¸ воқеа эпицентрига киришга рухсат йўқлигини билдирган. Айни пайтда¸ айни шундай мақомда бўлган ҳукуматпараст блоггерлар учун Жанўзеннинг очиқ экани айтилмоқда.

Март ойидан бери ўз меҳнат шароитлари яхшиланиши ва иш ҳақлари оширилиши талаби билан иш ташлаш қилиб келган нефтчилар билан ҳокимият эгалари ўртасидаги зиддиятнинг қонли зўравонликка айланиши халқаро майдонда хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Гарчи президент Назарбоев ўт очиш учун жавобгарларни жазолаш ҳақида буйруқ бериб¸ нефт сектори учун маъсул бўлган ўз куëви Тимур Кулибаевни ишдан бўшатган бўлса-да¸ ҳукумат Жанўзендаги зўравонликлар кўламини бостиришга уринмоқда.

Расмийлар 16 декабр кунги зўравонлик оқибатида 16 одам нобуд бўлганини тан олиб турган бир пайтда¸ мустақил манбалар ўлган ва бедарак йўқолганлар сонининг бир неча ўндан кўплигини айтмоқдалар.

16 декабр куни овулдан қизини кўриш учун келиб¸ тасодифан полициячилар қўлига тушиб қолган Бозорбой Кенжабоев сўроқ давомида қўлланилган қийноқлардан вафот этди. Унинг 21 яшар қизи Асем 16 декабр тунда отасини излаб чиқиб¸ ўзи ҳам полициячилар томонидан ушлангани ва полиция бўлинмасида қўлга олинганларга нисбатан даҳшатли қийноқлар қўлланилганига ўзи гувоҳ бўлганини айтади.

- Мени 16 декабр куни соат 10ларда касалхона яқинида отамни излаб юрган пайтимда қўлга олишди. Машинага солиб Ички ишлар бошқармаси биносига олиб келишди Ўша куни кўчадагиларнинг ҳаммасини ушлаб полиция бўлинмасига олиб келишди.

Мен бу ерда ярим соатча ўтириб¸ даҳшатли воқеаларга гувоҳ бўлдим. Одам ниҳоятда кўплигидан¸ ертўланинг қоронғу эканидан кимнинг кимлигини илғаш жуда қийин эди. Менинг ëнимда 5-6та қиз бор эди¸ Кийимлари бутунлай ечиб ташланган бу қизларга ўтиришга рухсат йўқ эди. Бурчакда ҳам яна бир неча қиз бор эди. Юзига ниқоб тутганлар тўқмоқ ва камарлар билан уларнинг тиззаларига уришар эди¸ дейди ҳозирда Жанўзендаги фожеий воқеаларни тафтиш қилиш учун тузилган жамоатчилик қўмитасига қўшилган Асем Кенжабоева.

Жанўзендаги зўравонликлар акс этган видеолар асосида уларга баҳо бераëтган қозоғистонлик мустақил ҳуқуқшунослар¸ бу ерда инсониятга қарши жиноят содир этилганини айтмоқдалар.

- Бунга амин бўлиш учун Қозоғистон Конституциясини очиб кўришнинг ўзи кифоя. Биринчи банддаëқ инсон¸ унинг ҳаëти ва унинг яшаш ва озод бўлиш ҳаққи энг олий қадрият сифатида тан олинган. Қозоғистон фуқаросининг ҳаëти¸ Конституцияга кўра¸ энг олий даражада ҳимояланиши лозим¸ дейди Қозоғистон парламентининг собиқ депутати¸ Олмаотадаги Юридик корпорация ҳуқуқшуноси Александ Перегрин.

Жанўзенда қуролсиз намойишчиларга қарши ўт очилиши юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказилишини талаб қилаëтган халқаро ташкилотлар¸ хусусан Ҳюман Райтс Уотч Қозоғистон раҳбариятидан 16 декабр воқеаларига алоқадорлик юзасидан қўлга олинганларга нисбатан қўлланилаëтган қийноқларни зудлик билан тўхтатишни кафолатлашни сўради.
XS
SM
MD
LG